Аждодлар мероси ва ёшлар тарбияси
  • 08 Апрель 2016

Аждодлар мероси ва ёшлар тарбияси

Темурийлар тарихи Давлат музейида соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишлаб, “Буюк аждодларга муносиб авлод бўлайлик!” мавзуида он-лайн мулоқот ўтказилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда тарихчи олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар қатнашди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н. Ҳабибуллаев, Темурийлар тарихи Давлат музейи директори Х. Файзиев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида миллий маънавиятимизни асраб-авайлаш, ёшларни буюк аждодларимизга муносиб инсонлар этиб камолга етказиш масаласи доимий эътиборда эканини таъкидлади.

Амир Темур ва темурийлар тарихи, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини ўрганиш, бой маънавий меросимиздан ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда кенг фойдаланиш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. 

Чунончи, истиқлол йилларида темурийлар ҳаёти, фаолияти, илмий-маънавий меросини атрофлича тадқиқ этиш бўйича илмий изланишлар олиб борилаётир. Бобокалонимизнинг шижоати, жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасига бағишланган асарлар яратилмоқда. Мусаввирларимиз томонидан буюк аждодларимизнинг сиймоси акс эттирилган тасвирий, ҳайкалтарошлик асарлари санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинаяпти. Бундай ижод намуналари эртамиз эгалари қалби ва онгида шу табаррук замин, унда камол топган алломалардан фахрланиш, уларга муносиб авлод бўлиш туйғусини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

— Ўзлигини англашга интилган ҳар бир халқ буюк аждодларининг мамлакат ва жаҳон тарихида тутган ўрни, хизматларини эъзозлайди, — дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси Жаҳонгир Ҳайдаров. — Башарият тарихида ўчмас из қолдирган Амир Темур бобомизнинг заковати, илм-фан ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси, бунёдкорлик ишлари ибрат мактабидир. Тадбирда улуғ зот ҳақидаги яна кўплаб маълумотлар билан танишганимиз катта маънавий озуқа бўлди. 

Он-лайн мулоқотда халқимизнинг бой илмий-тарихий меросини чуқур ўрганиш, мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этишга оид фикр-мулоҳазалар билдирилди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn