Равон йўллар, муҳташам кўприклар
  • 30 Март 2016

Равон йўллар, муҳташам кўприклар

ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида пойтахтимизда автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши, баъзи йўналишлардаги трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши борасидаги ишлар, уларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Анжуман аввалида Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов амалга оширилаётган ишларнинг мазмун-моҳияти ҳақида муфассал изоҳ бериб ўтди.

Таъкидланганидек, шаҳардаги транспорт воситалари оқимининг ошиб бориши йўл-коммуникация тармоқларида муайян ўзгаришлар қилиш заруратини туғдирмоқда. Ай-тайлик, ҳозирги кунда Шота Руставели ҳамда Муқимий кўчаси чорраҳасида ҳаракатдаги автомобиллар сони соатига 11500 тани ташкил этмоқда. Бу транспорт оқими мавжуд қувватга нисбатан 191 фоизга тенг, деганидир. Ушбу кўрсаткич Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишувида 141 фоиз, Нурафшон кўчасининг Оқтепа майдонига уланиш қисмида эса 131 фоизни ташкил этаётир. 

Мутахассислар фикрича, тирбандликнинг юзага келиши ҳайдовчи ва йўловчиларнинг қимматли вақти йўқотилиши баробарида, ёнилғи сарфи ортиб, атроф-муҳит ифлосланишига ҳам сабаб бўлади. Шу боис шаҳар мутасаддилари мавжуд ҳолатни атрофлича ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда, амалга оширилиши мўлжалланаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Гап шундаки, шаҳардаги трамвай йўлларининг 90 фоизи бугунги замон талабларига -жавоб бермайди. Аҳолига қулайлик яратиш, сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида умумий узунлиги 87,8 километрга тенг трамвай йўли демонтаж қилинади. 

Шу билан бирга, Нурафшон ва Беруний кўчалари чорраҳасидан Оқтепа майдонигача 3,8 километрлик йўл бунёд этилади. 

Анжуманда мавжуд транспорт ҳаракати схемасига киритиладиган ўзгартиришлар, айрим автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ҳамда узайтириш ишлари ҳақида ҳам ахборот берилди. 

Буларнинг барчаси гўзал шаҳримиз кўчаларида транспорт оқимини маромига -келтириш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва йўловчиларга бирдек қулайлик яратишга хизмат қилади, албатта.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn