Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари Форуми
  • 08 Апрель 2016

Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари Форуми

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг II Республика Форуми ўтказилди. Унда тармоқ ва ҳудудий, турли корхона, ташкилот ҳамда муассасалар бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тадбирда бугун мамлакатимиздаги корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда 37 минг 457 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти бўлиб, улар томонидан 6 миллион 200 минг нафардан зиёд аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоя қилиб келинаётгани алоҳида таъкидланди. Бу борада, албатта, кейинги йилларда бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг корхона, ташкилот ҳамда муассасалар ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ва ролини юксалтириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилаётгани муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Касаба уюшмалари тизимини модернизациялаш борасида амалга оширилаётган салмоқли саъй-ҳаракатлар туфайли бошланғич ташкилотлар молиявий салоҳияти сезиларли даражада ошди. Бу, ўз навбатида, касаба уюшма аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, нафақат ходимлар, балки уларнинг яқин қариндошларини ҳам санаторийларнинг имтиёзли йўлланмалари билан таъминлаш имконини бераётир. Хусусан, касаба уюшма аъзолари аввалгидек 5 йилда эмас, балки ҳар 2 йилда бир марта тизимдаги санаторийларга имтиёзли йўлланма олишлари мумкин. 

Бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг иш берувчилар билан ижтимоий шериклигини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Пировардида касаба уюшма аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларни жамоа-шартномавий муносабат билан қамраб олиш кўрсаткичи 2013 — 2015 йиллар давомида 3 фоиз ортиб, 99,3 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, корхона, ташкилот ва муассасалардаги жамоа шартномалари сони 2013 йилдаги 97,5 мингта ўрнига 122 мингтага етди. 

Форум қатнашчилари томонидан Бош келишувдан келиб чиқиб, жамоа шартномалари ва келишувлар мазмун-моҳиятининг бойитилиши нафақат ходимлар, балки улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди. Жумладан, ушбу локаль ҳужжатларга хотин-қизлар ҳамда ёшлар манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлим ва бандлар киритилиб, улар учун имтиёзлар кўлами кенгайтирилди. Натижада хотин-қизлар учун қўшимча таътилдан фойдаланиш, ёш оилаларга фоизсиз ссуда бериш, ёш болали оналарга моддий ёрдам кўрсатиш, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятлари яратилди. 

Анжуманда ушбу йўналишларда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар чуқур таҳлил қилиниб, бу борада илғор тажрибага эга бўлган касаба уюшма ташкилотлари фаолиятига оид тақдимот ўтказилди. 

Шундан сўнг бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари учун амалий машғулот уюштирилди. Уларда бошланғич ташкилотларни ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ҳимоя функцияларини амалга ошириш, ходимлар учун хавфсиз, муносиб меҳнат шароитлари яратиш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, меҳнат муносабатларини ижтимоий шериклик асосида тартибга солиш масалалари таҳлил қилинди ва бу борада муваффақиятга эришган ташкилотларнинг ижобий тажрибалари ўрганилди. 

Якунда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича дастур қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn