Дастурий вазифалар ижроси
  • 21 Апрель 2016

Дастурий вазифалар ижроси

қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда муҳим ўрин тутаяпти

Мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқлари, шу жумладан, аграр секторни модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда, табиийки, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга устувор аҳамият берилаётгани муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан “Мелиорация — ҳосилдорлик гарови” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида шулар хусусида батафсил сўз юритилди. 

Дунёда аҳоли сони шиддат билан ўсаётган, иқтисодиёт жадал суръатлар билан ривожланаётган ҳозирги шароитда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ҳам тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Шундай экан, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экин майдонлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали ҳосилдорликни ошириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бинобарин, юртимизда экин майдонларини соз ҳолатга келтириш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш, ерларнинг шўрланиш даражасини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгаймоқда. Бунда Президентимизнинг 2007 йил 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлаяпти. Ушбу ҳужжат асосида Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг  мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, мазкур йўналишда фаолият юритувчи ташкилотларга замонавий мелиорация техникаси ва асбоб-ускуналар етказиб бериш мақсадида “Ўзмелиомашлизинг” лизинг компанияси, мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган 48 та давлат унитар корхонаси ташкил этилди. Натижада ўтган даврда 2 миллион гектардан зиёд суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражасида ушлаб турилиб, улар мелиоратив ҳолати ёмонлашувининг олди олинди. Шунингдек, кучли шўрланган майдонлар 36 минг гектарга, ер ости сизот сувлари сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар эса 257,3 минг гектарга камайтирилди. Энг муҳими, бундай тадбирлар амалга оширилган ерларда пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 3-4 центнер, бошоқли дон экинлари эса 4-5 центнер ошди. 

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 19 апрелдаги қарори асосида қабул қилинган 2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Давлат дастури доирасида тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлиги пасайишига сабаб бўлувчи омилларга барҳам бериш юзасидан кўрилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли шу давр ичида 1 миллион 130 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди. 

Жорий йилнинг уч ойида эса мелиоратив объектларни реконструкция қилиш ва қуриш бўйича 26 млрд. 23,5 млн. сўмлик иш бажарилиб, 151,4 километрлик очиқ ва 35,5 километрлик ёпиқ-ётиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 3 та вертикал қудуқ, битта гидротехник иншоот, 24 та мелиоратив кузатув қудуғи реконструкция қилинди. Буларнинг барчаси, пировардида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги сезиларли даражада ортишига, деҳқонларимиз даромади янада кўпайиб, халқимиз турмуш фаровонлиги бундан-да юксалишига хизмат қилиши айни муддаодир.

 

Д. ЖУМАБОЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn