«Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда»
  • 14 Апрель 2016

«Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси Хитойнинг эксперт-таҳлил ҳамда ишбилармон доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди. 

Унда иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий топтириш бўйича илгари сурилган устувор вазифалар кенг муҳокама қилиниб, атрофлича ўрганилмоқда.

Хусусан, Фудан университети ҳузуридаги Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия тадқиқотлари маркази директори Чжао Хуашен “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, қўлга киритилаётган ютуқларни юксак баҳолади.

— Ўзбекистон ўз олдига қўйган улкан мақсадлар сари дадил одимлаб, уларга босқичма-босқич эришаётгани, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтиришга қаратилган ишларни изчил давом эттираётгани диққатга сазовор, — дея таъкидлади у. — Ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётида сақланиб турган мураккаб шароитга қарамасдан, мамлакатингизда улкан муваффақиятларга эришилаяпти. Бунинг замирида олиб борилаётган оқилона сиёсат, тинимсиз меҳнат ётганини хитойликлар яхши англашади. Қолаверса, республикангизда саноат салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқаришни модернизациялашга жиддий аҳамият қаратилиб, бу борада зарур шарт-шароитлар яратиб берилганидан хабардормиз. Натижада Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидан оғишмаган ҳолда, барқарор ривожланиш суръатларини сақлаб турибди.

Минтақа бўйича мутахассис сифатида эътиборимни тортган жиҳат шундаки, давлатингиз раҳбарияти тизимли ўзгаришларни амалга ошириш жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шубҳасиз, бу ғоятда муҳим масала бўлиб, мазкур соҳа аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга мустаҳкам замин яратади.

Бу каби ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётида 2016 йилда ҳам юқори ўсиш суръатларига эришилиб, улкан муваффақиятларга асос бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

«Жаҳон» АА.

Шанхай 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn