Фуқаролар йиғини сайлови
  • 07 Апрель 2016

Фуқаролар йиғини сайлови

ушбу ижтимоий-сиёсий тадбир иштирокчиларидан чуқур билим ва юксак масъулиятни талаб этади

Маълумки, шу йилнинг май — июнь ойларида фуқаролар йиғинларининг амалдаги раислари ҳамда улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугайди. Шу муносабат билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жойларда сайловнинг ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенглик принциплари асосида ўтиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилаяпти. Айни чоғда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар самарали фаолият кўрсатиши учун барча шарт-шароит ҳамда қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан жойларда ташкил этилаётган “Фуқаролар йиғинлари раислари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзуидаги семинарлар ҳам ана шу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Уларда Олий Мажлис Сенати Кенгаши кўмаклашувчи комиссияси, ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари, уларнинг ҳузуридаги ахборот хизматлари вакиллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳудудий бўлимлари раислари, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларнинг раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашаяпти.

Наманганда уюштирилган семинарда бўлажак сайловда вилоят бўйича 882 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 9000 нафардан зиёд маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилаётгани, ҳозирги пайтда мазкур тадбирга қизғин тараддуд кўрилаётгани алоҳида таъкидланди.

Айни чоғда сайловни ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари, сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига муносиб номзодлар кўрсатишнинг аҳамияти, сайловни ўтказиш тартиби ва якунларини эълон қилиш, ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий жараённи ОАВда ёритишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида кенг тушунчалар берилгани иштирокчилар учун айни муддао бўлди.

— Маҳалламизда ушбу сайловга ҳозирлик ишлари авжида, — дейди Наманган шаҳридаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ишчи гуруҳ раиси Нигора Аҳмедова. — Алоҳида тадбирлар режаси асосида фаолият олиб бориб, ишчи гуруҳ хонаси сайловга доир ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда бошқа зарур маълумотлар билан таъминланди. Овоз бериш хонаси тахт қилиб қўйилди, бюллетенлар ҳам тайёр. Шу кунларда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтираяпмиз. Бугунги семинарда сайловни ташкил этиш билан боғлиқ билимимизни янада бойитдик. Шаҳримиздаги илк сайловни маҳалламизда намунавий тарзда ўтказишни мўлжаллаяпмиз. Унда ҳудуддаги барча фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларида тузилган ишчи гуруҳларнинг аъзолари қатнашиши режалаштирилмоқда.

Семинарда сайловнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари баробарида, мазкур ижтимоий-сиёсий тадбирга тайёргарлик босқичи билан боғлиқ долзарб вазифалар хусусида ҳам атрофлича тушунчалар берилди.

— Ҳудудимизда 77 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатади, — дейди фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Тўрақўрғон тумани комиссияси раиси ўринбосари -Мақсуда Бегматова. — Уларнинг барчасида ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб, самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, шинам ва қулай хоналар ажратилиб, барчаси ҳуқуқий адабиётлар билан тўлиқ таъминланди. Ўтказилган ушбу семинар эса сайлов иштирокчиларининг бу борадаги билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Нукусда бўлиб ўтган семинарда фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари, мазкур тадбирнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига муносиб номзодлар кўрсатишнинг аҳамияти, ушбу жараённи оммавий ахборот воситаларида ёритиб боришнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича батафсил маълумот берилди.

— Сайловга Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қизғин тараддуд кўрилаяпти, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Хожабай Елмуратов. — Бугунги тадбир ҳам ана шу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар сирасига киради. У ҳар бир қатнашчи учун жуда фойдали бўлди. Айниқса, фуқаролар вакиллари йиғилишига ҳовлилар, кўчалар, уйлар, маҳалла ҳамда мавзелардан вакиллик нормаси белгиланишига алоҳида эътибор қаратиш, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзод кўрсатишда тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олиш, уларнинг дастурлари билан яқиндан танишиш, номзодлар ҳақидаги ахборотни йиғин бинолари, гузарларга илиб қўйиш, умуман, тарғибот-ташвиқотни янада кучайтириш масалалари юзасидан маълумотлар берилгани айни муддаодир. Албатта, бу ерда билдирилган тавсиялар кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларнинг сайлов жараёнида самарали фаолият олиб боришига хизмат қилади.

Фарғонада ҳам семинар юқори савияда ташкил этилди.

— Вилоятда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда, — дейди Қўқон шаҳар кўмаклашувчи комиссияси раиси Зулфия Мамажонова. — Хусусан, Қўқон шаҳридаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинида ижтимоий-сиёсий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳамкорлик, аҳилликни мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида салмоқли ишлар бажарилаётир. Бўлажак сайловда ҳар томонлама муносиб номзодларнинг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сифатида сайланиши келгусида маҳалланинг бу борадаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Шундан келиб чиқиб, сайловга пухта ҳозирлик кўраяпмиз. Ишчи гуруҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш баробарида, аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилаяпти. Семинар ҳақида айтадиган бўлсак, бу ерда фуқаролар йиғини сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ билим ва кўникмаларимизни янада мустаҳкамладик. Бу эса зиммамиздаги вазифани юқори савияда бажаришимизда асқатиши, шубҳасиз.

Тадбирда вилоят бўйича 1040 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 11 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши ҳамда бу сайлов қатнашчиларидан катта билим ва масъулиятни талаб қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

— Ёзёвон вилоятимизнинг кенжа шаҳарчаларидан бири ҳисобланади, — дейди мазкур шаҳарча фуқаролар йиғинининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Акмалжон Қўчқоров. — Шуни айтиш жоизки, шаҳримиз мустақиллик йилларида таниб бўлмас даражада ўзгариб, юртимизнинг обод масканларидан бирига -айланди. Бу ердаги 4 та маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўзни қувонтиради. Бунда маҳаллалар фаолларининг ўрни беқиёс. Шу боис ишчи гуруҳ таркибига ана шундай фаол кишиларни жалб қилдик. Уларнинг кўмагида бўлажак сайловни юқори савияда ўтказиш учун бизда пухта асос бор. Ўз навбатида, семинарда бу борадаги билим ҳамда кўникмаларимизни янада мустаҳкамлаб олдик.

Андижонда ўтказилган семинарда таъкидланганидек, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимига энг муносиб номзодларни танлаш ҳамда сайлов жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш асосий вазифалардан бўлиб, бу борада -муайян ишлар қилинмоқда. Шу жумладан, ишчи гуруҳларнинг барчаси қулай бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан тўлиқ таъминланди. Қолаверса, уларга зарур ҳуқуқий адабиётлар етказиб берилди.

— Ҳудудимизда 9 та қишлоқ ҳамда 65 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд, — дейди Балиқчи тумани кўмаклашувчи комиссияси раиси Баҳодир Очилов. — Шунинг ўзиёқ сайлов билан боғлиқ иш кўлами нечоғли катта эканидан далолат беради. Яъни ҳар бир иштирокчидан, хусусан, кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар раисларидан тортиб, уларнинг аъзоларигача фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловига оид қонун ҳужжатлари ҳақида етарлича билимга эга бўлиш талаб қилинади. Шу маънода, ўтказилган семинар биз учун манфаатли бўлди, деб ҳисоблайман.

Семинарда кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларнинг ваколатлари, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар учун қонунчиликда белгиланган талаблар, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнидаги устувор вазифалар хусусида батафсил сўз юритилди. Муҳими, бу масалалар соҳа мутахассислари томонидан чуқур таҳлил қилиб берилди.

— Маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлган 9 нафар фуқаро ишчи гуруҳ таркибига жалб этилди, — дейди Избоскан туманидаги “Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғини ишчи гуруҳ раиси Шаҳобиддин Жалолов. — Иш режасига асосан фаолият олиб бораяпмиз. Ҳудудимизда яшовчи аҳолининг фикрини ҳисобга олиб, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига муносиб номзодларни кўрсатиш бўйича таклифлар тайёрлаш, сайловни юқори даражада ташкил қилиш ҳамда ўтказиш юзасидан аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Семинар чоғида олган билимимиз бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтириши, шубҳасиз.

Фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асосларига бағишланган бундай семинарлар жойларда кенг ўтказилмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn