ОАВ вакиллари пухта билим эгаллашмоқда
  • 29 Март 2016

ОАВ вакиллари пухта билим эгаллашмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг жорий йил 5 мартдаги қарори билан тасдиқланган 2016 йил май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга доир Тадбирлар режаси ижроси доирасида маҳаллий ОАВ вакиллари учун ҳудудий ўқув-семинарлар уюштирилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Қарши шаҳрида ўтказилди. “Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий -ахборот воситаларининг ўрни ва роли” мавзуидаги мазкур ўқув-семинарда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида фаолият олиб бораётган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Маҳалла” фонди ва бошқа манфаатдор давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уюштирилган анжуман чоғида журналистлар -фуқаролар йиғинлари сайлови билан боғлиқ билимларини мустаҳкамлашди.

Тадбирда шу йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари сайловида 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши мўлжалланаётгани, бу жараён тадбирнинг ҳар бир иштирокчисидан, шу жумладан, журналистлардан пухта билим ва юксак масъулиятни талаб қилиши алоҳида таъкидланди. Қолаверса, бу галги сайлов жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизациялаш амаллари чуқурлашиб бораётган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий шароитда ўтказилаётганлиги унинг ташкилотчилари зиммасига катта масъулият юклайди. Шу маънода, ўқув-семинар ОАВ вакиллари учун айни муддаодир. Зеро, икки кун давомида улар Олий Мажлис Сенати аъзолари, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Халқ таълими -вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар мутахассисларининг мавзу билан -боғлиқ маърузаларини тингладилар. 

Тадбир иштирокчилари маҳалла институтининг юртимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини ҳамда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни она-Ватанга ва миллий истиқлол ғоясига садоқат руҳида тарбиялаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин эгаллаётганини алоҳида эътироф этишди.

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талаблари асосида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда, — дейди  Сурхондарё вилоятидаги “Маънавият гулшани” газетаси бош муҳаррири Норқувват Тўраев. — Машғулотларда мазкур қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти мутахассислар томонидан кенг очиб берилди. Бу, албатта, сайлов жараёнларини изчил ёритишимизда қўл келади. Зеро, бўлажак сайловда энг муносиб номзодларнинг фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сифатида сайланиши юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда беқиёс аҳамият касб этади. Бинобарин, унда фаол иштирок этишимиз мамлакатимизда маҳалла институтининг ўрнини янада мустаҳкамлаш ва нуфузини оширишга хизмат қилади.

Семинарда фуқаролар йиғинлари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга оид қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомиллар ҳақида атрофлича сўз юритилди. Айни чоғда шу жараёнларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари тўла амалга оширилиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш ҳамда сайлов иштирокчиларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишларини таъминлаш масалалари таҳлил қилинди.

— Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларидан аҳолини бохабар қилиб бориш, қонун ҳужжатлари нормалари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, умуман, ушбу тадбирнинг демократик асосда ўтишини таъминлашда оммавий ахборот -воситалари алоҳида ўрин тутади, — дейди Қашқадарё вилоятида чоп этиладиган “Дарё” газетаси муҳаррири Зуҳра Оймаматова. — Икки кун давомида фуқаролар йиғинлари сайловининг қонунчилик асослари ва принциплари ҳақида батафсил билим олиш баробарида, марказий нашрларда фаолият юритаётган ҳамкасбларимизнинг иш тажрибаси билан танишдик. Шунингдек, соҳа фаолиятига оид мақолалар ва таҳлилий материаллар тайёрлаш ҳамда долзарб мавзуларни ёритиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу ерда ўрганганларимиздан бўлажак сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларини кенг ёритишда самарали фойдаланамиз.

Тадбир якунида маҳаллий ОАВ вакилларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ҳузуридаги ахборот хизматлари фаолиятини изчил йўлга қўйишда иштирок этишлари мақсадга мувофиқлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Бундай ўқув-семинарлар бошқа ҳудудларда ҳам  бўлиб ўтмоқда.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn