Аёлларнинг жамиятдаги ўрни — жамоатчилик эътиборида
  • 25 Март 2016

Аёлларнинг жамиятдаги ўрни — жамоатчилик эътиборида

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, интеллектуал, ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеи юксалиб боришига замин яратмоқда.

Бинобарин, аёлни эъзозлаш, унга оила таянчи, миллат тарбиячиси сифатида эҳтиром кўрсатиш, бунга узвий равишда оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айни йўналишда мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос шакллантирилиб, хотин-қизларнинг ҳаётий манфаатларини кафолатлаш қамрови тобора кенгайиб бораётир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2016 йилнинг юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши ҳам жамиятимизда аёлларга бўлган алоҳида эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир. 

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Фанлар академияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Хотин-қизлар қўмитаси, ЮНЕСКОнинг МОСТ дастури бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий қўмитаси, Фридрих Эберт номидаги жамғарманинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан Соғлом она ва бола йилига бағишлаб ўтказилган анжуманда ана шу хусусда сўз борди. Унда юртимиз етакчи социологлари, демографлари, ҳуқуқшунослари, иқтисодчи ҳамда сиёсатшунослари, олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари, республика илмий тадқиқот институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Эътироф этиш жоизки, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури  ижроси “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса,  жамият мустаҳкам бўлади” деган улуғвор ғоянинг амалий ифодасини таъминлашга хизмат қилаяпти. Мазкур ҳужжатда миллат генофондини яхшилаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, аёлларнинг оғирини енгил қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, кучли, барқарор давлатнинг негизи сифатида оила институтини мустаҳкамлаш борасида давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Тадбирда Давлат дастури доирасидаги ишлар юртимизнинг чекка, олис ҳудудларини ҳам жадал қамраб олаётгани таъкидланди.  Иштирокчилар эътиборига “Ижтимоий фикр” маркази томонидан аёлларнинг оила ва жамиятдаги нуфузини ўрганиш мақсадида мониторинг тарзида ўтказилган социологик сўров натижалари ҳавола этилди.

Жамоатчилик фикри мониторинги шундан далолат берадики, айнан истиқлол йилларида аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди. Сўров натижаларига кўра, хотин-қизларимиз мамлакат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётининг барча жабҳасида муносиб фаолият юритмоқда. Улар нафақат -навқирон авлодни тарбиялаш, соғлиқни сақлаш соҳасида, балки саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида ҳам салмоқли ҳисса қўшаётир. 

Респондентларнинг фикрича, Ўзбекистоннинг замонавий аёли — таълим олиб, касб эгаллаётган, хизмат даражаси пиллапояларидан кўтарилиб, мамлакат ва жамият ҳаётида бевосита иштирок этаётган ижтимоий фаол шахс. Аҳамиятлиси, сўровда қатнашган аёлларнинг мутлақ кўпчилиги  ўзларини бахтли, деб ҳисоблашади. Оила ва мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, яқинларининг саломатлиги, бахт-саодати хотин-қизларнинг эртанги кунга ишончини ошириб, кайфиятига ижобий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардандир.

Ушбу тадқиқот жамият бош бўғини бўлган оила институтининг ривожланиб бораётганини, юртимиз хотин-қизлари ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганига қатъий ишонишини, оила ва баркамол авлод тарбиясида аёлларнинг роли ортаётганини яна бир карра тасдиқлади. 

Тадбирда мавзу юзасидан маърузалар тингланди.  Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

 

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи»  мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn