Андижон вилояти: Фидойилик, юртга меҳр ва садоқат ифодаси
  • 13 Апрель 2016

Андижон вилояти: Фидойилик, юртга меҳр ва садоқат ифодаси

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатлари учун хизмат қилаётгани билан янада қадрли ҳамда аҳамиятлидир. Бунинг натижаси нафақат пойтахтимиз, балки юртимизнинг барча шаҳару қишлоқларида юз бераётган ўзгаришлар — қад ростлаётган янгидан-янги иншоотлар, замонавий корхоналар тимсолида кўзга яққол ташланиб, шу азиз ва жонажон Ватанимиз — Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ғурурига ғурур қўшмоқда.

Зеро, бундай ифтихор яратиш, яшнатиш, бунёдкорлик ғояси одамлар қалбига кўчганини, элим деб, юртим деб ёниб яшаш қанотбахш шиоримизга айланиб улгурганини англатади.
Биз ана шундай бунёдкорликлар туфайли кундан-кун бетакрор қиёфага кираётган вилоятлардан бири — Андижонда бўлдик. Очиғи, ободлик насимини, шижоатнинг суръатини, озодлик бахтинию одамийлик тафтини Андижонда кўрдик, десак, асло муболаға эмас. Зотан, ушбу ҳудуддаги ҳар бир ҳолат — рўй бераётган янгиланишлар, маҳобатли қурилишлар, гулу гулзорга айланган хиёбонлар кўрган кўзни қувнатиб, дилга завқу шавқ бағишлайдики, беихтиёр ана шундай саодатли давру давронимизнинг асл мезони — тинч ва осуда ҳаётимизга шукроналар айтасиз.
Вилоят маркази — Андижон шаҳрининг Навоий, Ўзбекистон, Истиқлол, Миллий тикланиш кўчаларида қад ростлаган муҳташам тураржойлар, турли иншоотлар, савдо шохобчалари, болалар боғи, ўхшаши йўқ меҳмонхоналар, кийим-кечак, пойабзал, озиқ-овқат дўконлари, қўйингки, уларнинг сон-саноғини аниқ айтаман, десангиз, адашасиз. Шинам ҳамда кўркам, ўзига хос дизайнда, бири-бирига “елка тутиб” турган бинолар ёнидан шунчаки ўтиб кетишнинг иложи йўқ. Негаки, улар шу қадар уйғунлик касб этганки, тўхтаб-тўхтаб, астойдил томоша қилишни бошлайсиз. Айтайлик, тўрт тарафдан ҳам кириш мумкин бўлган “Бахт уйи” биносини фақат Андижонда учратасиз. Кўчалар бўйидаги райҳонзорлар, майдонлардаги гулу гулзорлар шаҳарга янада файзу тароват бахш этиб турибди. Буни қарангки, бугун ўз томорқаси ва иссиқхонасида банан, киви, ананас ҳамда папайя ўсимликларини парваришлаётган, уларни ўзимизнинг шароитимизда кўпайтиришни, бозорларимизга олиб чиқишни уддалаётган андижонлик миришкорлар оз эмас. Буларнинг барчаси нафақат вилоят, балки мамлакатимиз аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, бозорларимиз тўкинлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.
—    Кунда-кунора Андижон шаҳрини айланиб, тушимми ёки ўнгимми, дейман баъзан, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Республика “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раиси Таваккал Топволдиев. — “Шу бизнинг Андижонми, шу туғилиб ўсган вилоятимизми?!” деб савол бераман ўзимга ўзим. Ахир бугунги фаровон ҳаётни бир пайтлар хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Эртамизга, келажакка ишонч йўқ эди. Мана энди дориламон кунларни қаранг! Шаҳардаги 14 та кўчада олиб борилган кенг миқёсли бунёдкорлик ишлари Андижонни юртимиздаги энг обод ва кўркам манзиллардан бирига айлантирди. Айниқса, Ўзбекистон шоҳкўчаси нафақат Андижоннинг, қолаверса, мамлакатимизнинг фахрига айланди, десак, тўғри бўлади. Навоий, Бобур шоҳкўчаси, Амир Темур кўчалари ҳам кенг ва равонлиги, ободлиги билан эътиборни тортади. Яқинда улар қаторига Истиқлол ҳамда Миллий тикланиш кўчалари қўшилди. Давлат муассасалари бинолари, учта кўп қаватли тураржойнинг ташқи қиёфаси тубдан ўзгартирилди. Ўнлаб савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш объектлари, болажонлар учун турли аттракционлар, музқаймоқ ва салқин ичимликлар савдосига мўлжалланган шохобчалар қурилди. Истиқлол кўчасида бунёд этилган мусиқий фаввора эса барчанинг севимли масканига айланиб улгурди. Буларнинг ҳаммаси учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат!
Дарҳақиқат, шаҳарда қурилиш, бунёдкорлик кўлами кенг қулоч ёзмоқда. Марказнинг Эски шаҳар қисмида бажарилган қурилиш ишлари, кўчаларнинг кенгайиши билан ободликнинг “кўзи” очилди. Пиёдалар йўлаклари четига замонавий панжаралар ўрнатилиши ҳам ўзига хос безак бўлди. Шаҳар марказидаги айланма йўл ўртасида қад ростлаган улкан Ер шари рамзи, парвоз қилаётган лайлаклар юртимиздаги тинчлик, ободлик тимсолига айланди.
Жорий йилнинг энг муҳим воқеаси сифатида иш бошлаши кутилаётган “Ангрен — Поп” йўналишида электрлаштирилган темир йўли бунёд этилиши билан боғлиқ тарзда Андижон вокзали ҳам бутунлай янгиланди.
Болалар боғи рўпарасида қурилаётган, ёзги таътилга қадар фойдаланишга топширилиши мўлжалланган Қўғирчоқ театри биноси ҳам шаҳар кўркига кўрк қўшиб, фарзандларимизга муносиб туҳфа бўлади. Лойиҳа қиймати 7 миллиард 274 миллион сўмга тенг мазкур объектни “Бунёдкор гранд сервис” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари барпо қилишмоқда. Шаҳарга кираверишдаги кўприк кенгайтирилди, Мустақиллик кўчасига алоҳида файз ва кўрк бағишлаб турган, барча қулайликларга эга янги бозор қурилишига эса, бор-йўғи, етмиш кун сарфланди. Автомобиллар қатнови учун қулайликлар яратилди. Жорий йилда яна 13 та кўп қаватли уй, Ёшлар маркази қурилиши кўзда тутилган.
— Давлатимиз раҳбарининг: “Биздан озод ва обод Ватан қолсин”, деган сўзлари бугун юртимиз, хусусан, вилоятимиз мисолида ўз ифодасини топаяпти, — дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, Булоқбоши тумани, Учкўча маҳалласи фаоли Жумагул Исмоилова. — Андижон марказида қад ростлаган биноларнинг гўзаллигидан қанчалик завқлансак, чекка қишлоқларда барпо этилаётган замонавий иншоотлардан ҳам шунчалик қувонаяпмиз. Фарзандларимиз камоли учун хизмат қилаётган мактаб ва коллежлар, лицейлар, спорт иншоотларини кўриб, “Буларнинг барчаси мўъжиза-ку”, деймиз беихтиёр. “Қани эди, ёш бўлиб қолсам-у, тинимсиз ўқисам, ўз устимда ишласам”, дея ширин орзуларга бериламиз. Шу маънода, бизга мана шундай тўкис шароитни, бир инсоннинг яхши яшаб, эзгу мақсадларини амалга ошириши учун неки керак бўлса, муҳайё қилаётганларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак, камлик қилади, деб ўйлайман.
Вилоятда кейинги йилларда янги ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш лойиҳаларининг амалга оширилиши, иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш иқтисодий кўрсаткичларнинг барқарор ўсишига эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борада 2016 — 2018 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида саноат йўналишида 508 та лойиҳага умумий қиймати 578,8 млрд. сўм инвестиция киритилиши, пировардида 18 минг 218 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳудудда олиб борилган тадбирлар натижасида жорий йилнинг январь — март ойларида Дастурнинг асосий йўналиши — саноат соҳасида 103 та лойиҳа (режага нисбатан 177,6 фоиз) амалга оширилиб, қарийб 19,8 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди ҳамда 1 минг 565 та иш ўрни яратилди.
Мазкур лойиҳалар 55 та янги қувватларни фойдаланишга топшириш, 45 та мавжуд қувватларни кенгайтириш ҳамда 3 тасини модернизация қилиш ҳисобига амалга оширилди. Мисол учун, Андижон шаҳридаги бутловчи қисмлар тайёрлашга мўлжалланган “New material`s division high tech” МЧЖ томонидан 1,5 млрд. сўм инвестиция киритилиши ҳисобига 160 та, “Диёр водий текстиль” МЧЖнинг 2,5 млрд. сўмлик сармояси эвазига эса 100 та иш ўрни вужудга келди.
Гап бандликни таъминлаш ҳақида борар экан, бир жиҳат эътиборимизни тортди. Яъни бугун Андижон вилоятида 3 та энг замонавий “Sunday” супермаркети мавжуд бўлса, шундан 2 таси шаҳарда, биттаси эса Шаҳрихон туманида жойлашган. Туманнинг Янги ҳаёт маҳалласида қад ростлаган савдо марказининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан бу ерда 70 та иш ўрни яратилган бўлса, шулардан 10 тасига ҳудуддаги кам таъминланган оилалар аъзолари жалб қилингани ибратлидир.
—    Энди туман ёки вилоят марказидаги бозорларга боришга умуман ҳожат қолмади, — дейди Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Ўрмонжон Абубакиров. — Чунки шундоқ уйимиз ёнидаги икки қаватли супермаркет кечаю кундуз ишлаб турибди. У ерда эҳтиёжимизни қоплайдиган ҳамма нарса муҳайё. Энг муҳими, нархлар кўнгилдагидек, барча турдаги пластик карточкалар орқали бемалол савдо қилаяпмиз. Кундан-кунга турмушимиз фаровон, рўзғоримиз обод бўлиб бораяпти. Қисқача айтганда, биз бахт нима эканлигини, ҳақиқий яшаш қандай бўлишини мустақиллик туфайли англаб етдик.
Чиндан ҳам шундай. Муҳими, юракдан айтилган бундай сўзларни  кўпчиликдан эшитдик, шаҳар ва қишлоқларда яшаётган каттаю кичик билан мулоқотда бўлиб, уларнинг самимий гапларидан илҳомландик. Намунавий лойиҳалар асосида қурилган қатор-қатор уй-жойлар барчанинг ҳавасини келтиради, хонадонлар атрофида экилган турфа гуллар ифори кайфиятни кўтаради. Дарвоқе, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қад ростлаётган бундай уйлар юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлганидек, Андижон қишлоқлари қиёфасини ҳам тамоман ўзгартирмоқда. Эътибор беринг: вилоятда 2010 йилда 620 та уй-жой қурилган бўлса, 2015 йилда 1060 та ана шундай кўркам тураржой битказилиб, ўз эгаларига топширилди. Бу ўғил уйлантириб, қиз узатишда уюштириладиган тўйлардан ташқари, Андижондаги яна 1060 та хонадонга қувонч кирди, шунча уйда шодиёна бўлди, деганидир.
Шу кунларда эса Андижон флораси лола дарахти билан бойитилди. Хитойдан келтирилган 1000 туп кўчат вилоят марказидаги кўча ва хиёбонларга экилди. Ўсимлик дунёсининг мафтункор ҳамда гўзал вакилининг асли ватани Шимолий Америка ҳисобланади. Мўътадил иқлимда бемалол униб-ўсадиган дарахт чидамли бўлиб, 30 даражагача совуққа бардош беради, тупроқ сифати ва сувга талабчан эмас. 500 йилгача умр кўрадиган дарахтнинг бўйи ҳар йили 1 метрга ўсган ҳолда, 30 метргача етади. Лолани эслатувчи гули ҳамда барглари ўймакор услубда чизилгандек таассурот қолдиради. Апрель — май ойларида очилишни бошлаб, 100 кун давомида чор-атрофга гўзаллик улашиб туради. Қизил, бинафша рангли бу табиат инъоми ўзидан хушбўй ис таратади.
Мазкур ноёб дарахтни экиш олдидан ўтказилган ўзига хос машваратда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижонда олиб борилаётган кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига тўхталди. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ушбу дарахтни мамлакатимиз бўйлаб оммалаштириш ҳаракати бошланганини таъкидлади.
Яқин кунларда яна минг туп лола дарахти кўчати келтирилишини маълум қилди. Нуроний отахонлар иштирокида шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ниҳолларни тупроққа қададилар. Жумладан, “Андижон” аэропорти ҳудуди, Миллий тикланиш кўчаси, Амир Темур ва Алишер Навоий шоҳкўчалари бўйлаб ана шундай кўчатлар ўтқазилди.
—    Барглари узун бўлгани боис кўп миқдорда кислород ажратади, — дейди Андижон вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бионазорат инспекцияси бошлиғи Ҳокимхон Махсумов. — Саккиз йилда гулга киради. Лола дарахти инсонга эстетик завқ бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Умуман айтганда, одамларга завқ улашиш, яратиш, бунёдкорлик туйғуси бугун ҳар бир андижонликнинг қалбида жўш урмоқда. “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган эзгу каломнинг ёрқин ижобатини ўз уйи, ҳовлиси, кўчаси ва маҳалласини саранжом-саришта тутишдек улуғвор мақсадлар билан яшаётган одамлар саъй-ҳаракатида кўрдик. Бутун вилоят бўйлаб шанба “Тозалик куни” сифатида эълон қилиниши ҳамда бу ташаббуснинг кексаю ёш тарафидан қизғин қўллаб-қувватланишидан эса ўрнак олса, арзийди. Ана шу аҳиллик, бирдамлик самараси шуки, бугун ҳудуднинг марказий кўчаларида бир уюм чиқинди у ёқда турсин, ҳатто, ғижимланган қоғоз кўзга ташланмайди. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлиси, йўлак ва ертўласидан тортиб, энг чекка қишлоқлардаги йўллар атрофи ҳам ораста. Бу эса “Ўзингни, ўз уйингни ўзинг асра”, деган оқилона тамойилнинг кенг мазмун-моҳияти дилларга кўчганидан далолатдир. Беихтиёр Президентимизнинг андижонликларга қарата айтган мана бу сўзлари ёдга тушади: “...кимки бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқчи, улардан тўлиқ хабардор бўлмоқчи бўлса, биринчи галда Андижонга келсин, ўзини андижонлик деб атайдиган одамларнинг меҳнати, ҳаёти, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишсин”.


Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn