«Биз — буюк юрт фарзандларимиз!»
  • 26 Март 2016

«Биз — буюк юрт фарзандларимиз!»

Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилоятида «Биз — буюк юрт фарзандларимиз!» шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди.

Навқирон авлодни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, улар қалбида юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантириш орқали ижтимоий фаоллигини юксалтириш, ёшларни “оммавий маданият” ва бошқа иллатлар таъсиридан асраш мақсадида ташкил этилган фестиваль доирасидаги тарғибот тадбирларида депутатлар, маданият ҳамда санъат намояндалари, таниқли спортчилар, ижодкорлар, жамоатчилик вакиллари, турли фан танловлари, халқаро олимпиадаларда юртимиз довруғини дунёга ёйиб келаётган иқтидорли ёшлар қатнашди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан уюштирилган ушбу анъанавий анжуманнинг биринчи кунида пойтахтдан ташриф буюрган тарғибот гуруҳи аъзолари даставвал Қумқўрғон туманида бўлишди. Бу ерда ташкил этилган “Сиз севган қаҳрамонлар”, “Камолот” кутубхонаси” каби лойиҳалар воҳа ёшларига унутилмас онларни тақдим қилди.
Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатлар, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, спорт мажмуалари ҳамда бошқа масканларда ўтказилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас”, “Нуронийлар эъзозимизда”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” сингари тадбирларда ҳам ёшлар фаол иштирок этди.
Учрашувларда давлатимиз раҳбарининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китоби, 2014 йил май ойида Самарқандда “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида ўтказилган халқаро конференцияда сўзлаган нутқининг мазмун-моҳияти ҳақида навқирон авлод вакиллари билан мулоқот қилинди.
— Биз, мустақил юртнинг бахтли ёшларимиз, — дейди Сариосиё туманидаги 4-сон академик лицейи ўқувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Манзура Сайфиддинова. — Фестиваль асносида бизга бўлган меҳр ва эътибор юксак эканлигини яна бир карра чуқур ҳис этдик.
Вилоятнинг барча ҳудудида ўтказилган концерт дастурлари ёшларда катта таассурот қолдирди. Пойтахтдан келган ҳамда вилоятнинг истеъдодли хонандалари ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар рақсларга уланди.
Уч кун давомида уюштирилган ёшлар фестивали доирасида тарғибот гуруҳлари томонидан вилоятнинг Шўрчи, Олтинсой, Узун, Денов, Сариосиё, Бойсун, Қизириқ, Музработ, Жарқўрғон, Ангор, Шеробод, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида ҳам ўғил-қизлар билан дилдан суҳбатлар, учрашувлар бўлиб ўтди.
“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” ёшлар фестивали Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуида ташкил этилган гала-концерт билан ниҳоясига етди. Ушбу тадбирда сурхондарёлик бир гуруҳ фаол ёшларга қатор номинациялар бўйича “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Мамараимов сўзга чиқди.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn