Ошкоралик, муқобиллик ва тенглик
  • 15 Апрель 2016

Ошкоралик, муқобиллик ва тенглик

фуқаролар йиғинлари сайловининг асосий тамойилларидир

Маълумки, маҳалла халқимиз ҳаётида асрлар давомида шаклланган, замонлар синовидан ўтган, энг ноёб, энг адолатли бошқарув идораси сифатида ўзини ҳар томонлама намоён қилган. Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан жамоа бўлиб яшаш орқали ўзининг миллий қадриятларини, ўзаро меҳр-оқибат туйғуларини асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиб келган.
Истиқлол йилларида эса бевосита Президентимиз раҳнамолигида маҳалла институтининг ваколатлари кенгайтирилди, нуфузи ошди, муҳими, ислоҳотлар жараёнидаги иштироки тобора салмоқ касб этмоқда. Бугунги кунда фуқаролар йиғинлари томонидан илгари маҳаллий давлат бошқаруви органлари ваколатига кирувчи 30 дан зиёд вазифа муваффақиятли бажариб келинаётгани ана шундан далолатдир.
Жорий йил май — июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови маҳалла институтининг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳамда мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир бўлгани боис унга республикамиз бўйлаб кенг кўламли тайёргарлик кўрилмоқда. Сайловнинг ошкоралик, муқобиллик ва тенглик тамойиллари асосида ўтиши учун катта ҳажмдаги ишлар қилинмоқда.
Амалиётдан маълумки, маҳалла фаолияти самарадорлигини таъминлашда, энг аввало, замонавий фикрлайдиган, узоқни кўзлай оладиган, ўзининг аниқ мақсадли келгуси фаолият дастурига эга раислар ҳамда уларнинг маслаҳатчиларини сайлаш муҳим ҳисобланади.
Ўтган даврда фуқаролар йиғинларига ўтказилган сайловлар аҳолининг ҳуқуқий билимини ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ҳақиқий мактаб вазифасини ўтади, дейиш мумкин. Энг асосийси, аҳолининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларига бўлган ишончи ортди, маҳаллада яшовчи ҳар бир инсоннинг юртимизда, жумладан, ўз ҳудудида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда янгиланишларга дахлдорлик ҳисси янада кучайди.
Бу борада, шубҳасиз, соҳанинг изчил такомиллаштириб борилаётган қонунчилик асоси мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига мувофиқ, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди. “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунда эса сайловни ўтказиш тартиби батафсил ўз ифодасини топган. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланганидек, ушбу муҳим тадбирни ташкил этиш ҳамда ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи тамойиллари асосида амалга оширилади.
Таъкидлаш жоизки, сайловларнинг демократик хусусияти уларни ўтказиш ҳамда тайёргарликнинг барча босқичида шаффофликни талаб қилади. Бу жараён очиқ ва ошкора амалга оширилади. Масалан, фуқаролар йиғини ўтказиладиган сана, вақт ҳамда жой тўғрисида фуқаролар воқиф этилади, фуқаролар вакилларининг йиғилиши, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар ҳақида, овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилинади. Мазкур жараённинг ҳар бир босқичи оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилади.
Ҳозирги вақтда республикамизнинг барча ҳудудида фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда улар маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, улар фаол иш олиб бормоқда. Уларнинг сайлов жараёнидаги асосий вазифаси қонунчиликка сўзсиз амал қилишни таъминлаш ва аҳолини фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар билан ҳар томонлама таништириш, сайловларни ўтказиш ва ташкил этиш бўйича тушунтириш ишларини самарали олиб боришдан иборат.
Сайловнинг муқобиллик асосида ўтказилиши ҳақида тўхталадиган бўлсак, айтиш ўринлики, унда фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимига икки ва ундан кўп номзод иштирок этиши назарда тутилади. Бундан ташқари, раисликка номзоднинг келгусида маҳаллани ривожлантириш борасидаги фаолият дастури ҳам муқобиллик асосида кўриб чиқилади. Сайлов жараёнида мазкур дастурлар билан танишиш орқали фуқаролар вакиллари муайян ҳамда ўйланган қарорни қабул қилади, ўз дастурининг ишончлилигини асослаб бера оладиган, аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга, ҳаётий тажрибасини амалиётда қўллай оладиган номзодга тўхталади.
Тенг сайлов ҳуқуқининг муҳим асоси мамлакатимиз Конституциясида белгиланган. Унга кўра, Ўзбекистон фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Ушбу конституциявий қоида асосида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонунда ҳам фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчиларини сайлашда фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир, дея ифодаланган. Бу эса фуқароларнинг мазкур сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи белгиланган тартибда амалга оширилишига имконият яратади.
Ўз навбатида, ушбу тамойилларнинг мазмун-моҳиятини, умуман олганда, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда улар маслаҳатчилари сайлови қонунчилиги, унинг ўзига хос жиҳатларини ва мазкур масъулиятли лавозимларга юксак ишчанлик ҳамда ахлоқий фазилатларга эга, эл-юрт ишончини қозонган, обрўли инсонларни сайлаш муҳимлигини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш айни муддаодир.
Шундан келиб чиқиб, жойларда фуқаролар йиғинлари сайловини юқори савияда ўтказишга қаратилган семинарлар ва турли тадбирлар ташкил этилаяпти. Уларда сенаторлар, депутатлар, экспертлар, ҳуқуқшунослар, тегишли манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан соҳага доир миллий қонунчиликнинг мазмун-моҳияти, маҳалла институтини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва маҳаллалар қошидаги жамоатчилик комиссиялари фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Чунончи, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан ўтказган учрашувлар чоғида фуқаролар йиғинлари сайлови билан боғлиқ жараёнлар нечоғли ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида ташкил этилаётганига гувоҳ бўлди. Дарҳақиқат, бугун халқимизнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллага раис ва унинг маслаҳатчилари лавозимига муносиб номзодларни танлаш борасидаги ташаббуслари ҳамда саъй-ҳаракатларида яққол аксини топмоқда. Бу эса фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови юқори даражада ўтишини таъминлашда асосий омиллардан биридир.
Умуман олганда, мазкур муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга юртимизнинг барча ҳудудида пухта ҳозирлик кўрилмоқда, сайловни ошкоралик, муқобиллик, тенглик тамойиллари асосида ўтказишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, сайловни юксак даражада ўтказиш ҳар томонлама муносиб фуқароларнинг сайланишини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. Қолаверса, бу саъй-ҳаракатлар фуқаролар йиғинларининг мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиши ҳамда пировардида эл-юрт тинчлиги, ободлигига ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.


Отабек АБДУҒАНИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар
ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари қўмитаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn