Фахр, ғурур ва шукрона
  • 19 Апрель 2016

Фахр, ғурур ва шукрона

Аввал хабар қилганимиздек, Бухорода “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Маданият ва маърифат ўчоғи саналган бу кўҳна воҳанинг шаҳар ҳамда туманлари, энг чекка гўшалари уч кун давомида ўзига хос байрам оғушида бўлди. Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаб ташкил этилган мазкур тадбир барча бухороликлар, айниқса, ёшлар қалбига бир олам завқу шавқ бағишлади, уларнинг она-юртга меҳр-муҳаббатини кучайтирди, келажакка ишончини янада мустаҳкамлади. 

— Фестивалнинг “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” лойиҳаси доирасида Ромитан туманида ўтказилган анжуманда қатнашиб, катта таассурот олдим, — дейди -таэквондо (ITF) бўйича республика ва халқаро миқёсдаги кўплаб мусобақалар совриндори Шаҳрон Аъзамов. — Халқимизнинг севимли санъаткорлари, таниқли актёрлар, ижодкорлар билан юзма-юз мулоқот қизиқарли кечди. Учрашувларда тенгдошларимизга қарата: “Спорт билан мунтазам шуғулланинг. У сизни ҳар томонлама соғлом вояга етишингизга кўмаклашади. Ҳаётда ҳеч қачон адашмайсиз”, дея мурожаат қилдик.

Фестиваль доирасида Бухоро давлат мусиқали драма театрида “Тебранмас юраклар” спектакли намойиш этилди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг “Жайҳун” театр-студияси актёрлари ижросида саҳна юзини кўрган мазкур спектакль катта тарбиявий аҳамиятга эгалиги билан томошабинларга маъқул тушди.

Республика тарғибот гуруҳи аъзоларининг Вобкент туманидаги учрашувлари ҳам ёдда қоларли бўлди. Бир қатор лойиҳалар ҳудуд аҳлининг фаол иштирокида ўтди. Айниқса, “Нуронийлар эъзозимизда” деб номланган тадбир доирасида кексалар ҳолидан хабар олинди. Бундай савобли ишдан уларнинг кўкси тоғдек кўтарилди.

— Тўқсон ёшдаман, — дейди Ҳомид Турсунов. — Биз тенги авлод уруш даҳшатларини, қаҳатчилик йилларини бошдан кечирди. Бугунги тинч ва фаровон ҳаётни, бозорларимиздаги файзу баракани  кўриб, дилдан шукроналар айтамиз. Ёшларга насиҳат қилганда, “Бу кунларнинг қадрига етинглар, юртимизга муносиб фарзанд бўлинглар”, дея уқтирамиз.

—  Фестиваль доирасидаги тадбирлар ўзига хослиги, бир-бирини такрорламаслиги ва вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олгани билан айни муддаодир — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Умида Раҳмонова. — “Депутат ва ёшлар”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, -“Ватанимга хизмат қиламан!” каби лойиҳалар эртамиз эгалари учун миллий қадриятларимизни эъзозлаш, мақсад сари дадил интилиш, она-Ватан қадрини теран ҳис қилиш нуқтаи назаридан жуда фойдали бўлди.

Иштирокчиларнинг қай бири билан суҳбатлашмайлик, шу мазмундаги сўзларни эшитдик. Дарвоқе, ёшлар байрамида энг фаол қатнашган истеъдодли йигит-қизлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. Фестиваль “Бухоро” марказий стадионида ташкил этилган “Мустақиллик фарзандлари” деб номланган гала-концерт билан якунланди.

Фестивалнинг ёпилиш маросимида вилоят ҳокими М. Эсанов сўзга чиқди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn