Бири кашфиётчи, бири раҳбар, бири жаҳонга танилган...
  • 31 Март 2016

Бири кашфиётчи, бири раҳбар, бири жаҳонга танилган...

Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинчлиги ва фароғати ёшларнинг яхши тарбиясига асосланади. Шу маънода, Президентимиз раҳнамолигида таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш масаласига устувор вазифа сифатида қараб келинаётгани бежиз эмас. Зеро, халқимиз Ватанимизнинг юксак тараққиётини, унинг порлоқ истиқболини суюкли фарзандларимиз қиёфасида, баркамол ёш авлод тимсолида, уларнинг яратувчанлик кучида кўради.

Ўйлаб кўринг, илгари болаларимизнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор, ғамхўрлик кўрсатилган, дея оламизми? Яқин ўтмишни ёдга олсак, бу саволимизга жавоб топилади. Мактабимизнинг хароб аҳволидан хижолат чекардик. Махсус синфхоналар ҳақида орзу қилиб ҳам бўлмасди. Шундай  шароитда икки босқичда дарс берардик. Бахтимиз шуки, истиқлол йилларида бундай манзараларга бутунлай барҳам берилди. 

Фарзандларимиз тарбияси ҳақида сўз юритганда, албатта, бу масаланинг муҳим жиҳати бўлган спортни тилга оламиз. Чунки соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда унинг ўрни беқиёсдир. Шу ўринда бир мисол. 9-синф ўқувчиси Ширин Раҳимова спортнинг шотокон каратэ-до тури бўйича нафақат ўзимизда,  қатор халқаро мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришиб келаяпти. Етти карра Ўзбекистон, уч бор жаҳон чемпиони бўлди. Спорт усталигига номзод.  Ўтган йили дунё биринчилигида қатнашиб, битта кумуш, иккита бронза медалини қўлга киритди. 2015 йилда  Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Унга ўхшаган фарзандларимиз кўп.

Бугунги авлод мустақил юртда ҳеч кимдан кам бўлмай камол топмоқда. Уларнинг юриш-туриши, одоб-ахлоқи, дунёқараши, интилишлари ҳам шунга яраша юксак даражада. Бири тадбиркор, бошқаси кашфиётчи, яна бири йирик корхонада иш юритувчи, қанчадан-қанчаси эса жаҳонга танилган спортчи. Улар билан бирга қувониб, болаларимизнинг баланд парвозидан ифтихор туямиз.

Анор МАҲМУДОВА, 

Гурлан туманидаги

5-мактаб директори, Ўзбекистон Қаҳрамони.

 

Эътироф

Золтон ШОМОГИ, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори:

— Ўзбекистон — беқиёс имкониятлар мамлакати. Бу фикрни бугун дунё жамоатчилиги ҳақли равишда бот-бот эътироф этмоқда. Чиндан ҳам, мустақил тараққиёт йўлидан дадил бораётган юртингиз барқарор иқтисодиёти, илм-фан, таълим, маданият, спорт, қўйингки, ҳар бир соҳада эришаётган ютуқлари билан ана шундай таърифга муносиб эканини исботламоқда.

 

Ричард ХАРВИ, “Ист Англия” университети Лондон бўлими декани (Буюк Британия):

— Касбим тақозосига кўра, кўп мамлакатларда бўлганман, манаман, деган шаҳарларни томоша қилганман. Уларнинг ҳар бири ўзига хос ва мафтункор. Аммо Ўзбекистоннинг жозибаси, юртингиз аҳолисининг бири-бирига муносабати бошқача экан.

Қаердаки, тинчлик-осойишталик ҳукмрон, одамлар эса ҳаётидан мамнун ва рози бўлса, ўша ерда ривожланишга, ҳар томонлама тараққиётга эришилади. Шу маънода, Ўзбекистондаги осуда ҳаёт, қўлга киритилаётган юксак марраларга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn