Йўналишсиз  таксиларнинг қонуний фаолияти
  • 07 Апрель 2016

Йўналишсиз  таксиларнинг қонуний фаолияти

йўловчи ташиш сифати ва хавфсизлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга

Кейинги йилларда мамлакатимизда транспорт-коммуникация тизимини ривожлантириш борасидаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Бу эса, ўз навбатида, транспорт воситаларида йўловчи ташишнинг сифат жиҳатидан яхшиланишига хизмат қилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатишни тартибга солиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, ана шундай хизматлар билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятида учрайдиган айрим масалалар ечими юзасидан фикр алмашиш мақсадида ташкил этилган видеосеминарда шулар хусусида батафсил сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Марказий банк, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳузуридаги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаментлари ҳамда аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчи корхоналар вакиллари қатнашди. 

Бундан ташқари, онлайн мулоқот тарзида бўлиб ўтган анжуман доирасида республикамизнинг барча ҳудудида студиялар ташкил этилиб, уларда ҳам тегишли органлар вакиллари, транспорт хизмати кўрсатувчи 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ходимлари ҳозир бўлди.

Таъкидландики, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 2473 та транспорт корхонасида 90 мингдан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Улар тасарруфида 60,7 мингта транспорт воситаси мавжуд бўлиб, шундан 31,4 мингтаси енгил автомобилдир.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги қарори билан эса транспорт соҳаси, шу жумладан, автомобиль транспортида йўловчи ташиш ишлари тартибга солинди. Жумладан, мазкур ҳужжатга кўра,  аҳолига пуллик хизмат кўрсатувчи ҳар бир корхона автотранспорти аниқ талабларга жавоб бериши лозим. Яъни улар  лицензия карточкаси, таксометр, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган назорат-касса машинаси ва тўловларни банк пластик карточкаларидан  қабул қилиш учун терминал билан жиҳозланган бўлиши кўрсатилган. 

Айни пайтда йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш, автотранспорт воситаларида аҳолига ноқонуний равишда пуллик хизмат кўрсатишга барҳам бериш учун давлат солиқ хизмати органлари томонидан тегишли ташкилот ҳамда идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг уч ойи -давомида уюштирилган 3500 та ана шундай тадбирда 7500 нафар жисмоний шахс -ноқонуний фаолият билан шуғулланаётгани аниқланди. Ваҳолонки, республикамизда амалдаги тартиб-қоидаларга риоя этмасдан, ноқонуний равишда киракашлик қилаётган фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1763-моддасига мувофиқ, энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жаримага тортилиши белгилаб қўйилган.

Семинарда иштирокчилар томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларидан кўзланган мақсад автомашиналарда йўловчиларга хизмат қилаётган фуқароларни жазолаш эмас, балки улар ўз фаолиятини қонуний асосда юритишига ва йўлларда аҳоли хавфсизлиги таъминланишига ёрдам беришдан иборат эканлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбирда, шунингдек, пуллик транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналар фаолиятида учрайдиган масалалар ҳам муҳокама қилиниб, бу борадаги саволларга мутасадди ходимлар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn