Шодлик ва ободлик қишлоқлари
  • 31 Март 2016

Шодлик ва ободлик қишлоқлари

Инсон бахтли яшашга интилади. Жамиятда тинчлик-фаровонлик ҳукм сурса, айниқса, одамлар иқболи учун ҳамма шароит яратиб берилган бўлса, ушбу эзгу мақсад, албатта, рўёбга чиқади. Юртимизда ана шу омилларнинг барчаси мужассам. Ҳалол меҳнат қилиб, рўшноликка эришаман, деган киши учун имкониятлар етарли.

Фикримиз тасдиғи учун Президентимиз ташаббуси билан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган кўркам уйларни мисол сифатида келтириш мумкин. Зеро, ана шундай тураржойларга кўчиб ўтиб, турмуши янада фаровон бўлаётган оилалар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Нукус туманидаги Саманбой қишлоғининг қиёфаси бугун кўркам шаҳарчага ўхшайди. Чунки ушбу фуқаролар йиғини ҳудудидаги Узункўл мавзесида қурилган 515 та замонавий янги уй шодлик ва ободликка бурканган қишлоққа ўзгача чирой бахш этиб турибди. 

Қувонарлиси, Соғлом она ва бола йилида ушбу хонадонлардан биттаси бизнинг оиламизга насиб этди. Кенг ва ёруғ тўрт хонали, иссиқ ва совуқ сув, томорқа ери бор, хуллас, барча шароит муҳайё қилинган уйга кўчиб ўтиб, шодликдан бошимиз осмонга етди. Айниқса, икки жажжи ўғлимнинг қувонганини айтмайсизми?! Чунки янги -уйимизда улар учун алоҳида хона бор. 

Яна бир қулайлик, хонадонимиз жойлашган маскандан Нукус шаҳри марказига ўн беш дақиқада етиб олиш мумкин. Шундоқ олдимиздаги автомобиль йўлидан йўналишли таксилар ғиз-ғиз қатнаб турибди.  

Айтиш жоизки, бугун Юртбошимизнинг беқиёс ғамхўрлиги туфайли нафақат шаҳарларда, олис қишлоқларда ҳам улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Ана шундай эътибор туфайли банкдан 70 миллион сўмлик кредит олиб, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган  оилавий корхонани ташкил этдик. Беш киши доимий иш билан таъминланган корхонамизда кунига 500-600 килограмм маҳсулот тайёрланиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.

Қисқаси, буларнинг барчаси юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий натижасидир.

Жасур МАҲМУДОВ,

тадбиркор.

Нукус тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn