Юксак марраларга интилган авлод
  • 01 Апрель 2016

Юксак марраларга интилган авлод

Аввал хабар берганимиздек, Қашқадарё вилоятида “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши томонидан ташкил қилинган ушбу акция доирасида воҳадаги таълим муассасаларида ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари, танлов ҳамда семинарлар уюштирилди. 

Уларда депутатлар, ёзувчи-шоирлар, олимлар, актёрлар ҳамда таниқли эстрада хонандалари қатнашгани тадбир нуфузини янада оширди. “Юртимни обод этаман!”, “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Депутат ва ёшлар”, “Оммавий мада-ният” ва ёшлар маънавияти”, “Нуронийлар эъзозимизда” каби лойиҳалар қашқадарёлик йигит-қизларда катта таассурот қолдирди. Турли танловлар эса янги авлод вакилларига ўз истеъдод ҳамда салоҳиятларини намойиш этишга кенг имконият яратди.

Чунончи, фестиваль доирасида Муборак туманидаги 1-умумтаълим мактабида, Касби тумани маданият ва аҳоли дам олиш марказида халқаро -танловлар ҳамда фан олимпиадаларида муваффақият қозонган ёшлар, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари иштирокидаги учрашувлар кўтаринки руҳда ўтди. Фаол ўқувчиларга бадиий асарлар совға қилингани уларни янада қувонтирди.

Туманларда уюштирилган “Марра бизники!” лойиҳаси доирасидаги марафон, “Кичик фильмдан катта кинога”, “Талабалар театр студиялари”, “Ватаним — менинг фахрим!”, “Ёшлар — жонли ижро тарафдори” каби тадбирларда ёшлар ижодий салоҳиятини намойиш этишди. 

Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари учун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Барон” бадиий фильми намойиш қилинди. Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ёмон иллатлардан сақланиш мавзуига бағишланган ушбу картинадаги воқеалар томошабинларни мулоҳазага чорлади.

Фестивалнинг унутилмас воқеаларидан яна бири Касби туманида “Камолот” -уйларини фойдаланишга топшириш маросими бўлди. Тўрт қаватли, 32 та хонадондан -иборат бу кўркам иншоотда ёш оилалар учун барча зарур шарт-шароит яратилган. 

Уч кун давом этган ёшлар байрами Қарши шаҳрида ўтказилган “Мустақиллик фарзандлари” деб номланган гала-концерт билан якунланди. Шу куни турли соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритган бир гуруҳ истеъдодли йигит-қизлар тақдирланди. 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ.

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn