Журналистлар малака оширди
  • 31 Март 2016

Журналистлар малака оширди

 

Урганч шаҳрида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари -сайловининг очиқ ҳамда ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва ролига бағишланган ҳудудий ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Олий Мажлис Сенати ҳамда “Маҳалла” фонди ҳамкорлигида ўтказилган ушбу тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидаги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналистлар иштирок этди. Икки кун давомида улар фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови жараёнини ёритишга оид билим ҳамда тажрибаларини мустаҳкамлашди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови давлат ҳамда жамият қурилишининг барча жабҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш, шунингдек, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган бир шароитга тўғри келаётгани унинг ҳар бир иштирокчисидан пухта билим ва юксак масъулиятни талаб этади. Шу боис семинарда сенаторлар, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, -Савдо-саноат палатаси ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар мутахассисларининг маърузаларига кенг ўрин берилди.

Юртимизда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва уни бугунги кун талаблари даражасида ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қатнашчилар томонидан алоҳида қайд этилди. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқур-лаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган устувор вазифалар асосида қабул қилинган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган қоидаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳамда уларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш масалаларига эътибор қаратилди.

Тадбирда фуқаролар йиғинларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловни мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ғоят муҳим омили сифатида очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида ташкил этиш, сайлов жараёнига аҳолини,  айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун шарт-шароитлар яратилганига алоҳида эътибор қаратилди. Айни чоғда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича энг муҳим талаблар ҳамда мақсадли вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

— Фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга, — дейди  Қорақалпоғистон Республикасидаги “Оқманғит тонги” газетаси муҳаррири Абдумалик Хўжаназаров. — Биз, журналистлар бўлажак сайловнинг аҳамиятини, ҳуқуқий асосларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш, унинг очиқ-ошкора ўтиши ҳамда юксак ишчанлик ва ахлоқий фазилатларга эга, муносиб фуқаролар сайланишини таъминлашга арзирли ҳисса қўшишимиз лозим. Бу борада бизга семинар чоғида олган соҳага оид билимлар қўл келади. Ҳозирданоқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир таҳлилий, профессионал даражада тайёрланган материаллар бериб боришга киришдик.

Икки кунлик ўқув-семинар чоғида иштирокчилар сайловда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари тўла таъминланиши учун яратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит ҳамда сайловни ўтказиш бўйича белгиланган тартиб-тамойиллар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишди.

— Тадбир давомида ўтказилган назарий машғулотлар бизнинг сайлов жараёнидаги фаолиятимизда асқатади, — дейди Хоразм вилоятидаги  “Камолот пресс” газетаси муҳаррири Ромон Отажонов. — Хусусан, мавзу бўйича таҳлилий мақолалар тайёрлаш, ахборотдан фойдаланиш, респондентларни жалб қилиш, интервью ташкил этишга бағишланган маҳорат дарслари келгуси фаолиятимизда ҳар жиҳатдан ёрдам беради. Бундан ташқари, бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича тўпланган тажриба ҳақида газета, телевидение, радио ва бошқа ОАВ вакиллари билан фикрлашиб олдик.

Журналистларнинг фуқаролар йиғинлари сайлови билан боғлиқ билим ва малакасини оширишга қаратилган бундай тадбирлар бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилмоқда.

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи»  мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn