Сурхондарё вилояти: Бунёдкор эл шижоати
  • 22 Апрель 2016

Сурхондарё вилояти: Бунёдкор эл шижоати

Сурхондарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга доир манзилли дастурлар ҳудудни ҳар томонлама равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар узлуксизлигини ўзида яққол ифода этиб, воҳа аҳли кучига куч, ғайратига ғайрат, шижоатига шижоат қўшмоқда. 

Ҳозирги кунда бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг кўлами кенг, суръати юксак. Энг муҳими, ана шу беқиёс янгиланишлар одамларни эзгу мақсадлар атрофида жипслаштириб, кўнгилларида фахру ифтихор, қувончу сурур ҳисларини жўш урдираяпти, эртанги кунга бўлган ишончини  янада мустаҳкамлаётир. 

Вилоят маркази — Термиз шаҳридаги ўзгаришларни айтмайсизми?! Унинг бугунги -жамолини кўриб кўз қувнайди. Ҳар маҳаллада — қурилиш, ҳар гузарда — кўкаламзорлаштириш. Хонадонлардаги тотувлик, барака бутун кентга файзу тароват бахш этиб тургандек, гўё. 

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Термизда замонавий шаҳарсозлик анъаналарига мос кўплаб ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилди. Аэропорт, темир йўл вокзали модернизация қилинди. Султон Саодат, Навоий, Истиқлол, Баркамол авлод кўчаларида муҳташам тураржойлар қад ростлади. Ҳудуд марказида жаҳон андозаларига мос янги деҳқон ҳамда буюм бозорлари фойдаланишга топширилди. Албатта, буларнинг барчаси — халқимиз турмуш фаровонлиги, саодати, ёрқин келажаги учун! Зеро, келгуси авлодларга биздан озод 

ва обод Ватан қолсин, деб таъкидлайди Юртбошимиз. Янгидан қурилган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, “Сурхон” спорт мажмуаси, Ёшлар маркази, “Бахт уйи” каби иншоотларда яратилган қулайликлар мисолида бунга яна бир карра иқрор бўламиз. Қолаверса, ўтган йили шаҳарнинг шимолий қисмида ёш оилалар учун 64 хонадондан иборат “Камолот” уйи қурилиб, эгаларига топширилди. Ҳадемай, бундай бахтдан масрур ёш оилалар сони яна икки баробар ортиши кутилаяпти. Шу билан бирга, Термиз давлат университети янги қиёфа касб этди, унинг ҳудудида кўп қаватли ўқув бинолари, спорт мажмуаси, ахборот-ресурс маркази, 400 ўринли талабалар тураржойи барпо қилинди. Айни пайтда университет қошида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан, “Амударё” спорт-соғломлаштириш маркази ҳам бунёд этилаяпти. 

Президентимизнинг 2015 йил 22 майдаги қарори асосида тасдиқланган 2015 — 2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури  Термиздаги янгиланишларни навбатдаги босқичга кўтармоқда. Шунга мувофиқ, ҳудуд қиёфасига мос яшил майдонлар, хиёбонлар, автомобиль йўлларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий соҳа ҳамда бозор инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, экологик муҳитни яхшилаш, уй-жой фондини кенгайтириш борасида яхлит чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилаётир.

Муҳими, уларнинг ҳар бири маҳаллий иқлим шароитлари, санитария ҳамда хавфсизлик талаблари, аҳоли турмуш тарзи ва яна кўплаб мезонлар ҳисобга олинган ҳолда, замонавий технологиялар, сифатли қурилиш материаллари асосида тикланаяпти. Кўп қаватли иморатлар ҳовлисида боғ ҳамда хиёбонлар, гулзорлар, фавворалар, болалар ўйин майдончалари ташкил этилаётир. Қисқаси, аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур барча қулайлик муҳайё қилинмоқда. 

Эътиборлиси, эзгу ишлар дебочаси ҳозирданоқ кўҳна шаҳар чиройига чирой қўшиб, уни янада яшнатиб, яшартириб юборди. Эрамизгача бўлган V асрда асос солинган Термиз истиқлолдан кейинги ўтган қисқа давр — йигирма беш йил ичида асрларга татигулик ўзгаришларга юз тутаётир. Бу эса, ўз навбатида, дунё аҳли, чет эллик олимлар, экспертлар ва сайёҳлар эътиборини жалб этаяпти. Натижада уларда бу гўзал кентни келиб кўришга бўлган иштиёқ тобора кучайиб бормоқда. Ҳар йили шаҳарга Франция, Япония, Германия, Хитой, Италия, АҚШ, Швейцария, Ҳиндистон, Швеция каби мамлакатлардан кўплаб меҳмонлар ташриф буюраётгани сўзимиз тасдиғидир. Зеро, истиқлол шарофати билан тарих тилсимлари яширинган қадамжолар эшиклари улар учун кенг очилиб, кўҳна битиклари, осориатиқаларидан баҳра олиш имконини берди. Пировардида замонавий меҳмонхоналар, кемпинглар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, туризм объектлари сони йилдан-йилга кўпаймоқда. 

— Ҳукуматимиз томонидан 2014 — 2016 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича тасдиқланган мақсадли дастурга кўра, ҳозир вилоятда 16 та тарихий-маданий ёдгорлик мукаммал таъмирланаяпти, — дейди “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг вилоятдаги вакили Шуҳрат Ибрагимов. — Уларнинг ўнга яқини айнан Термиз атрофида жойлашган. Қоратепа, Қирққиз, Кокилдорота, Султон Саодат, Зурмала, Фаёзтепа, Кампиртепа, Саид Оталиқ мадрасаси, Жарқўрғон минораси ва бошқа ноёб архитектура иншоотларининг асл қиёфасини тиклаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Туризм инфратузилмаси босқичма-босқич такомиллаштирилиб, шаҳар меҳмонларига маданий, транспорт, савдо, ахборот хизматлари кўрсатиш тизими тубдан яхшиланаяпти, тарихий иншоотлар жойлашган манзиллардаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари модернизация қилинмоқда. Денов, Термиз, Қумқўрғон, Узун ва бошқа туманларда замонавий меҳмонхоналар қурилиб, “Термиз — Денов”, “Термиз — Бойсун” ва “Термиз — Музработ” янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этилди. Экотуризм, этнотуризм ривожлантирилиб, саёҳатлар дастури бойитилаётир. 

Юртга меҳр-муҳаббат, мустақиллик неъматлари учун шукроналик туйғуларига йўғрилган фаровонлик, бунёдкорлик, яратувчанлик туйғуси кўкламнинг айни шу паллаларида янада авжига чиқиб, мамлакатимиз жанубидаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари суръати, унда астойдил енг шимариб, белини маҳкам боғлаб иштирок этаётган фидойи инсонларнинг кўтаринки руҳию мамнун қиёфаларида яққол намоён бўлаётир. 

Қадимий обидалар билан ёнма-ён барпо этилаётган замонавий меъморчилик иншоотлари, кўркам боғу роғлар, кенг ва равон кўчалар...  Буларнинг сеҳру салобати, ҳусну жозибаси ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Зотан, муаззам Термизнинг бугунги қиёфаси ана шундай!

 

Гулбаҳор ТАНГИРОВА.

Шомурот ШАРАПОВ ва Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn