Бунёдкорлик ва амалий шижоат самараси
  • 05 Апрель 2016

Бунёдкорлик ва амалий шижоат самараси

“Агар бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган иморатларга -боқинг”. Бундан етти аср муқаддам Амир Темур амри билан бунёд этилган маҳобатли ва муҳташам Оқсарой пештоқига битилган ушбу сўзларни ўқигач, бобокалонимизнинг бунёдкорлик борасидаги бемисл қудрати, юксак даҳоси, асрларга татигулик эзгу ишларини яна бир карра ёдга оласиз.

Муҳими, соҳибқирон бошлаб берган улуғвор ишлар авлодлар учун ибрат, бунёдкорлик, ободончилик борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатларимиз учун дастуриламал бўлаяпти.

Амир Темур улкан давлат барпо этиш билан бирга, кенг қамровли бунёдкорлик ишларини олиб борган: шаҳарлар, қўрғонлар, карвонсаройлар, бозорлар, работлар, суғориш тармоқлари, экинзорлар, боғ-роғлар ва яна кўплаб турли иншоотлар қурдирган. Президентимиз Ислом Каримов бобокалонимизнинг ана шу ибратли фаолиятига тўхталиб, “Рўйи заминнинг сайқали бўлмиш Самарқандда, Шаҳрисабз, Бухоро, Тошкент ва соҳибқирон қурган бепоён салтанатнинг бошқа ҳудудларида бунёд этилган нодир -меъморий обидалар, тенгсиз боғу роғлар Темурбек бобомизга хос амалий шижоат самарасидир”, дея таъкидлагани ҳам бежиз эмас.

Бунёдкорлик ишлари аниқ режа асосида олиб борилган ва улар учта асосий йўналишни ташкил қилган. Булар — шаҳарсозлик, турли обидалар, ободончилик масканлари барпо этиш, ҳунармандчилик ҳамда халқаро савдо, илм-фан ва маданият -ривожи. Шаҳарсозлик фаолиятида маъмурий марказлар, халқаро савдо йўлларидаги шаҳарлар ҳамда шаҳар-қўрғонлар қуришга катта эътибор қаратилган. Маъмурий марказлар сифатида иккита кентнинг нуфузи энг юқори ўринда турарди. Биринчиси Самарқанд бўлса, иккинчиси кўҳна Кеш (Шаҳрисабз)дир. 

Кўп жиҳатдан Самарқанд қулай бўлганлиги сабабли, соҳибқирон ушбу шаҳарни пойтахт учун танлади. Шарафиддин Али Яздий ҳам “Зафарнома” асарида бу ҳақда: “...ул муборак шаҳарни давлат байроғининг марказига айлантириб, пойтахт қилди. Шаҳар қўрғонининг қалъасини қуришга, олий иморатлар ва тиллакори қасрлар барпо этишга фармон берди...

Тез орада Самарқанд, ул динпарвар жаҳондорнинг ҳукмронлиги ва адолати бахтига, ўта ободлигидан, (унда) яшовчи аҳолининг кўплигидан дунёнинг яқин ва узоқ (ўлка)ларидан келиб-кетувчиларнинг серқатновлигидан энг олий даражага етди”, деб ёзган.

Самарқандга ташриф буюрган Кастилия қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавихо бу ҳақда: “Шаҳар боғлар ва узумзорлар билан ўралган, улар баъзи жойларда бир-икки лига 

(5 — 10 км.) масофагача ястанган. Шаҳардан кўра, унинг деворидан ташқарисида аҳоли кўпроқ. Шаҳар атрофидаги боғларда ҳашаматли саройлар қурилган, уларнинг бир қисми Амир Темурга тегишли; ундан ташқари, бу боғларда шаҳар зодагонларининг ҳам ўз кўшк-саройлари бор”, дейди. Демак, соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тадбирлари, ўз навбатида, бошқаларни ҳам руҳлантирган ва улар бу хайрли ишларга ўз улушларини қўшганлар.

Бобокалонимизнинг жаҳон аҳамиятига молик яна бир эзгу тадбири бу — халқаро савдо йўлларини тиклаш ва ривожлантириш бўлди. Унинг саъй-ҳаракати билан Буюк Ипак йўли қайта тикланди. Евроосиё мамлакатлари бўйлаб тармоқланган мазкур халқаро савдо йўли Мовароуннаҳр ҳудудига икки — Кошғар ҳамда Еттисув орқали кириб келган. Буюк Ипак йўлида кўпгина шаҳарлар шаклланган. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Кеш (Шаҳрисабз), Хўжанд, Тошкент, Шоҳруҳия, Ахсикат, Андигон, Ўзганд, Ўтрор, Термиз, -Хоразм (Урганч), Ҳисори Шодмон, Ҳирот, Балх, Марв, Оқсув, Кошғар, Ёркент, Хўтан, Турфон, Қумул ёзма манбаларда халқаро савдо йўлларидаги шаҳарлар сифатида қайд этилган. 

 “Шаҳарда бемалол савдо-сотиқ ишлари олиб бориш учун махсус майдон бўлмагани сабабли, сеньор (Темурбек) бутун шаҳарни кесиб ўтувчи йўл ўтказишни ва унинг иккала томонига савдо дўконлари қуришни буюрди. Бу ишни кечаю кундуз давом эттириб, (тез орада) кўчани жуда кенгайтирди ва (йўлнинг) икки томонига чодирлар тикди; ҳар бир чодир олдига яхлит оқ (мармар) кошинлар қўйилган баланд ўриндиқлар ўрнатилган эди. Ҳамма чодирлар иккитадан қилиб бирлаштирилган ва унга ёруғлик тушиб туриши учун деразалар қўйилганди. Чодирлар қурилиши тугаши билан у ерга савдогарларни юбордилар ва улар ўз молларини сотишга киришдилар. Кўчанинг баъзи жойларига фавворалар қурилганди. Ана шундай катта иш йигирма кунга қолмай ниҳоясига етказилган эди, ҳайрон қоласан киши”, деб таъкидлайди Клавихо бу ҳақда.

Амир Темур она шаҳри Кешда ҳам ҳашаматли бинолар — Оқсарой ва Доруссаодат мажмуалари, мадраса, хонақоҳ, работ, ҳовузлар, боғ-роғлар бунёд этди. Соҳибқирон бутун умри давомида Шаҳрисабзда улкан бунёдкорлик ишларини олиб борган. 

Айниқса, гўзал Оқсарой ҳақида Заҳириддин Муҳаммад Бобур шундай ёзади: “Ўзига девон ўлтурур учун бир улуқ пештоқ ва яна ўнг ёнида ва сўл ёнида тавочи беклари била девон беклари ўлтуруб девон сўрар учун, икки кичикрак пештоқ қилибтур. Яна сўврун эли ўлтурур учун бу девонхонанинг ҳар зилъида кичик-кичик тоқчалар қилибтур, мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким, Кисро тоқидин бу буйикрактур”. 

Амир Темур ўз давлатида жорий қилган бунёдкорлик анъаналари ХV асрда темурийлар давлатида унинг авлодлари томонидан ва кейинчалик Бобурийлар даврида давом эттирилди. 

Омонулло БЎРИЕВ, 

Тошкент давлат шарқшунослик институти 

ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номидаги 

Шарқ қўлёзмалари маркази катта илмий ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn