Фуқаролар йиғинлари сайловига тайёргарлик қизғин давом этмоқда
  • 26 Март 2016

Фуқаролар йиғинлари сайловига тайёргарлик қизғин давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси томонидан “Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари” мавзуида видео-мулоқот шаклида семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Сенати Кенгаши кўмаклашувчи комиссияси аъзолари, онлайн режимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташкилий-назорат гуруҳлари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар раислари ва аъзолари, ушбу комиссиялар ҳузуридаги ахборот хизматлари раҳбарлари, туман ҳамда шаҳар комиссиялари раҳбарлари, шунингдек, “Маҳалла” фондининг ҳудудий бўлимлари раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг май-июнь ойларида фуқаролар йиғинларининг амалдаги раислари ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати тугайди. Шу муносабат билан “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги, “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг шу йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жойларда сайловнинг ошкоралик, муқобиллик ва тенглик принциплари асосида ўтиши учун тегишли чоралар кўрилаётир. Хусусан, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилмоқда, улар учун зарур шарт-шароит ва қулайлик яратилаяпти.
— Бу галги сайловда 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ҳамда уларнинг 99 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланади, — дейди сенатор, Олий Мажлис Сенати Кенгаши кўмаклашувчи комиссияси аъзоси
Т. Мадумаров. — Шунинг ўзиёқ ушбу тадбир жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Бундан келиб чиқиб, сайлов жараёнларига пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёрдамида кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар учун зарур шарт-шароит яратиб берилаётир. Айни чоғда уларни зарур ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаяпмиз. Умуман, барча саъй-ҳаракатимиз мазкур комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар фаолиятини изчил ташкил этиш орқали сайловни юқори савияда ўтказишга қаратилган.
Тадбирда сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ энг муҳим талаблар хусусида ҳам сўз юритилди. Фуқаролар йиғинлари органларини шакллантиришда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит яратиш, сайлов жараёни иштирокчиларининг соҳа қонунчилигига тўла риоя қилишини таъминлаш, фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодларнинг иш ҳамда ахлоқий фазилатлари билан аҳолини ҳар томонлама таништириш ана шулар жумласидандир.
— Яқинда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Андижон вилояти комиссияси тузилди, — дейди мазкур комиссия раиси
М. Юлдашев. — Самарали ишлашимиз учун барча имконият муҳайё этилди. Аввало, зарур қулайликларга эга бино, транспорт ва алоқа воситалари ажратилди. Керакли ҳуқуқий адабиётлар ҳам келтирилди.
Мулоқот чоғида фуқаролар йиғинлари сайлови қонунчилигига оид жуда кўп маълумотларга эга бўлдик. Жумладан, кўмаклашувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳлар фаолиятининг қонуний асослари, вазифалари ва уларнинг мазмун-моҳияти тўлиқ очиб берилди. Айни чоғда яна қатор масалаларга, комиссиялар ва ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларга ҳам ойдинлик киритилди. Бу эса фаолиятимизни изчил ташкил этишда қўл келади.
Семинар чоғида иштирокчилар сайловга тайёргарлик кўришнинг барча босқичи ҳақида тўлиқ ахборот олиш имконига эга бўлди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати Кенгаши кўмаклашувчи комиссияси аъзолари фуқаролар йиғинлари сайловининг ташкилий-ҳуқуқий асослари тўғрисида атрофлича маълумот берди. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларнинг олдида турган вазифалар таҳлилига ҳам кенг ўрин ажратилди. Таъкидланганидек, сайловни ташкил қилиш ва ўтказиш масаласи бўйича аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳовлилар, уйлар, кўчалардан ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалардан фуқароларнинг вакиллиги нормасини белгилаш уларнинг ваколатларига киради.
Мулоқот пайтида аҳолини, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларни сайлов жараёнига кенг жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш зарурлиги ҳам алоҳида айтиб ўтилди. Бунда ҳудудий кўмаклашувчи комиссиялар ҳузурида ташкил этилган ахборот хизматлари ва оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёс. Шу боис ҳозирги пайтда жойларда журналистларнинг фуқаролар йиғинлари сайлови билан
боғлиқ билим ҳамда малакасини оширишга қаратилган семинарлар ўтказилмоқда.
— Маҳалла ҳар биримизнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутади, — дейди Жиззах вилояти кўмаклашувчи комиссияси ҳузуридаги ахборот хизмати раҳбари Б. Назаров. — Шу маънода, фуқаролар йиғинларига бўлажак сайловларда ҳар биримиз фаол қатнашишимиз талаб этилади. Бунинг учун эса аҳолининг сайлов билан боғлиқ билимларини мустаҳкамлаш орқали уларнинг фаоллигини ошириш айни муддаодир. Бу биз, оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди.
Семинар иштирокчилари мавзу билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган  саволларга атрофлича жавоб олишди.
Кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзолари, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокидаги бундай тадбирларни республикамиздаги барча туман ва шаҳарларда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn