Навқирон авлод тарбияси ва масъулият
  • 30 Март 2016

Навқирон авлод тарбияси ва масъулият

Оила — инсонни камолот сари етакловчи табаррук маскан. Негаки, ҳар бир мурғак қалб ҳаёт ҳақидаги дастлабки тушунчаларни ушбу даргоҳда англаб, улғаяди. Ўз яқинларига ота-она, бобо-буви, опа-сингил, ака-ука, деб аталмиш қондошлик ришталари билан боғланади. Бинобарин, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш бу, аввало, унинг оиласи, ақл-идроки билан чамбарчас боғлиқ.

Мисол учун, оила қурувчиларнинг ўз рўзғорини иқтисодий томондан таъминлай олиши ҳақида гапирсак, кимдир 18-19 ёшида муайян касбни эгаллаб, турмуши мустақил бўлса, яна кимдир 25-30 ёшда ҳам ота-онасидан моддий мадад кутиб яшайди. Табиийки, барқарор бўлмаган оилада  -муаммолар туғилаверади. Рўзғордаги етишмовчиликлар турли тушунмовчиликни келтириб чиқаради. 

Катта ҳаёт йўлидан дадил одим ташлаш учун ҳар бир фарзанд муносиб тарбия олган, ўз оиласи шаъни, ғурурини сақлашни муқаддас ва шарафли вазифа, деб билиши лозим. Кузатишлар шуни кўрсатаяптики, эрта турмуш қуриш оқибатида кўпгина ижтимоий муаммолар юзага келмоқда. Аҳолининг асосий қисми, яъни 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда улар манфаатини ҳимоялаш, қулай шарт-шароитларда ўқиш, меҳнат қилишлари учун имконият яратиш ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу маънода, эртамиз эгаларининг дунёқараши, орзу-истаклари ҳамда фаоллиги мамлакатимизнинг равнақига бевосита боғлиқ эканлигини унутмаслик керак. 

Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бор. Агар оилада аёл оқила, мулоҳазали бўлса, табиийки, ушбу хислатлар  фарзандларида ҳам шаклланади. Ҳаётий сабоқ ва тадқиқотларнинг кўрсатишича, оила мустаҳкамлигида биринчи омил аёл интел-лекти, деб белгиланган. 

“Қиз бола эса — бу бўлғуси она, фарзандларимизнинг тарбиячиси, — дейди Юртбошимиз. — Қолаверса, аёл зоти жамиятнинг сифат белгисини қўйиб берувчи,  ижтимоий ҳаётнинг муаммоларини бартараф этувчи, ўзининг ақли ва салоҳияти билан фарзандларини камолга етказувчи, тарбия ва маърифатнинг эгасидир”. Шундай экан, қизларимиз нафақат фарзандларни дунёга келтириш, балки уларни баркамол этиб -тарбиялашда ҳам ўз ўрнига эга бўлишлари лозим.

Хабарингиз бор, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида ёшларни ўқиш давридаёқ касбга тўғри йўналтириш асосий масалалардан бири сифатида қайд этилган. Кузатиш ва тажрибалардан маълумки, профессионал малака, кўникма ва билим эгаллаш учун ўсмирлик даври энг маъқул палла ҳисобланади. Касб-ҳунар коллежлари фаолияти айнан шу мақсад рўёби учун хизмат қилади. Бинобарин, мамлакатимизда қанчадан-қанча замонавий касб-ҳунар коллежлари барпо этилди, уларнинг моддий-техника базаси, ўқитувчи ва мутахассисларнинг салоҳиятига эътибор, талаб тубдан ўзгарди. Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш доимий назоратда. Бундай юксак ғамхўрлик кўрсатилаётган пайтда коллежда ўқиётган қизни турмушга бериш унинг орзу-ниятларига эътиборсизлик қилиш, келгуси ҳаётини ўйламаслик, Президентимиз айтганидек, калтабинликдир. Ахир дунёнинг кўплаб давлатларида болаларни ўқитиш учун  ота-она пул тўлашга мажбур. 

Биламизки, аввало, қизлар эгаллаган касб-кори орқали ўзини намоён этади, оила қургач, фарзандига ибрат бўлади ва албатта, рўзғорнинг бир четини кўтаради. Демак, қиз бола, аввало, ҳунар эгаси бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг -муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади. 

Минг таассуфки, баъзан қизларимизнинг эрта турмушга узатилиши турли салбий ҳолатларга олиб келмоқда. Миллий удумга кўра, асосан, келинларнинг оиладаги вазифаси сифатида ҳар хил  юмушларни бажариш талаб этилади. Табиийки, ҳали оилавий муносабатларга тайёр бўлмаган келинчак қайнонаси талаб қилганчалик уй ишларини бажаролмайди. Қолаверса, унинг бу ёшда ҳомиладор бўлиши эса туғиш жараёнида ҳаёти учун хавфли бўлган бир қатор муаммоларни юзага чиқаради. Айрим ота-оналар қизларини эрта узатиб, тезроқ “қарзидан қутулиш” пайида бўлишади. Бироқ фарзанди янги оилага кўникиб, келинлик “юки”ни кўтаришга, энг асосийси, она бўлишга тайёрми? Орзу-ҳавас ўз йўлига, ёшгина қизнинг кейинги тақдири-чи? Наҳотки, бу ҳақда ота-оналар жиддийроқ ўйлаб кўрмаяпти?!

Эрта никоҳ қизларнинг айни ўқийдиган, бирор касбни эгаллайдиган даврига тўғри келиши, ёш организмнинг ҳомиладор бўлишга тайёр эмаслиги нафақат ёш онанинг, балки бўлажак фарзанднинг ҳам саломатлигига салбий таъсир этиши мутахассислар, шифокорлар томонидан бот-бот айтилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, барвақт турмуш қурган қизларда  афсусланиш, ёлғизлик ҳисси, дўстларидан узоқлашиш, яккаланиш каби руҳий ҳолатлар юзага келади. Шунингдек, эрта ҳомиладорлик натижасида ёш аёлда турли психологик  ўзгаришлар, фарзандларнинг муддатидан олдин ёки туғма нуқсонли туғилиши, туғуруқнинг асоратли ўтиши кузатилаётир. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида аёллар, хусусан, қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, шундай деди: “Сизларга яхши маълумки, юртимизда қиз болаларнинг — бўлғуси оналарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда албатта таълим олишини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги кунда -давлат сиёсати даражасига кўтарилган”. Бу сўзлар ҳар биримизни юртимиз келажаги бўлган ёшларимиз тарбиясига янада эътибор билан қарашга ундайди. 

Феруза АКРАМОВА,

психология фанлари номзоди, доцент.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn