Буюк юртнинг бахтиёр фарзандлари
  • 08 Апрель 2016

Буюк юртнинг бахтиёр фарзандлари

Самарқандда энг улуғ, энг азиз байрам — Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бошланди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур тадбирда иқтидорли йигит-қизлар, жумладан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари, халқаро олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари ғолиблари иштирок этмоқда.

Фестивалнинг очилишига бағишлаб ўтказилган маросимда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлод вакилларини Ватанга муҳаббат, истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг онгу шуурида юртга дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидладилар.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.

— Фестиваль ёшларнинг ҳақиқий байрамига айланаётир, — дейди “Камолот” ЁИҲ Самарқанд вилояти кенгаши раиси Абдулла Аслонов. — Жумладан, мактаблар, коллеж ва лицейлар, Меҳрибонлик уйларида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Депутат ва ёшлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари” каби мавзуларда таниқли шоир ҳамда ёзувчилар, кино ва театр актёрлари билан ўтказилаётган учрашувлар, китобхонликни кенг тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар, спорт мусобақалари эртамиз эгаларига унутилмас онларни тақдим этаяпти. 

Ёшлар байрамининг биринчи кунида Регистон майдони йигит-қизлар билан янада гавжум бўлди. Бу ерда эл суйган хонандалар, ёш санъаткорлар томонидан “Ёшлар жонли ижро тарафдори” лойиҳаси ташкил этилди. “Сиёб” бозорида бўлиб ўтган “Ватанимга дил изҳори” номли акцияда эса Самарқанд новвойлари томонидан пиширилган хушбўй нонлар барчанинг, айниқса, хорижлик сайёҳларнинг диққат-эътиборини тортди. Бундан ташқари, “Ўзбекистонга хизмат қиламан” тадбири Тайлоқ туманида, “Одам савдоси — давр муаммоси” мавзуидаги давра суҳбати Ургут спорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида, санъаткорлар билан мулоқотлар Пайариқ туманида уюштирилди. Бу каби қизиқарли тадбирлар вилоят ҳудудларида кенг давом этмоқда.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn