Кичик бизнес субъектлари
  • 16 Апрель 2016

Кичик бизнес субъектлари

ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдиришга муносиб ҳисса қўшмоқда

Мирзаобод туманидаги “Баҳромжон нур савдо” хусусий корхонаси жамоаси қисқа вақт ичида ўнлаб қурилиш ва савдо ташкилотларининг яқин ҳамкорига айланди.

Гап шундаки, мазкур корхона ишга тушгач, нафақат вилоятдаги, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги хўжалик юритувчи субъектлар ҳам унинг лок-бўёқларини бажонидил харид қилмоқда. Сабаби, ортиқча вақт ҳамда маблағ сарфланмайди, энг муҳими, маҳсулот сифати юқори, нархи эса ҳамёнбоп.

— Биз Италия технологияси асосида мавжуд 4 та цехимизда йилига минг тонна лок-бўёқ тайёрлаш имкониятига эгамиз, — дейди корхона директори Муроджон Абдураҳимов. — Шу билан бирга, буюртмачиларимизга шпатлёвка ҳам етказиб бераяпмиз.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, корхонада лок-бўёқларни қадоқлашда никель идишлардан фойдаланилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу усул маҳсулотнинг узоқ вақт яроқлилиги ҳамда суюқлигини сақлаш баробарида, уни манзилга исрофсиз элтишни кафолатлайди.

Жамоа, асосан, ёшлардан иборат эканлиги эътиборга лойиқ.  Корхонанинг ўзида малакали мутахассислар кўмагида улар маҳоратини ошириш қаторида, махсус ўқув-машғулотлар йўлга қўйилгани ёш ишчиларнинг соҳадаги янгиликлардан доимо хабардор бўлишларида қўл келаяпти. 

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида ана шундай турдош маҳсулот тайёрловчи яна иккита тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг лок-бўёқлари ҳам намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва хонадонларнинг кўркам бўлишига хизмат қилмоқда.

 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn