Фаровонлик омили
  • 13 Апрель 2016

Фаровонлик омили

Аҳоли бандлигини таъминлашда, саноат, инвестиция ва экспорт ҳажми ўсишида кичик бизнеснинг ҳиссаси тобора ошиб бораяпти.

Хоразм вилоятида ҳам хусусий сектор равнақига қаратилган қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Пировардида ишбилармонларнинг истиқболли лойиҳалари рўёбга чиқарилиб, импорт ўрнини босувчи янги-янги маҳсулот турлари ўзлаштирилаётир. Чунончи, ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 74,1 фоизга етди. Мазкур тармоқда 1 минг 292 та янги субъект ташкил қилинди. Бунда соҳа вакилларига тижорат банклари томонидан 494 миллиард сўмлик ёки 2014 йилдагига нисбатан 118  миллиард сўм кўп  кредит маблағлари ажратилгани қўл келди.    
Хонқа туманининг Мадир қишлоғидаги йодланган ош тузи ва макарон ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Хonqa billur salt” хусусий корхонаси тадбиркорлари ана шундай имкониятлар туфайли фаолиятини йил сайин кенгайтириб бормоқда. Мазкур кичик бизнес субъекти бундан 18 йил аввал “Қувонч” фермер хўжалиги таркибида мини-цех шаклида иш бошлаган эди. Ўтган даврда корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб ортиши натижасида у замонавий технологиялар билан жиҳозланган йирик саноат тузилмасига айлантирилди. Рўёбга чиқарилган модернизациялаш лойиҳаларига
2 миллиард сўмликдан зиёд маблағ сарфланди. Бу орқали ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, маҳсулот тури кўпайди, сифати яхшиланди, қўшимча иш ўринлари яратилди. Бинобарин, полиэтилен ва полипропилен ашёлар тайёрлаш ўзлаштирилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, 35 кишилик жамоа томонидан 2014 йилда 4,5 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлса, ўтган йили мазкур кўрсаткич 5 миллиард 400 миллион сўмликдан ошди.
— Юртимизда биз, тадбиркорларга барча имконият яратиб берилган, — дейди корхона раҳбари Дилшод Отажонов. — Бундан оқилона фойдаланиб, юқори натижаларга эришаяпмиз. Жумладан, жорий йилда лойиҳа қиймати
500 минг АҚШ долларилик, соатига 10 тонна йодланган ош тузи тайёрлашга мўлжалланган технологик линияни ишга туширмоқчимиз. Бу эса ишлаб чиқариш қувватини икки баробар ошириш ҳамда яна 15 кишининг бандлигини таъминлаш имконини беради.
Албатта, изланиш, янгиликка интилиш — тадбиркорликнинг муҳим шарти. Эътибор ва рағбат эса бу борадаги саъй-ҳаракатларга қанот бағишлайди. Шу маънода, “Хonqa billur salt” жамоасининг кейинги йилларда республикамиз ҳамда вилоят миқёсида ўтказилаётган танловлар ва халқаро ярмаркаларда муваффақиятли қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келаётгани жамоа кучига куч, ғайратига ғайрат қўшаяпти.


Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn