Шижоатли ёшлар фестивали
  • 12 Апрель 2016

Шижоатли ёшлар фестивали

Самарқанд вилоятида Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

“Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мазкур анъанавий тадбирда навқирон авлод вакилларини мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, уларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан асраш, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш, шунингдек, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишга чорлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Уч кун давом этган фестивалда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, таниқли санъаткорлар, маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирлар, халқаро танловлар ғолиблари иштирокида жойларда учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, туман, шаҳар ва таълим даргоҳларида “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари” мавзуида кино ҳамда театр актёрлари ва эстрада хонандалари билан бўлган мулоқотлар кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, “Ҳоким ва ёшлар”, “Депутат ва ёшлар” мавзуларида давра суҳбатлари уюштирилди. Эртамиз эгаларида “оммавий маданият”га қарши иммунитетни шакллантириш, унинг асл моҳиятини, келиб чиқишини тушунтириш кўзда тутилган “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” тадбирлари, уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Нуронийлар эъзозимизда” деб номланган уч авлод учрашувлари барчага манзур бўлди.

Масалан, Жомбой туманидаги акция “Сиз севган қаҳрамонлар” лойиҳаси билан бошланди. Жомбой транспорт касб-ҳунар коллежида уюштирилган “Камолот” кутубхонаси” мавзуидаги тадбирда ўғил-қизлар савол-жавоблар орқали ўз билимларини -мустаҳкамлашди. 

— Ушбу анжуманда қатнашганимдан жудаям хурсандман, — дейди тумандаги 44-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилноза Қудратова. — Тадбир давомида кўплаб саволларга жавоб бердим ва севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги шеърини айтдим. Юртимизнинг таниқли ижодкорларидан совға сифатида турли китоблар олганим умрбод ёдимда қолади. 

Булунғур педагогика ва спорт коллежи, 1-умумтаълим мактаби ҳамда 9-сон мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган учрашувлар ҳам туман ёшлари қалбида Ватанга муҳаббат туйғуларини жўш урдирди. Тайлоқ туманида ташкил қилинган фестиваль юз-кўзларидан шижоат, заковат ёғилиб турган йигит-қизлар учун ўзига хос шодиёнага айланди. Айниқса, “Ўзбекистонга хизмат қиламан!” лойиҳаси доирасида ўтган тадбирда аскарларнинг кўргазмали чиқишлари навқирон авлод вакиллари қалбида мардлик, бурчга садоқат, юртга меҳр-муҳаббат туйғуларини илҳомлантиргани, шубҳасиз.

Фестиваль доирасидаги учрашув ва мулоқотлар Ургут иқтисодиёт коллежи, спорт ва хизмат кўрсатиш, агросаноат ва сервис касб-ҳунар коллежларида ҳам давом этди. Хусусан, “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид”, “Бу менинг Ватаним!” лойиҳаларида кўплаб ўқувчилар иштирок этди.

“Ёшлар жонли ижро тарафдори”, “Марра бизники” шиори остидаги марафон, “Сиёб деҳқон бозори”да флеш-моб, “Юлдузлар билан тарихга саёҳат” дастурлари ҳам қизиқарли кечди. Ўз навбатида, Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан “Темур тузуклари” китоби медиа-тўплам шаклида ёшларга тарқатилди.

Фестиваль Самарқанд шаҳридаги “Динамо” стадионида ўтказилган “Мустақиллик фарзандларимиз” шиори остидаги гала-концерт билан якунланди. 

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими З. Мирзаев сўзга чиқди. “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги фестиваль кеча Навоий вилоятида ҳам бошланди.

Акрам ҲАЙДАРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn