Пластик карточка: Имкониятлари кенг, фойдаланиш учун қулай
  • 01 Апрель 2016

Пластик карточка: Имкониятлари кенг, фойдаланиш учун қулай

Мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар туфайли республикамиз банк тизими барқарор фаолият юритмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, аҳоли учун қулай бўлган янги турдаги хизматлар мунтазам равишда жорий этиб келинаяпти.

Пластик карточкалар орқали ҳисоб-китоб қилиш амалиёти шулардан бири бўлиб, у жуда қисқа вақт ичида аҳоли турмуш тарзининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ҳисоб-китобнинг ушбу усули, энг аввало, қулайлиги, -тезкорлиги билан устунликка эга. 

Чиндан ҳам, харид қилинган товар ёки кўрсатилган хизматлар учун нақд пулсиз ҳисоб-китоблар шакли қимматли вақтингизни тежайди. Қолаверса, ҳисобварақларда сақланаётган маблағлар қолдиғига фоиз ҳисобланадики, бу қўшимча даромад олишнинг яна бир манбаидир. Энг муҳими, пластик карточкалардаги пул маблағлари ҳимояланган, унинг соҳиблари йўқотиб қўйиш, ўғирлатиш каби ҳолатлардан чўчимаса ҳам бўлади. Шу каби афзалликлари боис юртимизда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Президентимизнинг 2006 йил 3 августдаги “Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бу борада дастуриламал бўлаяпти. 

Натижада бугунги кунда муомалага чиқарилган банк пластик карточкалари сони 16,8 миллионтадан ошган бўлса, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ўрнатилган тўлов терминаллари эса 187,7 мингтага етказилди. Шу билан бирга, банк мижозларига янада қулайлик яратиш мақсадида аҳоли гавжум жойларда пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи 2 минг 440 тадан зиёд кўп функцияли -инфокиоск ва банкоматлар ўрнатилган. Пировардида пластик карточкалар орқали қилинаётган тўловлар ҳажми охирги 5 йил мобайнида 5 мартага ортиб, унинг савдо ҳамда пуллик хизматлар соҳаларидан тушумлардаги улуши 60 фоиздан ошди.

Таъкидлаш керакки, республикамиздаги тижорат банкларида пластик карточкалар, тўлов терминаллари ва инфокиосклар бўйича тегишли захиралар яратилган. Аҳоли талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, улар муомалага чиқарилиши ва жойлаштирилиши мумкин. Зеро, қўшимча пластик карточкаларни муомалага чиқариш, “Сўм” пластик карточкалари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан риоя этилиши лозим бўлган амалдаги тариф режасига ўз-гартиришлар киритиш, янги турдаги банк хизматларини жорий этиш — буларнинг барчаси давомий жараён бўлиб, замон талабларига қараб ўзгариб бораверади. Хусусан, 2016 йил 25 февралда Марказий банк ҳамда Банклар ассоциацияси томонидан юқоридаги ягона тарифлар режасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб пластик карточкалардаги қолдиқ маблағларга йиллик Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда, яъни камида 9 фоиз қўшимча фоиз ҳисобланиши, жисмоний шахслар пластик карточкаларини (иш ҳақи, пенсия, нафақа, стипендия ва оилавий карточкалар) фойдаланиш муддати тугаганда қайта эмиссия қилишда (алмаштиришда) банк хизмат ҳақи ундирилмаслиги, банк эмитентидан қатъи назар, жисмоний шахснинг пластик карточкасидаги маблағлар бошқа бир -жисмоний шахс пластик карточкасига ўтказилганда ёки кирим қилинганда банк хизмат ҳақи ундирилмаслиги белгилаб қўйилди. 

Янги тарифлар режасига биноан, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам янада қулайлик яратилди. Гап шундаки, аввал корпоратив пластик карточкани эмиссия қилишдан олдин 20 еврогача банк хизмат ҳақи ундирилган бўлса, эндиликда бу қиймат 5 еврогача этиб белгиланди. Ёки бўлмаса, илгари йўқотилган ёинки шикастланган корпоратив карточкалар ўрнига янгиси берилганда 25 еврогача банк хизмат ҳақи ундирилар эди. Эндиликда эса бу кўрсаткич 10 еврогача камайтирилди.

Маълумки, пластик карточка орқали ҳисоб-китоблар Ўзбекистон ҳудудида масофа билмас хизмат тури ҳисобланади. Мисол учун, бугунги кунда он-лайн режимида ишлайдиган “электрон ҳамён”лар ёрдамида тўловларни исталган вақтда масофадан туриб, банк операторисиз ёки уларни қабул қилувчи ускуналарсиз амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, “Uzcard-Click”, “М-Ваnк”, “U-Pay”, “Mobilsavdo” каби тўлов хизматлари йўлга қўйилган бўлиб, улар кўмагида коммунал, мобиль алоқа хизматлари учун тўловлар амалга оширилиши баробарида, пластик карточкадаги маблағлар тўғридан-тўғри бошқарилади.

Айтиш лозимки, республикамизда ташкил этилган “Uzcard” тўлов тизими жаҳон талабларига жавоб берувчи юқори даражада ҳимояланган, яъни ҳар бир пластик карточка эгаси карточка ҳисоб рақамидаги пул маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи шахсий идентификация рақамига эга. Бу орқали бегона шахслар томонидан сохталаштириш ва пластик карточка эгаси рухсатисиз фойдаланишга йўл қўйилмайди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда, -мижозлар ҳисоб рақамидан маблағ ечиш ҳамда унга пул ўтказиш Умумреспублика ягона процессинг маркази орқали амалга оширилади. Бу, ўз навбатида, мижозлар ва сотувчиларни турли қаллоблик ҳамда алдовлардан ҳимоя қилишни таъминлайди.

Нақд пулсиз хисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган ана шундай ислоҳотлар туфайли бугунги кунга келиб, тизимда соғлом механизм тўла шаклланди. Бу маблағлар айланишини назорат қилиб бориш ҳисобига пул массасини бошқариш, муомаладаги нақд пулнинг умумий ҳажмини қисқартиришга ижобий таъсир этмоқда.

Буларнинг барчаси пировардида халқимиз учун қўшимча қулайликлар яратмоқда, сифатли ва замон талабларига мос банк хизматлари кўрсатилаётир. Молия-банк тизимида эса бугунги ютуқлар билан кифояланиб қолмай, бундан кейин ҳам янгиланишлар изчил давом эттирилаверади. 

Миразиз МИРҲАЁТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 

Пул муомаласи департаментининг 

бошқарма бошлиғи ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn