Ярашув институти
  • 14 Апрель 2016

Ярашув институти

халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик фазилатларининг ҳаётий  ифодасидир

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Ярашув институти — халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик ифодаси” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ суд ҳокимиятини фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган даврда жиноят-процессуал ҳамда фуқаролик-процессуал қонунчилиги ислоҳ қилиниб, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ҳамда таъсиридан чиқарилди. 

Бу борада, аввало, жиноят ҳамда жиноят-процессуал қонунчилигини либераллаштириш, уни инсонпарварлик тамойилларига мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиш зарур. 

Шу мақсадда 2001 йилда “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Унга кўра, жиноятлар таснифи ўзгартирилди, яъни оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятларнинг қарийб 75 фоизи ижтимоий хавфи катта бўлмаган ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди.

Бундан ташқари, иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима жазоси жорий этилиши муҳим воқеа бўлди. Айни чоғда инсонпарварлик тамойилларига зид бўлган мол-мулкни мусодара қилиш жазо турлари рўйхатидан чиқарилди. Жиноят кодексининг 11 моддасига янги қоидалар киритилди. 

Қайд этилдики, ушбу Қонун билан 2001 йилдан бошлаб суд амалиётига ярашув институти жорий  этилиши тизим ислоҳотларида муҳим босқични бошлаб берди. Эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказилган зарарни қопласа, у жиноий жавобгарликка тортилмайди. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги бундай янгиланишлар қанчалик оқилона эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. 

— Ярашув институти жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг бир тури сифатида шахснинг айбдорлик масаласини ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асос бўлади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Р. Тошбоев. — Ҳозирги пайтда Жиноят кодексининг 44 та моддасида назарда тутилган 60 та жиноят таркиби бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти мавжуд. Бу институт жиноят қонунчилигига жорий этилганидан 2016 йилнинг 1 январига қадар республика бўйича 177 минг 492 нафар шахсга нисбатан 163 минг 759 та жиноят иши тарафларнинг ўзаро ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилди. Ярашув тўғрисидаги ишларни юритишда қисқа муддатда тарафлар ўртасидаги низо бартараф этилаётгани, жабрланувчининг бузилган ҳуқуқлари тикланаётгани ва унга етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилаётгани ҳамда судланувчи жиноий жавобгарликдан озод қилинаётгани, айниқса, эътиборга моликдир.

Шунингдек, анжуманда ярашув институтининг ҳозирги ҳолати ҳамда уни янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумотлар берилди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn