Имконият, изланиш ва рағбат
  • 25 Март 2016

Имконият, изланиш ва рағбат

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилаётган “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг республика босқичи ўз ишини бошлади.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, даромадларини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаяпти. Соҳа тараққиёти учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, мулкдорларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, давлат органлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро муносабатларнинг бевосита электрон шакллари жорий этилиши туфайли биргина ўтган йилнинг ўзида 42 минг 800 та тадбиркорлик субъекти интернет тармоғи орқали Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатга олинди. Натижада улар

260 турдаги интерактив хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Ёки 2013-2014 йилларда тадбиркор ва фуқароларга 102 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2015 йилда 420 мингдан ошиб кетди.

Айниқса, ўтган йили мамлакат ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 56,7 фоизга етгани ёхуд бу борада 1,8 баробар ўсишга эришилгани, ҳозирги кунга келиб, жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи соҳа вакиллари томонидан ишлаб чиқарилаётгани, уларда иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан ортиғи меҳнат қилаётгани диққатга сазовор.

Бинобарин, Юртбошимиз таъкидлаганидек, тузилишига кўра ихчам, қарорлар қабул қилишда тезкор ва ҳаракатчан, янги тартиб-қоидаларни қисқа муддатда ўзлаштирадиган кичик бизнес жаҳон ҳамда минтақалар бозорларидаги талаб ва конъюнктура ўзгаришларига анча тез мослашади. Кичик бизнесни ташкил қилиш ҳамда юритиш катта харажат ва капитал қўйилмаларни талаб этмайди. Бу эса ишлаб чиқаришни тез ва осон модернизация қилиш, технологик қайта жиҳозлаш, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, уларнинг номенклатурасини мунтазам янгилаб бориш ҳамда -рақобатдошлигини таъминлаш имконини беради. Кичик тадбиркорлик нафақат даромад манбаи, балки одамларнинг ижодий ва интеллектуал қобилиятини рўёбга чиқариш воситаси ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови ана шу фикрларнинг амалий тасдиғини яққол намоён этмоқда. Мазкур нуфузли тадбир, айтиш мумкинки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа вакиллари эришаётган илғор натижаларни тарғиб қилиш, ёшларда мулкдор бўлиш ҳиссини кучайтириб, ишбилармонлик салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётир.

Кўрик-танлов доирасида кўргазма ташкил этилиб, унда иштирокчилар ташриф буюрганларни ўз маҳсулотлари билан таништириш баробарида, истиқболли режалари хусусида ўртоқлашиш имконига ҳам эга бўлишди. Фидойи фермерларимиз меҳнати эвазига етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, кичик корхоналарда тайёрланган турли-туман маҳсулотлар, ҳунармандлар қўлида сайқал топган  ашёлар барчанинг ҳавасини келтириши, шубҳасиз. Чунки улар замонавий, сифати эса хорижникидан асло қолишмайди. Бозор талабларига бардош бера олади. 

Йигирманчи маротаба бўлиб ўтаётган бу йилги кўрик-танловнинг туман (шаҳар) босқичларида 3132 нафар тадбиркор, 2149 нафар фермер ва 2410 нафар ҳунарманд қатнашган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар босқичларида 193 нафар тадбиркор, 159 нафар фермер ва 192 нафар ҳунарманд иштирок этди. Пировардида 14 нафар тадбиркор, шунча ҳунарманд ва 13 нафар фермер республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

— Бугунги давр ҳар бир мулкдордан омилкорликни талаб этмоқда, — дейди шундай ҳуқуққа сазовор бўлган ишбилармонлардан бири — Пастдарғом туманидаги “Чорвадор, пахта ва ғалла даласи” фермер хўжалиги раҳбари Хуршид Жовбўриев. — Шу боис биз сўнгги йилларда ғалла ҳамда пахтадан ташқари, боғдорчилик, чорвачилик ва асаларичиликни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Бунинг самараси ўлароқ, хўжалигимиз аъзолари сони 35 нафарга етди. Жорий йилда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш цехи ҳамда маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини фойдаланишга топширсак, яна 40 киши иш билан таъминланади.

Кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашчилар орасидан “Энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши фермер”, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишларида ғолиблар аниқланса, фаол иштирокчиларга “Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Менинг юртим — менинг ифтихорим”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши тадбиркор”, “Энг яхши маҳсулот”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик” номинациялари бўйича махсус мукофотлар топширилади.

Кўрик-танлов ташкил этилган дастлабки йилларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган ёки хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этган бўлса, “Ташаббус — 2016”нинг нафақат қатнашчилари сони, балки улар томонидан тайёрланаётган маҳсулотлар тури ҳам кўпайгани эътиборга лойиқдир.

— Замонавий технологиялар асосида жаҳон стандартларига мос офис ва уй мебеллари ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз, — дейди Нукус шаҳридаги “Muratbek mebel”  масъулияти чекланган жамияти бош директори Муратбек Тангирбергенов. — 2014 йили 306 миллион сўмдан зиёд соф фойда олган бўлсак, ўтган йили бу кўрсаткич салкам 500 миллион сўмга етди. Ҳозирги кунда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида бир қатор лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Металл қурилмали мебель ҳамда бўёқлар тайёрлаш шулар жумласидандир.

— Ҳунармандларнинг учинчи авлодига мансубман, — дейди пахтаободлик Муҳаммадиброҳим Исроилов. — Биз лойдан эсдалик совғалари ясаш баробарида, аквариум ва яшил майдонлар учун манзарали буюмлар тайёрлаймиз.  Бу миллий кулоллик соҳасида янги йўналишдир.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлиги ҳамда ҳомийлигида ташкил этилган “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг очилиш маросимида якуний босқич қатнашчиларига лауреатлик дипломи, иштирокчи кўкрак нишони ва бошқа мукофотлар топширилди. 

Кўрик-танловнинг республика босқичи иштирокчилари маҳсулотлари кўргазмаси бугун ҳам давом этади. Танловнинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими 6 апрель куни бўлиб ўтади.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ ва

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn