Ватанга муносиб фарзандлар
  • 22 Апрель 2016

Ватанга муносиб фарзандлар

Қорақалпоғистон Республикасида мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур акция доирасида сенаторлар, депутатлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, спортчи ҳамда санъаткорлар, иқтидорли йигит-қизлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказилди. 

Тадбирларда сўзга чиққанлар юртимизда жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал салоҳиятли авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар юксак самаралар бераётганини таъкидлашди. 

Бинобарин, ушбу фестиваль ҳам ёшларни ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий-маърифий ислоҳотлар, ҳаётимизда рўй бераётган демократик ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништириш, уларда дахлдорлик туйғусини кучайтириш орқали “оммавий маданият” ҳамда бошқа иллатлар таъсиридан асраш, қалбида Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини кучайтиришга қаратилган.

— Фестиваль доирасида Амударё, Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа, Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Кегейли ҳамда бошқа шаҳару туманларда депутатлар, тадбиркорлар, ёш олимлар, шоиру ёзувчилар, актёрлар, спортчилар иштирокида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Абатбай Данияров. — Хусусан, “Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” лойиҳаси асосида спорт мусобақалари, “Сиз севган қаҳрамонлар” ва “Замонамиз қаҳрамонлари” мавзуларида таниқли ижодкорлар ҳамда эстрада хонандалари билан учрашувлар, “Одам савдоси — давр муаммоси” мавзуида турли маънавий-маърифий мулоқотлар, давра суҳбатлари уюштирилди. “Нуронийлар эъзозимизда” деб номланган акцияда уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиниб, уларнинг уй юмушларига кўмаклашилди.

Мўйноқ туманидаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган  “Ёшлар жонли ижро тарафдори” лойиҳасида таниқли хонандалар, ёш ижрочилар томонидан дилрабо куй-қўшиқлар янгради. Қизғин мунозаралар, савол-жавобларга бой бўлган тадбир сўнгида мусиқа мактабининг фаол ўқувчиларига “Камолот” кутубхонаси” туркумида чоп этилган бадиий асарлар тақдим қилинди. 

Фестиваль доирасида Нукус шаҳрида Ёшлар марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

— Бу ердаги шарт-шароитларни кўриб, жуда қувондик, — дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби Парахат Жолдасбаев. — Давлатимизнинг бундай юксак ғамхўрлиги бизни янгидан-янги марралар сари чорлайди.

“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивалининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи Нукус шаҳри марказидаги “Турон” стадионида бўлиб ўтган гала-концерт билан ниҳоясига етди. 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М. Ерниязов сўзга чиқди.

 

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn