Электрон давлат хизматлари кўрсатиш кўлами кенгаймоқда
  • 21 Апрель 2016

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш кўлами кенгаймоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда давлат органлари расмий веб-сайтларини ҳамда электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбирда “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг қоидаларини амалиётда қўллаш, давлат органларининг расмий веб-сайтларини яратиш ва маълумотларни янгилаб бориш, шунингдек, электрон давлат хизматлари кўрсатишни тартибга солиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 

Таъкидланганидек, давлат органлари ахборот тизимларининг самарадорлигини таъминлашда расмий веб-сайтлар ҳамда электрон давлат хизматлари инфратузилмасини кенгайтириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, расмий веб-сайтлардан фойдаланиш кенг жамоатчиликни хабардор қилишнинг самарали усулидир. Айни пайтда электрон давлат хизматларидан фойдаланиш давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятида кенг тарқалиб бораётган замонавий тажриба ҳисобланади.

Айни пайтда Қонун талабларига мувофиқ, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг давлат тилидаги веб-сайтлари мавжуд бўлиб, уларнинг 50 фоизидан кўпроғи фойдаланувчиларга инглиз тилида ҳам ахборотлар тақдим қилиб келади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг 114 та веб-сайтидан 90 таси  фойдаланишда қулайлик яратиш ҳамда илғор технологик талабларни инобатга олган ҳолда, ўзларининг мобиль шаклларини жорий этган, 92 тасида эса рўйхатга олишни янгилаб бориш имконияти бор. Бу, ўз навбатида, фойдаланувчиларга тегишли давлат органларидан долзарб маълумотларни автоматик равишда қабул қилишга кўмаклашади.

Сўнгги вақтларда давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш кўлами кенгаймоқда. 2016 йилнинг биринчи чорагида давлат органларининг расмий веб-сайтлари орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларининг умумий сони 1244 тага етган. Шу билан бирга, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 269 турдаги электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти таъминланган.

Семинар давомида иштирокчилар интернет орқали давлат органларининг расмий веб-сайтларидаги давлат хизматлари ҳамда ахборотлардан фойдаланиш имконини оптималлаштиришни амалга оширишнинг таркиби ва мазмунига қўйиладиган  қонунчилик талаблари билан танишдилар. Уларга давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотни кенг жамоатчиликка етказишда расмий веб-сайтлардан фойдаланиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича зарур -услубий тавсиялар берилди.

Ўз навбатида, мутахассислар ҳамда IT-бўлинма раҳбарлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизмати ходимлари “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ҳамда такомиллаштириш жараёнларида қонунлардаги қоидаларни татбиқ қилиш, яратиладиган идоравий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини бир хиллаштириш ҳамда интеграциялашни ягона архитектурага келтиришни таъминлаш юзасидан батафсил маълумотга эга бўлдилар. 

Тадбирда, шунингдек, электрон давлат хизматларини кўрсатишда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Якунда амалдаги қонунчиликка мувофиқ, электрон давлат хизматларини татбиқ этиш жараёнларини оптималлаштириш ва давлат органларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича зарур таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn