Тинчлик ва  осойишталик посбонлари
  • 30 Март 2016

Тинчлик ва  осойишталик посбонлари

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Намунали милиция таянч пунктлари” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ҳудудларда ғолиб бўлган 14 та милиция таянч пункти жамоалари қатнашди.

Таъкидланганидек, юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимиз тинчлиги, хавфсизлиги ҳамда осойишталигини таъминлашга йўналтирилган кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Буни ички ишлар тизимида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, маҳаллаларда милиция таянч пунктлари фаолияти йўлга қўйилиб, улар халқимизга ҳар жиҳатдан яқин бўлган малакали профилактика инспекторлари билан таъминланди. Юртимиздаги осойишталик ва барқарорликни таъминлашда маҳалла фаоллари ҳамда профилактика инспекторларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. 

Ўтган йиллар мобайнида милиция таянч пунктларини қуриш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларни малакали профилактика инспекторлари билан таъминлашга қаратилган кўплаб эзгу саъй-ҳаракатлар рўёбга чиқарилди. -Пировардида ҳозирги кунга келиб, ушбу маскан халқимизнинг таянчи ва суянчи сифатида ўзини ҳар томонлама намоён этаяпти. Айни чоғда республикамиз бўйича 3767 та милиция таянч пункти бўлиб, уларнинг барчасида зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Ушбу масканларнинг 77,7 фоизи ҳузурида турли тўгараклар, 79,6 фоизида кичик бизнес шохобчалари, 83,6 фоизида зарур анжомлар билан тўла жиҳозланган спорт майдончалари самарали фаолият кўрсатаётир. Натижада ёшларнинг, умуман, аҳолининг бўш вақти мазмунли ташкил этилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, жойларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари йилдан-йилга камайиб бораётгани эътиборга лойиқ.  

Профилактика инспекторлари билан соҳавий хизматлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик вакилларининг узвий ҳамкорлиги туфайли 2015 йилда 1967 маҳаллада жиноятчилик ҳолатлари умуман қайд этилмагани бунинг амалий ифодасидир.

Қўлга киритилаётган бундай ютуқларда, албатта, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Намунали милиция таянч пунктлари” кўрик-танловининг ҳам аҳамияти беқиёс. Зеро, ушбу танлов асносида яхши натижаларга эришаётган бундай масканларнинг иш тажрибаси ва ютуқлари кенг оммалаштирилаяпти. Бу бошқа милиция таянч пункт-лари учун намуна вазифасини ўтамоқда.

Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган милиция таянч пунктлари фаолияти махсус гуруҳ томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Иштирокчилар иш фаолияти қамраб олинган фотоальбом, видео ва бошқа материаллар чуқур таҳлил қилинди. Айни чоғда ушбу масканларнинг маданий-маърифий кўргазмали ташвиқот лавҳалари билан жиҳозланиши, улар қошида ташкил этилган тўгараклар, кичик бизнес субъектлари ва спорт мажмуалари фаолияти ҳам инобатга олинди.

— Ҳудудимизда 2 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, — дейди Янгиқўрғон туманидаги “Водий” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи 188-милиция таянч пункти профилактика инспектори Ботир Боятов. — Кейинги йилларда бу ерда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кенг ривожланмоқда. Ҳозир маҳалламизда 10 дан зиёд ана шундай субъектлар самарали фаолият кўрсатаяпти. Зарур спорт анжомлари билан жиҳозланган майдончалар ёшлар ихтиёрида. “Намунали милиция таянч пунктлари” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этишнинг ўзи биз учун катта муваффақиятдир. 

Кўрик-танловда юртимизнинг 4 ҳудуди бўйича ғолиб бўлган милиция таянч пунктлари аниқланди. Яъни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи 294, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги Далварзин маҳалласидаги 194, Бухоро вилоятининг Ромитан -туманидаги “Ромитан” қишлоқ фуқаролар йиғинига хизмат қилувчи 94 ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Қилчиноқ” овулидаги 199-милиция таянч пунктлари биринчи даражали диплом ҳамда “Matiz” автомашиналари билан тақдирланди. Кейинги ўринларни эгаллаган жамоаларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. 

— Маҳалламизда ёшларга бўлган эътибор катта, — дейди Юқори Чирчиқ тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 294-милиция таянч пункти профилактика катта инспектори Зайниддин Ҳожиев. — Бу ердаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ишлаб чиқариш цехларида, асосан, ёшлар меҳнат қилади. Ёш авлод вакиллари учун долзарб мавзуларда давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ўтказиш изчил йўлга қўйилган. Буларнинг барчасида фуқаролар йиғини раиси ва фаолларининг кўмагига таянамиз. ўолиблар сафидан жой олганимиздан жуда мамнунмиз. Ўз навбатида, бу зиммамиздаги масъулиятни янада оширади.

Танловда қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, уларга ташкилотчиларнинг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э. Боситхонова, Б. Ҳодиев сўзга чиқди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn