Ватанга садоқат, бурчга масъулият
  • 08 Апрель 2016

Ватанга садоқат, бурчга масъулият

Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш — ҳар бир йигитнинг орзуси. Мен ана шу ниятига эришган навқирон авлод вакилларидан эканимдан чексиз фахрланаман. 

Айни пайтда Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаяпман. Зиммамдаги масъулиятни чуқур ҳис қилиб, билдирилган ишончни оқлашга астойдил интилмоқдаман.

Яқинда ҳаётимда яна бир унутилмас воқеа бўлди. Сафдошларим қатори юртимиз сарҳадлари, халқимиз осойишталигини ҳимоя этишга тантанали равишда қасамёд қилдим. Биласизми, ана шу аҳдимни изҳор этар эканман, бутун вужудимни ажиб ифтихор туйғуси қамраб олди. Қалбимда жонажон Ўзбекистонимизга бўлган меҳр-муҳаббат, фарзандлик ҳисси янада жўш урди. Буни таърифлаш қийин. Тантанали маросимда аскарлар номидан сўзга чиқдим. Яратиб берилаётган шарт-шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирдик. Бахтиёр онларимизга ота-оналаримиз, жамоатчилик вакиллари шерик бўлишди. Ушбу дамлар сурури ҳеч қачон ёдимдан кўтарилмайди...

Ҳарбий хизматга болалигимдан қизиқаман. Шу боис спортнинг футбол, муайтай ва оғир атлетика турлари билан мунтазам шуғулланиб, жисмоний тайёргарлигимни оширишга алоҳида эътибор бердим. Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида пухта билим олдим. Ўз навбатида, юртимизда ушбу соҳада, маънавий-маърифий йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни билан танишиб боришга интилдим. Буларнинг барчаси муддатли ҳарбий хизматга бориш учун белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтишимда қўл келди. Яқинларим, устозларим Қуролли Кучлар сафига олинганимни эшитиб, “Баракалла!” деб мени табриклашганида ич-ичимдан ғурурландим.

Ҳозир Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчимни ўтаяпман. Бу ерда биз учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Ҳарбий қисм офицерлари ва кичик командирлари ҳарбий билим ҳамда кўникмаларни пухта эгаллашимизга яқиндан ёрдамлашмоқда.

Сафдошларим қатори мустақил Ўзбекистонимиз чегараларини ҳимоя қилиш орқали унинг тараққиётига ўз ҳиссамни қўшаман. Зеро, бу бизнинг фарзандлик бурчимиз, аскарлик қасамёдимизга содиқлигимиз ифодасидир.

Ҳумоюн ЮНУСОВ, 

оддий аскар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn