Замонавий инфратузилма иншоотлари
  • 16 Апрель 2016

Замонавий инфратузилма иншоотлари

сайёҳлик соҳаси ривожида муҳим омил бўлмоқда

Сайёҳлик — жаҳон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири. Мамлакатимизда ҳам бу соҳа жадал ривожланмоқда. Туристик йўналишлар кенгайиб бораётгани, замонавий меҳмонхоналар қурилиб фойдаланишга топширилаётгани, тизим учун малакали кадрлар тайёрланаётгани шулар жумласидандир. Буни сайёҳлик салоҳияти юқори саналган вилоятимиз мисолида ҳам кўриш мумкин.

Айтиш жоизки, Бухорога ҳар йили ўртача 115 минг нафардан зиёд хорижлик меҳмонлар ташриф буюраяпти. Уларга кўрсатилаётган ялпи хизматлар ҳажми йилига ўртача 13 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилмоқда. Айниқса, истиқлол йилларида чет элликларнинг қадимий воҳамизга қизиқиши ҳар қачонгидан-да кучайди. Бу эса, табиийки, инфратузилмани такомиллаштиришни тақозо этади. Ана шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Ҳозир вилоятимизда  ўттиз бешдан зиёд туристик фирмалар фаолият кўрсатаётган бўлса, меҳмонхоналар сони салкам юзтани ташкил қилмоқда. Ваҳолонки, бундан 25 йил муқаддам сайёҳлар учун атиги иккита меҳмонхона мавжуд эди.

Шубҳасиз, меҳмонларни, биринчи галда, халқимизнинг бой маданий мероси, осориатиқалари, тарихий обидалари қизиқтиради. Шу нуқтаи назардан, юртимизда қадимий ёдгорликларнинг кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келинаётгани, миллий ҳунармандчилик равнақ топаётгани, манзиллар обод этилаётгани, хизмат кўрсатиш сифати ошаётгани айни муддао. Яна бир мисол. Яқинда  шаҳримизнинг қадимий Шайх Жалол дарвозаси ёнидаги кўҳна қалъа деворлари олдида сайёҳларга мўлжалланган миллий чойхона қурилиб фойдаланишга топширилди. “Шам” деб номланган ва ўтов шаклида барпо қилинган мазкур экзотик масканда 20 га яқин турдаги миллий таомлар тайёрланади. Вилоят ҳокимлигининг тегишли дастурига мувофиқ, йил охиригача урф-одатларимиз, анъаналаримизни ўзида мужассамлаштирган ўн бешга яқин ана шундай кўнгилочар масканлар бунёд этилади.

Дарвоқе, келгусида экотуризм, агротуризмни ривожлантириш,  сайёҳлар учун қадимий Варахша, Пойкент шаҳарлари бўйлаб йўналишлар ташкил қилиш ҳам режалаштирилган. Агар Бухорода юксак деҳқончилик маданияти шаклланганини, “Жайрон” экомаркази, бой табиати билан ажралиб турадиган саҳро ва чўллар, кўплаб кўллар мавжудлиги назарда тутилса, экотуризм маршрутлари ҳам истиқболли эканлиги -ойдинлашади.

Бинобарин, биз нуфузли туристик фирмалар ҳамда ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, вилоятимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш тадбирларини кўраяпмиз. -Халқаро ярмаркаларда фаол қатнашиб, соҳа мутахассислари эътиборини юртимизнинг туристик салоҳиятига қаратмоқдамиз. Шу маънода, Бухорода ташкил этилаётган анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивали катта аҳамиятга эга. Жорий йилнинг май ойи охирида ўтказилиши кўзда тутилаётган мазкур тадбирда ЮНЕСКО ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, чет эллик мутахассислар қатнашади. Шу муносабат билан кўҳна шаҳарда айни кунларда кенг қамровли ободонлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Боғу хиёбонлар ҳамда марказий кўчалар бўйларига манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бир миллион тупдан зиёд мавсумий гул ниҳоллари экилди. Қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган, илм-маърифат маскани сифатида донг таратган Бухорои шарифни янада файзли ҳамда кўркам гўшага айлантириш тадбирлари давом этмоқда. Шаҳримиз  обод манзиллари, бой маданий мероси ва меҳмондўст одамлари билан хорижлик меҳмонларни ўзига мафтун айлаши, шубҳасиз.

 

Шерзод МАҲМУДОВ,

«Ўзбектуризм» 

Миллий компаниясининг

 Бухоро минтақавий бўлими бошқарувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn