Инновацион ишланмалар ва тараққиёт
  • 02 Апрель 2016

Инновацион ишланмалар ва тараққиёт

Президентимиз ўз чиқишларидан бирида “…биз яшаётган XXI аср — интеллектуал  бойлик ҳукмронлик қиладиган аср. Кимки бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб олмаса, интеллектуал билим, интеллектуал бойликка интилиш ҳар қайси миллат ва давлат учун кундалик ҳаёт мазмунига айланмаса — бундай давлат жаҳон тараққиёти йўлидан четда қолиб кетиши муқаррар”, дея таъкидлаган эди.

 

Чиндан ҳам, мазкур юз йилликда ақлий салоҳиятни ҳар қачонгидан кўра фаолроқ намоён этишга тўғри келади. Шу боис юртимизда таълим-тарбия жараёнидан тортиб, илм-фанни ривожлантириш, ҳар бир соҳага илғор технологияларни жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Истиқболли ғояларни таклиф этаётган, кашфиётга, янгиликка қўл урган ёшлар, тадқиқотчилар, олимлар қўллаб-қувватланиб, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга кенг шароит яратиб берилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Фарғона шаҳрида ўтказилган IХ Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида намойиш қилинган ихтиролар, инновацион ғоялар билан яқиндан танишганлар юртимизда бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз мевасини бераётганига яна бир карра гувоҳ бўлишди. Тадбирда мамлакатимиздаги 50 дан ортиқ олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот муассасалари томонидан саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, соғлиқни сақлаш, ахборот-технологиялари каби қатор йўналишларда 200 дан ортиқ ишланма ва лойиҳалар тақдим этилди.

— Биз оқова сувни қайта ишлайдиган қурилмамизни таништираяпмиз, — дейди Наманган давлат университети талабаси Мирзоулуғбек Холмирзаев. — Фойдаланилган обиҳаётни механик усул билан тозалаб, уни яна ишлатиш мумкинлигини амалда синаб кўрдик. Шу орқали бебаҳо неъмат — ичимлик сувини тежаш самарадорлигини ошириш мумкин.

Ярмаркада иқлим шароитимизга мослаштирилган экинлар навлари, биноларни иситиш ва ёритиш тизимлари, энергия ресурсларини тежайдиган технологиялар, маҳаллий хом ашё асосидаги янги  маҳсулотлар ишлаб чиқаришга оид ғоялар кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Фарғона политехника институти олимлари томонидан намойиш этилган светодиодли кўча чироқлари тайёрлаш лойиҳаси — шулардан бири.

— Бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш долзарб масала бўлиб турибди, — дейди мазкур институт профессори, техника фанлари доктори Сирожиддин Эргашев. — Биз таклиф этаётган, қуёшдан қувват олувчи ёритиш тизими экологик талабларга тўла мос келади. Энергияни 70 фоизгача тежаш имконини беради. Яна бир афзаллиги, бу турдаги лампалардан узоқ муддат фойдаланиш мумкин.

Тадбир якунида вилоятдаги саноат корхоналари ва ташкилотлар, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан тадқиқотчилар ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

* * * 

Жиззах шаҳрида ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази ҳамкорлигида ана шундай ярмарка ташкил этилди.

Унда илмий тадқиқот институтлари, тажриба-конструкторлик ҳамда олий таълим муассасаларининг 100 дан зиёд ишланмалари, ғоялари намойиш қилинди. Булар ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, энергия тежамкор технологиялар, нанотехнологияларни ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Анжуман якунида янги технология, лойиҳа ва ишланмаларни иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўллаш юзасидан келишувларга эришилди.

Набижон СОБИРОВ,

Тожиддин ҚАМАРОВ.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn