Cоғлом, дунёқараши кенг, иродаси мустаҳкам
  • 21 Апрель 2016

Cоғлом, дунёқараши кенг, иродаси мустаҳкам

Мамлакатимизда навқирон авлодни ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бу борада замонавий мактабларда яратилган шарт-шароитлар, энг илғор ўқув ускуналари, ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни қанчалик муҳим бўлса, спорт ҳамда жисмоний тарбиянинг роли ҳам шу қадар аҳамиятлидир. Зеро, спортга ошно тутиниш, у билан мунтазам шуғулланиш кишини нафақат жисмонан чиниқтиради, балки маънавий ва руҳий жиҳатдан ҳам тоблайди.

Шу маънода, юртимизда Президентимиз ташаббуси билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши фарзандларимизнинг жасур, мард, соғлом ва фидойи инсонлар сифатида камолга етишига мустаҳкам замин яратди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бинобарин, Жамғарма фаолияти йўлга қўйилганидан буён ўтган вақт мобайнида мамлакатимизнинг барча ҳудудида юзлаб спорт иншоотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилдики, бу Ўзбекистондаги ҳар бир ўғил-қиз юксак -ғамхўрлик ҳамда меҳр оғушида эканлигини ифодалайди. 

Чунончи, Андижон вилоятининг шаҳар ва туманлари, энг чекка қишлоқларида ҳам қад ростлаган ана шундай кўркам спорт мажмуаларидан кўз қувонади, дилда ғурур уйғонади. Биз мазкур вилоятда бўлиб, мураббий ҳамда мутахассислар, ўғли ёки қизалоғининг спортга нисбатан меҳрини рағбатлантириш мақсадида ушбу йўналишдаги масканларга ошиқаётган ота-оналар билан суҳбатлашдик.

— 2003 — 2015 йилларда жами 176 та иншоот янгидан қурилди ва тубдан таъмирланди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Андижон вилояти филиали директори Неъматулло Абдураҳмонов. — Жумладан, 12 та V тип, 2 та II тип, 2 та индивидуал типдаги болалар спорт мажмуаси, 4 та болалар спорт майдончаси, 86 та спорт зали, 25 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 18 та сузиш ҳавзаси ҳамда 27 та спорт иншооти навқирон авлод ихтиёрида. Эътиборлиси, Жамғарма томонидан барпо этилган иншоотларнинг 87 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келади. Жорий йилда эса 22,5 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига вилоятдаги 23 та иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Болажонларимиз учун жаҳон андозаларига мос шароит-ларни яратиш, уларнинг бақувват ва соғлом вояга етишларини таъминлашга хизмат қилувчи бундай масканлар ҳар доим гавжумлигидан жуда хурсандмиз. Айниқса, фарзанди ёки набирасини етаклаб сузиш ҳавзаларига, футбол майдонларига келаётганларнинг сафи тобора кенгайиб бораётгани диққатга сазовор. Зеро, бу истиқлол туфайли уларнинг дунёқараши ўзгариб бораётганидан, бугунги бунёдкорликдан ғурурланиш туйғуси жўш ураётганидан далолатдир. 

Асака туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тасарруфидаги сузиш ҳавзаси, теннис майдонлари ҳамда спорт мажмуалари замонавий талабларга тўлиқ мос келади. Ёпиқ типда 25х11 метр ҳажмда сузиш ҳавзаси қурилиб, фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳолисига муносиб туҳфа бўлди. Айни пайтда бу ерга 420 нафар ўқувчи-ёш мунтазам қатнаяпти. Бундан ташқари, 50 га яқин болалар ўз саломатликларини мустаҳкамлаш мақсадида сузиш машғулотларида иштирок этаяпти. 

— Ёшлигимизда бундай қулайликлар ҳақида орзу ҳам қилиб бўлмас эди, — дейди Асака тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Адҳамжон Хўжаев. — Замонавий стадионлардан фойдаланаётган, бежирим либосларни кийиб, спортнинг бир нечта турлари билан шуғулланаётган бугунги авлодга қараб, ҳар қанча ҳавас қилсак, арзийди. Тўғри, уларнинг ҳаммаси чемпион ёки машҳур бўлмас, аммо жисмоний тарбияни кундалик одатга айлантириш саломатлик кафолатидир. Мана шу муҳим ҳақиқатни бугун ота-оналар, маҳалла фаоллари англаб етаётгани — энг катта ютуғимиз. Кези келганда, бир мисолни айтиб ўтай. Бундан икки ой бурун ёнимизга эр-хотин келиб, ўн ёшли қизининг умуртқа поғонасида нуқсон борлигини, шифокорлар эса сузиш билан мунтазам шуғулланиши кераклигини маслаҳат беришганини билдиришди. Ўша кунданоқ мураббийларимиз шу қизча билан машғулот ўта бошлашди. Яқинда шифокорлар уни текшириб, аҳволи яхшиланаётганини таъкидлашди. Биз бу хушхабарни қизалоқнинг ота-онасига етказдик. Уларнинг қувончдан боши осмонга етганини бир кўрсангиз эди?! Қаранг, шундай шароит бўлмаганда, ёш қизчанинг аҳволи қандай кечарди? Гап шундаки, буларнинг барчаси мамлакатимиздаги жамики ёшларнинг Юртбошимиз томонидан: “Менинг болаларим” деб ардоқланаётганлиги туфайлидир. Бундай эъзоз ва улкан ғамхўрлик қайси юртда бор?!

Чиндан ҳам, вилоятда болалар спортини оммалаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2005 йилда мактаб ёшидаги мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 53,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йилда бу рақам 64,4 фоизга етди. Яъни ўтган давр мобайнида 6 — 15 ёшдаги ҳар 100 минг нафар бола ҳисобига ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш 30,7 фоиз камайиб, 7 — 14 ёшли ўғил болаларнинг бўйи ўртача 4 сантиметр, қизларнинг бўйи эса 3,3 сантиметр ўсган. 

— Ўсмирларни спортга қизиқтириш ва жалб этишда мураббийларнинг ўрни беқиёс, — дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Андижон вилояти филиали мутахассиси Музаффар Мамадинов. — Шу маънода, бугунги кунда ҳудудимизда жами 10 нафар мураббийга эҳтиёж борлиги аниқланиб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институти, Андижон давлат университети ҳамда Андижон олимпия захиралари коллежини битираётган мутахассислар ишга жалб қилинмоқда. Умуман, болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган бу каби юксак эътибор натижасида 2015 йилда вилоятнинг 10 минг 551 нафар ёш спортчиси 284 та халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашиб, 1 минг 996 та медални қўлга киритди. Бундан ҳар биримиз фахрланамиз, албатта. 

Табиийки, бундай юксак марраларни қўлга киритаётган болалар миллионлаб Ўзбекистон ёшларининг муносиб вакилларидир. Азму шижоати баланд ўғил-қизлар бу каби ютуқлари билан минг-минглаб тенгдошларига ибрат бўлмоқда, уларни катта мақсадлар йўлида руҳлантирмоқда. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, спорт билан мунтазам шуғулланиш болаларимиз, ёшларимизнинг соғлом қарашларини шакллантиради ва иродасини тоблайди, уларнинг мард ҳамда жасур инсонлар бўлиб камол топиши, турли-туман синов ва қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга қодир бўлиши учун мустаҳкам замин яратади.

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn