Мусаффо ҳаво, гўзал манзаралар
  • 05 Апрель 2016

Мусаффо ҳаво, гўзал манзаралар

Ҳар йили баҳорда юртимизда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади. Натижада шаҳару қишлоқларимиз боғ-роғларга, яшилликка бурканмоқда. Шу кунларда манзарали ва мевали дарахт кўчатлари, анвойи гуллар экиш тадбирлари янада қизғин тус олган. Сабаби, қуёш ҳамал буржига оғган ҳозирги пайтда ўтқазилган ниҳол бехато униб чиқади. Халқимиз “Ҳамал кирди — амал кирди”, деб бежиз айтмайди-да!

Президентимизнинг “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам  деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ҳамда янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳару қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани, айниқса, бу борадаги ишларга янгича руҳ бағишлади. Пировардида бугунги кунга қадар республикамиз бўйича 145 миллион тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахтларнинг кўчат ҳамда қаламчалари, шу жумладан, 368 минг туп ноёб дарахт ниҳоллари ўтқазилди. 

Таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда янги боғлар барпо қилиш билан бирга, автомобиль йўллари, ижтимоий соҳа объектлари, маъмурий бинолар, саноат корхоналари атрофларини ландшафт дизайни асосида кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Яъни ҳар бир туп дарахт ёки бута теварак-атрофдаги бино ва иншоотлар кўринишига уйғунлашиб, яхлит манзара касб этаяпти. Бундан ташқари, улар атмосфера ҳавосини тозалаш, шовқин-суронни камайтириш, қолаверса, шифобахш хусусиятларга эгалиги билан диққатга сазовор. Шу боис яшил ҳудудлар яратишда манзарали ҳамда шифобахш бўлган япон софораси, каштан, Қрим қарағайи, лола дарахти, унаби (чилонжийда) каби дарахт кўчатлари ўтқазилаяпти. 

Лола дарахти улар орасида энг кўркам ва ўзгача жозибаси билан алоҳида ажралиб туради. Бу дарахт баланд бўлиб ўсиши, худди лолани эслатувчи камалакранг тусдаги гуллари билан барчани мафтун этади. Аммо унинг кўчатини етиштириш осон эмас. 

Юртимизда ушбу ноёб турнинг иқлим шароитимизга мослаштирилгани, ҳатто кўчатчилиги йўлга қўйилгани айни муддао бўлаётир. Ҳар бир ўрмон хўжалигида махсус кўчатзорлар ташкил этилгани шу каби ноёб дарахт ниҳолларини етиштиришда қўл келаяпти. 

Каштан ҳам лола дарахти сингари ўта фусункор наботот намунасидир. Унинг гуллаш даврини ақалли бир бора кўрган киши бунга ишонч ҳосил қилади, албатта. Шамларни эслатувчи гуллари бамисоли нурлари порлаб турган улкан қандилга ўхшайди. Шунинг учун бу дарахт кўчатини сайилгоҳ ва турли истироҳат боғларига экиш урфга айланмоқда. У 200 — 300 йилгача яшаши, бизнинг шароитда зараркунандалар билан деярли зарарланмаслиги эса эътиборга моликдир. Илдизлари мустаҳкамлиги туфайли кучли -шамол эсадиган ҳудудларда ҳам бемалол ўсаверади. 

Мамлакатимизнинг қисман шўрланган ёки шўрланишга мойил ҳудудларида кўктерак, қоратол, жийда, қайрағоч, заранг, шумтол, акация, тут, наъматак каби дарахт ва буталар ниҳолларини ўтқазиш тавсия этилса, тоғли ҳудудларда арча, бодом, писта, экин май-донлари четларига эса терак ҳамда бошқа тез ўсувчи дарахт кўчатларини қадаш мақсадга -мувофиқдир.  

Мутахассисларнинг таъкидлашича, иҳота дарахтзорлари ён-атрофдаги экинларни кучли шамолдан ҳимоя этибгина қолмасдан, балки қулай микроиқлим ҳосил қилади. Яъни намликни ошириб, ирригация тармоқлари ва тупроқ юзасида буғланишни камайтиради. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Кўп йиллик кузатишларга қараганда, иҳота дарахтзорлари ўтқазилган далаларда ёз ойларида ҳаво ҳарорати 2,9 — 3,5 даража паст, нисбий ҳаво намлиги 3 — 20 фоиз юқори бўлади. Шунингдек, бир гектар ердаги япроқли дарахтлар йилига 5 тонна карбонат ангидрид газини ютиб, 100 тоннагача чангни тутиб қолади. Бу каби омиллар микроиқлимни яхшилаб, экинлар баравж ривожланиши, ҳосил тез етилишини таъминлайди. 

Дарахтзорларнинг биологик дренаж сифатидаги вазифаси ҳам ғоятда беқиёс. Чунки улар илдизлари билан чуқур қатламлардаги сизот сувларини сўриб олиб, зах кўтарилиши, тупроқ шўрланиши ҳамда ботқоқланишнинг олдини олади. Бу биомелиоратив омил юртимизнинг шўрланишга мойил ҳудудлари учун ниҳоятда муҳим.

Кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизга хос эзгу фазилат. Миллий удумларимизга кўра, оилада ўғил бола туғилса, унга атаб ниҳол экилади. Соғлом она ва бола  йилида ушбу эзгу анъана янада кенг кўлам касб этмоқда.

Гап шундаки, ҳар бир юртдошимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига атаб, “Мустақилликка менинг туҳфам” шиори остида 25 тупдан кўчат экмоқда. Натижада тураржойлар ва маҳаллалар яшилликка бурканиб, янги боғ-роғларга асос солинаяпти. Бу эзгу ишлар ҳашар йўли орқали бажарилаётгани, -айниқса, қувонарлидир. 

Қаердаки, дарахт экилса, ўша жойда ободлик, гўзаллик, қут-барака ва фаровонлик бўлади. Шу маънода, бугун  ўтқазилаётган ниҳоллар тез орада улкан дарахтларга -айланиб, хонадонларда файзу барака янада ортиши, аҳоли саломатлиги мус-таҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Ҳожимурод ТОЛИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги 

вазирлиги Ўрмон хўжалиги 

бош бошқармасининг 

бўлим бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn