Ёшлар билан учрашув
  • 30 Март 2016

Ёшлар билан учрашув

уларнинг ҳуқуқий онги юксалиб бораётганини кўрсатмоқда

Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидлаганидек, шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, ёшларнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, интеллектуал бойликларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда.

Мазкур масала шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг олий ўқув юртлари, ёшлар марказлари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда сайловчилар билан учрашувлари доирасида ёшлар иштирокида бўлиб ўтаётган маънавий-маърифий тадбирларда кенг муҳокама этилаётир. 

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ жисмонан бақувват ва маънан етук, интеллектуал салоҳиятли, ҳар томонлама билимли, замонавий касб-ҳунарларни  эгаллаган, мустақил фикрлайдиган ёш авлодни вояга етказиш, уларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан зиёди ёшлардир.

Таъкидлаш керакки, юртимизда изчил ва кучли ёшлар сиёсати олиб борилаяпти. Булар Конституциямиз, мазкур соҳага тааллуқли қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўз ифодасини топган. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун истиқлолга эришганимиздан сўнг биринчи бўлиб қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларидан бири эканлиги ҳам бу борада ўзига хос рамзий мазмун-моҳият касб этади. Шунга уйғун тарзда соҳада кўплаб мақсадли давлат дастурлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий шериклик тобора мустаҳкамланиб бораётгани мазкур эзгу ишларда юқори самарадорликни таъминлаяпти.

Депутатлар ёшлар билан ўзаро ишончга асосланган мулоқотлар давомида давлатимиз раҳбарининг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзининг аҳамияти, ёшларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётгани ҳақида сўзлаб беришди. Ёш авлод вакилларини республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари билан таништирди. Учрашув қатнашчиларининг фикрича, қайси мамлакатда тинчлик ва хотиржамлик ҳукм сурса, ўша ерда ҳамма жабҳада ижобий ўсиш суръатлари сақланади. 

Хусусан, 1-Нукус сайлов округида бўлиб ўтган ана шундай тадбирлардан бирида жамият ҳаётининг барча соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жадал ривожланишга имкон яратаётгани таъкидланди. Шу билан бир қаторда, дунёда кечаётган мураккаб вазиятлар ҳар биримизни огоҳ бўлиб яшашга ундайди. Сабаби, турли таҳдидлар, ёт ғоялар ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатишга уринмоқда. Парламент аъзолари қайд этишганидек, ушбу йўналишда ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда она-юртига муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий маданияти, маънавиятини юксалтириш, қатъий фуқаролик позициясини шакллантиришга эътибор қаратиш муҳимдир. 

Ўз навбатида, ёш авлод вакиллари депутатларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишар экан, бугунги ва эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи, жамият ҳаётидаги янгиланишларда фаол иштирокчи эканликлари ҳақида аниқ тушунчага эгалигини -таъкидлашди.

42-Косонсой сайлов округида ўтказилган учрашувда қатнашчиларнинг эътибори ёшлар сиёсати, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига қаратилди. Хусусан, уларнинг қатор йўналишлари “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида ҳам белгилаб берилган. 

Навқирон авлод вакиллари “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янги таҳрирда ишлаб чиқиш масаласига алоҳида қизиқиш билдирдилар. Улар мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қатор  нормаларини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини айтиб ўтишди. Буларнинг барчаси эртамиз эгалари мамлакатимизда -инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси эканлигининг, уларда фуқаролик позицияси юксалиб бораётганининг ёрқин тасдиғидир.

Умуман, учрашувлар жонли баҳс-мунозара тарзида ўтди. Парламент фракциялари аъзолари ўз партиялари Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, келажак мақсадларига эришиш йўлида таянчимиз ва умидимиз бўлган ёшлар билан ишлашни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олдилар.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn