Фуқаролар йиғинларида ҳисоботлар эшитилмоқда
  • 25 Март 2016

Фуқаролар йиғинларида ҳисоботлар эшитилмоқда

Аввал хабар берилганидек, айни пайтда жойларда фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролини кучайтириш, хусусан, ҳар чоракда туман, шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти доирасига кирувчи масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш самарадорлигини юксалтиришга қаратилган ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Адлия вазирлиги ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур тадбирлар тизим ходимларининг билимини мустаҳкамлаш баробарида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назоратини бажариш йўналишидаги фаолиятини такомиллаштиришда ўзига хос аҳамият касб этаётир.

Қашқадарё вилояти Китоб туманида бўлиб ўтган семинарда адлия бошқармаси мутахассислари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман  кенгаши аъзолари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда маҳалла фаоллари қатнашди. Унда  давлат бошқаруви ва жамият ҳаётини янада -демократлаштиришда фуқаролар йиғинларининг роли тобора ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Бунга фуқаролик жамияти институтларига кенг ваколатлар берилгани асосий омил бўлмоқда. Хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, фуқаролар йиғини йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари, йиғин фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялари раислари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳисоботини эшитиш ваколатига эга. Шунингдек, фуқаролар йиғинига ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботларини эшитиш ваколати ҳам белгиланган. 

Семинарда туман ҳокимининг “Йўлдош” шаҳарча фуқаролар йиғинида фуқаро-ларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботи тингланди. Бугунги кунда мазкур фуқаролар йиғинида 3500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 3 та умумтаълим мактаби, қишлоқ врачлик пункти, 10 та савдо дўкони, 6 та цех, 8 та фермер хўжалиги, 32 та иссиқхона самарали фаолият кўрсатмоқда.

Чироқчи туманининг “Уйшун” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган ўқув-семинарда ҳокимнинг туман ҳамда ушбу маҳаллада амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботи эшитилди.

— Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудудимизда янги бозор ташкил этилди, — дейди маҳалла фаоли Ш. Эшбадалов. — Аҳоли энди овора бўлиб туман марказига бормасдан ўзимизнинг бозордан савдо қилаяпти. Бундан ташқари, бозор ёнида маиший -хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам очилди. Ҳозирги пайтда маҳалланинг янги биносини ишга тушириш ҳаракатидамиз. Туман раҳбарининг маҳалла аҳолиси олдидаги ҳисоботи шу масалалар юзасидан фикрлашиб олиш ва уларга ечим топиш имконини яратди.  

Сурхондарё вилояти Ангор туманида бўлиб ўтган ўқув-семинарда туман ҳокими ўринбосарлари, коммунал хизмат кўрсатиш идоралари, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими, Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази, туман ҳокимлиги таркибига кирувчи давлат органлари ходимларининг ҳисоботларига кенг ўрин берилди. 

Тумандаги “Ангор” шаҳарча фуқаролар йиғинида ташкил этилган тадбирда ҳудуд аҳолисини ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, туман ҳокимининг ҳудудни ободонлаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш борасидаги ҳисоботи иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

— Қизғин тарзда ўтказилаётган бундай тадбирлар келгусида фуқаролар йиғинлари мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви масъул котиби М. Менгниёзов. — Бундай ўқув-семинарлар белгиланган режа асосида Термиз шаҳри ва бошқа туманларда ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилаяпти.

 Бухоро шаҳридаги Абдухолиқ ўиждувоний маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 2086 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, аҳоли ташаббуси билан болалар спорт майдончаси барпо қилинди. Баҳоуддин Нақшбанд ва Газли шоҳкўчалари асфальтлаштирилди, коммуникация тармоқлари янгиланди. Ўтган йили 70 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 

Маҳаллада уюштирилган ўқув-семинарда ана шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Айни чоғда Бухоро шаҳар ҳокимининг ҳисоботи ҳам тингланди. Иштирокчилар маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотга эга бўлиш баробарида, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.

Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги “Сўфиқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган ўқув-семинар ҳам қизғин баҳсларга бой тарзда кечди. Хусусан, экспертларнинг фикр-мулоҳазалари ва тажрибали маҳалла фаолларининг амалий таклифлари асосида фуқаролар йиғинларида тизимли равишда ҳисобот йиғилишларини ўтказиш борасида эришилган ютуқлар ҳамда айрим камчиликлар муҳокама этилди. 

Тадбир асносида Жалақудуқ тумани ҳокимининг ҳисоботи эшитилди. Унда фуқаролар йиғини ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги амалий тадбирлар — ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария ҳолатини яхшилаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларни моддий қўллаб-қувватлаш, янги тадбиркорлик субъектларини очиш ва уларни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

— Туман ҳокимининг ҳисоботини эшитиш орқали фуқаролар ҳудудда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тасаввурга эга бўлди, — дейди  маҳалла фаолларидан бири А. Маҳмудов. — Шу билан бирга, биз ҳам ҳисобот йиғилишлари самарадорлигини янада юксалтириш юзасидан фикрларимизни айтдик.

Фарғона вилояти Қўштепа туманида уюштирилган ўқув-семинар ва намунавий ҳисобот йиғилишида фуқаролар йиғинларида масъулларнинг ҳисобот бериши мажбурийлиги, уни ташкиллаштириш, тегишли бошқарув идорасига юбориш, унинг натижаларини ўрганиш тартиб-қоидалари бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шундан сўнг туман ҳокимининг ҳисоботи тингланди. Мазкур ҳудудда туман аҳолисининг қарийб 11 фоизи истиқомат қилади. Бу ерда ўнлаб ташкилот, муассаса ва идоралар фаолият кўрсатади. Шунингдек, 21 фермер хўжалиги деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳалари билан шуғулланади. Ҳоким ҳисоботида шулар баробарида, қишлоқ инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ва аҳоли томорқа ерларини суғоришни яхшилаш йўналишларидаги вазифалар бўйича батафсил маълумот берилди.  

Бундай ўқув-семинарлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари 

материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn