Обод шаҳарнинг кўркам жамоли
  • 07 Апрель 2016

Обод шаҳарнинг кўркам жамоли

Ҳозирги кунда Тошкент том маънода мегаполис шаҳарлардан бирига айланган. Бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари нафақат ҳудуд аҳолисига қулай яшаш шароитини яратмоқда, балки пойтахтимизга ташриф буюраётган меҳмонларнинг ҳам ҳавасини келтираётир. Айниқса, кейинги йилларда  кўкаламзорлаштириш, “яшил ҳудуд”лар барпо этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар таҳсинга лойиқ. 

Умумий майдони 34,8 минг гектарни ташкил қилувчи шаҳарнинг фойдаланиладиган қисми 7 минг гектардан, кўкаламзорлаштирилган жойлари эса 15,2 минг гектардан иборат эканлиги ана шундан далолат беради.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида 220 турдан ортиқ дарахт ва буталар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти қарағай, қораарча, эман, қайрағоч, қорақайин, катальпа, Шарқ чинори ҳисобланади. Қолаверса, шаҳарни ободонлаштириш мақсадида баҳор ҳамда куз фаслларида оммавий равишда дарахт кўчатлари экилаётгани ҳам бош кентимиз чиройига чирой қўшаяпти.

Маълумки, зилзиладан сўнг шаҳарда дарахт кўчатларининг етишмаслиги натижасида шумтол, заранг, терак, чинор, тол каби дарахтлардан кенг фойдаланилган эди. Мутахассисларнинг айтишича, уларнинг айримларида инсон соғлиғига, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи хусусият мавжуд. Шу боис кейинги йилларда бундай дарахтлар ўрнига ҳам фойдали, ҳам манзарали дарахт ва бошқа ўсимликлар ўтқазишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. 

Таъкидлаш жоизки, шаҳардаги истироҳат боғлари ҳамда кўплаб дам олиш хиёбонлари хориждан келтирилган лола дарахти, магнолия, жўка, қоғоз дарахти, япон софораси, -шамшод, сарв каби экзотик ўсимликлар билан бойитилаётгани унинг ҳусн-тароватини оширмоқда. Аслида кўкаламзорлаштириш талабларига кўра, яшаш жойларида аҳоли жон бошига тўғри келиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланган яшил майдон меъёри 50 квадрат метр қилиб белгиланган бўлса-да, ҳозирги кунда пойтахтимизда мазкур кўрсаткич 69 квадрат метрни ташкил этаётир. Шу маънода, Ўзбекистон пойтахтида “яшил ҳудуд”лар майдони қуруқ ва иссиқ иқлимга қарамасдан, Санкт-Петербург, Пекин, -Москва, Сиэтл каби йирик шаҳарлардан 2-3 маротаба ортиқ эканлиги фахрланарли ҳолдир.

Бундан ташқари, ўтган йили Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига -дов-дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ мингга яқин мурожаатлар келиб тушган бўлса, барчаси мутахассислар томонидан ўз вақтида ўрганиб чиқилди. Лекин аксарият -ҳолларда дарахтларнинг кесилиши масаласини жойида ўрганмасдан ёки суриштирмасдан туриб, асоссиз равишда шикоятлар қилиш ҳолати ҳам учраши бор гап. Ана шуларнинг олдини олиш мақсадида 2014 йилнинг 20 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Эндиликда қўмитамиз инспекторлари ўсимлик дунёсини асраш юзасидан доимий назорат ишларини олиб бораяпти. 

Яна бир эътиборли жиҳати, шаҳримизда экоархитектурага ҳам жиддий эътибор қаратилаётир. Яъни пойтахтнинг Беруний кўчасидан Чиғатой дарвоза, Сариқ сув, Қорасарой кўчаларигача янги автомобиль ҳалқа йўлининг қурилиши, “Анҳор” канали қирғоғининг Навоий кўчасидан “Шаҳидлар хотираси” хиёбонигача бўлган қисми тубдан ободонлаштирилиши, Чоштепа кўчасининг замон талаблари даражасида кенгайтирилиши натижасида транспорт ҳаракатлари яхшиланиб, аҳоли учун ҳам талай қулайликлар -яратилди.

Бундай саъй-ҳаракатлар ҳудудни экологик жиҳатдан тоза шаҳарга айлантиришдек эзгу мақсадга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Зеро, мусаффо ҳаво ва гўзал манзаралар соғлом турмуш гарови саналиши бежиз эмас.

Шаҳло АБДУЖАЛИЛОВА,

Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш

 қўмитасининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини 

муҳофаза қилиш гуруҳи мутахассиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn