Оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги баркамол авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда
  • 25 Март 2016

Оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги баркамол авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Халқ таълими вазирлиги ҳамда “Маҳалла” фонди билан биргаликда “Баркамол авлодни тарбиялашда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлигининг аҳамияти” мавзуида семинар ўтказилди.

Видеомулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, масъул вазирлик, идора ҳамда жамоат ташкилотлари раҳбарлари, уларнинг жойлардаги тузилмалари ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда асосий эътибор “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмида иштирок этувчи мутахассисларнинг малакасини юксалтириш, баркамол -авлодни тарбиялаш, уларга таълим бериш соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга қаратилди. Қайд этилганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Пировардида ўтган давр мобайнида соҳанинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.

Жамиятнинг негизи бўлмиш оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хусусан, Президентимиз томонидан 2012 йил юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши муносабати билан махсус Давлат дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ қилинди. Дастур доирасида оила институтининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим-тарбия муассасалари билан ҳамкорлиги механизмини кучайтириш ва янада такомиллаштириш юзасидан муайян чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги “Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлди. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари ҳузурида ҳамда барча умумтаълим мактабларида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги жамоат кенгашлари тузилди. Уларга вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари ходимлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари жалб этилгани ўз самарасини бераяпти.

Семинарда ушбу жамоат кенгашлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, кенгашга аъзо бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари ҳудудий тузилмаларининг баркамол авлодни тарбиялашдаги иштирокини янада кенгайтириш, ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди.

Иштирокчилар фикрича, таълим олаётган ёшларни тарбиялаш жараёнига янги, самаралироқ усулларни жорий этиш, бу борада оила, маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари, милиция таянч пунктлари, “Камолот” ЁИҲ ва бошқа жамоат ташкилотларининг мавжуд имкониятларидан кенг фойдаланиш айни муддаодир.

Шунингдек, тадбирда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, таълим муассасалари ва маҳаллалардаги тўгараклар фаолиятини кенгайтириш, интернет-кафе ҳамда компьютер клубларига боришини назоратга олиш, таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказлари фаолиятини изчил йўлга қўйиш, маҳаллаларда замонавий спорт заллари ва майдончаларини барпо этиш масалалари кўриб чиқилди.  Семинарда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn