Тадбиркор аёллар сафи кенгаймоқда
  • 15 Апрель 2016

Тадбиркор аёллар сафи кенгаймоқда

Президентимиз Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригида таъкидлаганидек, биргина 2015 йилнинг ўзида тадбиркор аёллар учун ажратилган кредитлар 1 триллион 255 миллиард сўмни ёки 2014 йилдагига нисбатан 130 фоизни ташкил этди.

Дарҳақиқат, юртимизда ишбилармон хотин-қизларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада улар аҳоли бандлигини таъминлаш билан бирга, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариб, иқтисодиётимиз ривожига муносиб улуш ҳам қўшмоқдалар.
Бу жараёнда бизнинг бўлимимиз жамоаси ҳам фаол қатнашиб, тадбиркорлик билан шуғулланувчи аёллар, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор хайрли ишларни амалга ошириб келаяпти.
Хусусан, кўп йиллардан буён Қорақалпоғистон Республикасида БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда “Микромолиялаштириш лойиҳаси” муваффақиятли рўёбга чиқарилаётир. Пировардида кўплаб хотин-қизлар иш ўрнига эга бўлаяпти, аҳолининг кам таъминланган қатламига микрокредитлар ажратилмоқда.
Осиё тараққиёт банкининг “Қорақалпоғистонда турмуш даражасини кўтариш” дастури асосидаги “Кичик кредит бериш лойиҳаси”га кўра эса, Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Қонликўл, Хўжайли, Шуманай ҳамда Тахтакўпир туманларида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг бизнес-режалари қўллаб-қувватланаяпти.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ҳамкорлигидаги “Даромадларни ошириш” лойиҳаси доирасида Кегейли, Қораўзак ҳамда Шуманай туманларидаги кам таъминланган оилалар ва фермерларга кичик бизнесни ривожлантириш борасида молиявий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Ёшларни, жумладан, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, қишлоқ жойларда оилавий бизнесни ривожлантириш учун шароитлар яратиш” лойиҳаси бўйича 25 миллион сўмлик давлат грантини қўлга киритганимиз айни муддао бўлди. Гап шундаки, мазкур лойиҳа асосида жорий йилдан бошлаб Кегейли, Чимбой, Қораўзак, Тахтакўпир ҳамда Нукус туманларидаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўртасида “Ўз бизнесингни бошла” мавзуида ўқув-семинар ташкил қилиб, янги иш ўринларини яратишга кўмаклашаяпмиз. Бунинг самараси ўлароқ, йил охиригача 20 нафардан зиёд қизлар тадбиркорликка жалб этилади.
Мамлакатимизда тадбиркор аёлларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Бу эса, ўз навбатида, янги хўжалик юритувчи субъектларни ишга тушириш, шу
орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаб, уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти.


Назира ЕЛИБАЕВА,
«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг ижрочи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn