Оила мустаҳкам бўлса — жамият барқарор
  • 22 Апрель 2016

Оила мустаҳкам бўлса — жамият барқарор

Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири оналик ва болалик муҳофазасидир. Жорий йилда у янада жадал суръат ҳамда кенг кўлам касб этмоқда. Президентимиз томонидан тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури бу борада асос бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжатда кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда айни соҳада қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш устувор вазифалардан қилиб белгиланган.

Оила, оналик ҳамда болаликни муҳофазалашнинг ҳуқуқий пойдевори, бу соҳада ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари, уларнинг моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, эрта никоҳ ҳамда ажрашишларга йўл қўймаслик, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикка тўлиқ қамраб олиш бўйича бажарилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари бошқармаси бошлиғи Дилбаҳор ЁҚУБОВА мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди: 

— Ҳар қайси миллат маънавиятини шакллантириш ҳамда юксалтиришда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки энг соф ҳамда покиза туйғулар, ҳалоллик, ростгўйлик, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби инсоний фазилатлар, энг аввало, оила шароитида -камол топади. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга муҳим ижтимоий вазифа сифатида эътибор қаратилгани замирида ҳам ҳар томонлама соғлом, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқатли авлодни -тарбиялаш мақсади мужассамдир.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз Конституциясида оила ҳамда оилавий муносабатлар муҳофазаси ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Асосий Қонунимизда “Оила” боби мавжуд бўлиб, унда оила жамият ва давлат ҳимоясида экани, никоҳнинг ихтиёрийлик ҳамда тенг ҳуқуқлиликка асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги кўрсатилган. 1998 йилда қабул қилинган Оила кодекси ҳамда оила институтини ривожлантиришга қаратилган -бошқа қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари замирида айнан ана шу тамойил ва қоидалар ўз ифодасини топган. 

Масалан, Оила кодексида никоҳ шартномаси институти, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, оилавий муносабатларда маҳаллий урф-одат ҳамда анъаналарнинг қўлланилиши, қон-қардошлик, болаларнинг насл-насабини белгилаш, алимент тўлашга оид мажбуриятлар сингари қатор қоидалар жамланган. 

Она ва бола манфаатларининг ҳуқуқий ҳимояси уларнинг саломатлигини асраш, моддий ҳамда маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аёлларга зарур шароитларни яратишга асосланади.

Соғлом она ва бола йилида  “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси доирасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Амалиётга изчил татбиқ этилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, бир неча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланаяпти. Хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тартибга солувчи механизмларни такомиллаштириш мақсадида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ёшлар (кам таъминланган ёш оилалар)ни қўллаб-қувватлашни янада кучайтиришга доир нормалар, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида болаларнинг соғлом оилада яшаш ҳамда тарбия олиш ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бундан ташқари, Жиноят кодексига фарзанди уч ёшга тўлмаган аёлларга (бола тарбияси учун таътилга чиқишидан қатъи назар) нисбатан жиноят қонунчилигини янада эркинлаштириш, уларни ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайдиган шахслар тоифасига киритишга қаратилган тузатишлар киритиш, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси Қонунига таркибида модификациялаштирилган организмлар бор бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келиш ва истеъмол қилишни чеклашга, шунингдек, болалар овқатида генетик модификациялаштирилган организмларни қўллашга тақиқ жорий этишга йўналтирилган қонун лойиҳалари кўзда тутилаётир. 

Албатта, оиланинг мустаҳкамлиги, ундаги соғлом муҳитнинг барқарорлиги, сўзсиз, фарзандлар камолотига хизмат қилади. Ва аксинча, оиладаги носоғлом муҳитнинг асосий жабрланувчилари ҳам кўпинча болалар бўлади. Таҳлиллардан кўринадики, оилавий низоларнинг аксарияти эрта никоҳ туфайли юзага келаётир. Бинобарин, ҳали мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган, ўз қизиқиши ва лаёқатига кўра бирор касб-ҳунарни эгалламаган ёш қизларнинг зиммасига оила масъулиятини юклаб қўйиш оилавий муносабатларнинг дарз кетиши, гоҳида жисмоний ҳамда ақлий жиҳатдан ривожланмаган болаларнинг туғилиши каби нохуш оқибатларга олиб келади. Маълумки, 2013 йил 30 апрелда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун мана шундай ҳолатларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, никоҳ муносабатларига киришишда қонунда кўрсатилган никоҳ ёшига амал қилмаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. 

Жойларда адлия органлари шу каби қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини, миллий қонунчилигимиздаги оила институтига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчаларни, бу борада фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва мажбуриятларини аҳолининг кенг қатламига етказиш, мустаҳкам, соғлом оилалар вужудга келиши учун ёшларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини, масъулиятини юксалтириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. ФҲДЁ органлари томонидан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Ёш оила қурувчилар мактаби” машғулотлари йўлга қўйилган бўлиб, ўтган йили мазкур машғулотларга 315 мингга яқин ёшлар жалб қилинди. Бундан ташқари, ФҲДЁ органлари қошидаги “Оила дорилфунуни” сабоқларида 350 мингдан зиёд, жумладан, 221 минг 242 нафар никоҳланувчи шахс қатнашди. “Соғлом оила — мустаҳкам оила” тамойили асосида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 2 минг 400 дан ортиқ эрта никоҳлар ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги 2 мингдан зиёд никоҳларнинг олди олинди. 

 Шу ўринда бугун ёшларимиз никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш соғлом оила барпо этишнинг гарови эканини чуқур англаб етаётганини таъкидлашни истардик. Никоҳдан ўтиш учун ариза берган фуқароларимиз (асосий қисми 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган йигит-қизлар)нинг деярли барчаси ўз хоҳиш-иродаси, ихтиёри билан тиббий кўрикдан ўтиб, шифокорлар хулосасини олишаётгани, ўзи ва бўлғуси турмуш ўртоғининг саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлгани ҳолда, никоҳни расмийлаштираётгани ёшларимизда соғлом оила қуриш, соғлом насл қолдириш масъулияти юксалиб бораётганини кўрсатади.

Ўтган йили республикамиздаги ФҲДЁ органлари томонидан 600 мингга яқин никоҳланувчи шахсларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилди. Умуман олганда, никоҳдан олдинги тиббий кўрик келгусида бефарзандлик ёки йигит ёхуд қизнинг саломатлиги билан боғлиқ нохушликлар боис келиб чиқиши мумкин бўлган ажрашишларнинг камайишида муҳим ўрин тутмоқда. 

Соғлом бола соғлом оилада туғилади, камолга етади. Юртимизда оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, ёш авлод бахту иқболига қаратилган.  Зеро, оналар ва болалар соғломлиги, оила институтининг ривожланиши давлатнинг, жамиятнинг салоҳиятини ҳамда истиқболини белгилайди.

 

Фарида МАҲКАМОВА

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn