Маҳалла сайловининг ўзига хос хусусиятлари
  • 05 Апрель 2016

Маҳалла сайловининг ўзига хос хусусиятлари

Юртимизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва пировардида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар туфайли маҳалланинг жамият ҳаётида тутган ўрни ҳамда аҳамияти тобора юксалиб бораяпти.

Айни чоғда ушбу институт демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “...бундай ноёб ижтимоий тузилма ҳозирги кунда “Маҳалла — халқ виждони” деган юксак таърифга ҳар тарафлама муносиб бўлиб бормоқда”.

Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида улкан аҳамиятга молик муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир саналади. Унинг муҳимлиги, аввало, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг халқ ва давлат ҳаётидаги алоҳида ўрни, ўтказилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда уларнинг иштироки билан белгиланади.

Жадал ривожланаётган ижтимоий ҳаёт, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаол иштирокини таъминлаш фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига энг муносиб фуқароларнинг сайланишини тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказиш муддати 2016 йилнинг май — июнь ойлари этиб белгиланди.

Унга кўра, 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланиши режалаштирилаётир. Шунинг ўзиёқ мазкур сайлов жараёнида қатнашадиган ҳар бир фуқародан катта масъулият талаб этади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқaрoлaр йиғини рaиси (oқсoқoли) вa унинг мaслaҳaтчилaри сaйлoви тўғрисидa”ги Қонунига мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш ошкоралик, муқобиллик, тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади. Яъни фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш очиқ ва ошкора олиб борилади. Ушбу сайлов ташкил этилаётган ҳамда ўтказилаётганда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида фуқаролар воқиф этилади, фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар ҳақида, овоз бериш якунлари тўғрисида хабардор қилинади. Бу жараёнлар оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилади.

Муқобиллик принципи, ўз навбатида, фуқаролар йиғини раиси ва унинг -маслаҳатчилари сайлови фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчилари лавозимига икки ва ундан кўп номзод кўрсатган ҳолда амалга оширилишида намоён бўлади.

Айни пайтда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига биноан, фуқаролар йиғини раисининг маслаҳатчилари фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларга ҳам раҳбарлик қилиши мумкинлиги, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган кенг қамровли вазифалар ижросини таъминлаш эса уларда фаолият кўрсатадиган ҳар бир жамоатчилик комиссияси ишини самарали ташкил этиш билан узвий боғлиқлиги, ўз навбатида, нафақат фуқаролар йиғини раислари, балки уларнинг маслаҳатчилари ҳам ҳар томонлама муносиб фуқаролар орасидан сайланишини таъминлаш айни зарурат эканлигидан далолат беради.

Тенг сайлов ҳуқуқи принципи орқали фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчиларини сайлашда фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлашда фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) ҳар бир иштирокчиси бир овозга эга бўлади.

Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан икки ярим йил муддатга сайланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқaрoлaр йиғини рaиси (oқсoқoли) вa унинг мaслaҳaтчилaри сaйлoви тўғрисидa”ги Қонунига кўра, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар ҳамда кўмаклашувчи комиссиялар сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг қонуний манфаатларини ва тенг сайлов ҳуқуқи принципига риоя этилишини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди. Бу борада кўмаклашувчи комиссиялар белгиланган вакиллик нормаси асосида ишчи гуруҳлар томонидан ҳудуддаги уйлар ҳамда кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича ташкил қилинадиган умумий йиғилишларида сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг тўлақонли қамраб олинишига эътибор қаратилиши муҳим ҳисобланади.

Бундан ташқари, вакилларнинг ҳам 2,5 йил муддатга сайланишини ва фуқаролар йиғини ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқишда, муҳокама қилишда ва ижросини таъминлашда қатнашишини инобатга олиб, салоҳиятли шахсларнинг вакиллар сифатида сайланишига аҳамият бериш долзарб вазифалардандир.

Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар тегишли ҳудудда доимий яшайдиган фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда, ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилади. Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчиларининг миқдор таркиби ҳовлилар, уйлар, кўчалардан ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалардан фуқароларнинг вакиллиги инобатга олинган ҳолда, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан белгиланади.

Фуқаролар йиғини раиси ҳамда унинг маслаҳатчиларини сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилади, овоз бериш шакли тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. 

Умуман олганда, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари сайлови иштирокчилари томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Зеро, сайловни Қонунга мувофиқ, юксак ташкилий-ҳуқуқий ва демократик руҳда ўтказиш фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга, -“Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилидан кўзланган мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Зафар РЎЗИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бош илмий ходими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn