Бир дақиқада 118 бор
  • 02 Апрель 2016

Бир дақиқада 118 бор

“Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирган ҳамюртимиз борми? Албатта, бор! У тош кўтариш бўйича дунё рекордчиси Муҳтарама Алиевадир. Тўмарис ва Барчинойлар давомчиси билан суҳбатлашганимизда камтарлиги, мақсади йўлида собитқадамлиги яққол сезилди. 

— Инсоннинг имкониятлари жуда чексиз, — дейди у. —  Астойдил киришсангиз, албатта, кўзлаган мақсадга етасиз. Бунга  спортчи сифатида кўп бор гувоҳман.

— Тош кўтариш билан шуғулланишингизга ким ёки нима сабаб бўлган? Айниқса, қиз боланинг бундай спорт турини танлаши кам кузатилади. Балки сиз полвонлар сулоласидандирсиз?

—  Тўғриси, полвонлар сулоласидан эмасман. Болалигимда жуда нозик, касалманд эдим. Шифокорлар ҳатто яшаб кетишимга ҳам гумон қилишган. Лекин спорт мени ҳаётга қайтарди, уни севишга ўргатди. Отамнинг қўллаб-қувватлаши, тинимсиз меҳнат -орқасидан соғлом бўлдим. 

Тош кўтаришга эса Наврўз сайилларига борганимда, дорбозлар ва полвонлар маҳоратларини кўрганда ҳавас уйғонган. Халқимизга хос ушбу миллий спорт турини танлаб асло кам бўлмадим. Бир қатор муваффақиятларни қўлга киритдим. Қизиғи, -арқонда “Нексия” автомобилини бир неча метрга тортиб бордим. 

— Қандай қилиб рекордлар китобига кирдингиз?

— Бунинг учун суперспринт дастурида 12 кг. тошни бир дақиқа ичида 118 бор кўтаришим кифоя қилди. Ҳозирда бу борадаги натижаларимни янада яхшиладим. Насиб қилса, рекордимни янгилайман.

— Айни пайтда нималар билан машғулсиз?

— Пойтахтимиздаги Тош кўтариш ва баҳодирлар ўйини федерацияси залида спорт билан шуғулланаман. Опа-сингилларимиз билан тажрибаларимни ўртоқлашаман. Нафақат соғлом, балки бироз саломатлигини йўқотган дугоналаримга баҳоли қудрат ёрдам бериб, соғлиғини тиклашга сабабчи бўлаётганимдан жуда хурсандман. Алоҳида таъкидлашни истардимки, Юртбошимиз таклифи билан жорий йилга мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилиб, Давлат дастури қабул қилингани барчамизни жуда қувонтирди. Сабаби шу асосда хотин-қизлар спортини янада кенг қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади, бу борадаги саъй-ҳаракатлар сифат жиҳатдан янги босқичга чиқади.  

— Рўзғор ташвишлари спорт формангизга салбий таъсир кўрсатмайдими? Ёки турли қувват берувчи воситалардан фойдаланасизми?

— Ўзимизнинг серқуёш ўлкамизда етиштирилган ноз-неъматларга ҳеч нарса тенг кела олмайди. Масалан, асал ва ўрик туршаги менинг доимий истеъмол қиладиган егуликларим сирасига киради. Тўғри, қайсидир маънода сунъий бўтқалар спортчи учун -муҳим ўрин тутар. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Улар келтирадиган маълум бир миқдордаги фойдани деб организмга зиён етказиб қўйиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунинг учун мутахассислар ва  мураббийлар тавсиясига қулоқ солиш, меъёрни ушлаш мақсадга мувофиқ.

— Келажакдаги мақсадларингиз қандай?

— Улар жуда кўп. Энг асосийларидан бири Эквадорнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланган Чимбарасо вулқонлар тоғининг 6268 метр баландликдаги чўққисини забт этиб, у ерга Ватанимиз байроғини ўрнатишдир. 

С. МАХСУМОВ 

суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn