Замонавий сайёҳлик инфратузилмаси соҳа равнақида алоҳида ўрин тутади
  • 25 Март 2016

Замонавий сайёҳлик инфратузилмаси соҳа равнақида алоҳида ўрин тутади

Хоразм — халқимизнинг бой тарихий мероси, миллий анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган кўҳна ҳамда навқирон замин. Шу боис ҳудудга ташриф буюрган ҳар бир хорижлик сайёҳ, энг аввало, воҳанинг асрлардан сўзловчи қадамжолари, осмонўпар миноралари билан танишишга ошиқади.

Бу ерлик ҳунармандлар қўлида сайқал топаётган осориатиқалар, амалий санъатимиз намуналарини кўздан кечириб, ҳайратланади. “Лазги”нинг сеҳрли оҳангию жозибадор рақсларига мафтун бўлади. Хоразм гурвагининг тотли таъмидан тотиб, ўз юртига -унутилмас таассуротлар билан қайтади...

Ҳақиқатан ҳам, мўъжизанинг ўз оҳанрабоси бор. Уни кўриш, ҳис қилиш иштиёқи эса инсон қалбидаги эзгу ниятларни қатъий мақсадга айлантириши, шубҳасиз. Бугун Ўзбекистонга олис ўлкалардан келиб, бетакрор манзилларимизни завқ билан томоша қилаётган меҳмонларни кўриб, бунга яна бир бор амин бўламиз. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, сайёҳнинг кайфияти туристларни қабул қиладиган ҳар қандай -мамлакатнинг, айтиш мумкинки, асосий бренди, яъни товар белгиси бўлиши керак. Агар одамлар бизнинг диёримизга яхши ният билан келиб, яхши кайфият билан кетадиган бўлса, Ўзбекистонда туризм соҳаси мустаҳкам асосга қўйилган, деб айтишга ҳақлимиз. 

Таъкидлаш жоизки, биргина Хоразм воҳасидаги ўзгариш ва янгиланишлар бунинг амалий ифодасидир. Чунки истиқлол йилларида ушбу замин кўркам ва тароватли манзиллардан бирига айланди. Бунёдкорлик ишлари ҳудуд ҳуснига ҳусн қўшди. -Инфратузилма ривожланди. Малакали кадрлар тайёрлаш, хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатиш савияси юксалди. Айниқса, бу борада давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 мартдаги “2013 — 2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.

Чунончи, ушбу ҳужжат асосида ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, воҳада ўтган даврда 100 дан ортиқ истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиб, 46,3 миллион АҚШ долларилик инвестициялар ўзлаштирилди. Масалан, 2013 йилда ҳудудда 26 та меҳмонхона фаолият олиб борган бўлса, айни пайтда уларнинг сони 42 тани ташкил этмоқда. Қолаверса, бундан икки йил олдин Хоразмга 72 та давлатдан сайёҳлар ташриф буюргани, ҳозирги кунга келиб эса ушбу кўрсаткич 82 тага етгани ҳам қувонарли ҳол. Муҳими, дастурий вазифаларнинг тўлиқ ижроси келгусида вилоятга келаётган чет эллик меҳмонлар сони яна икки баробар ошишига хизмат қилади. Ўз навбатида, туристик хизматлар ҳажми ва экспорти  ҳам кескин ортади.

Яна бир диққатга молик далил: бугунги кунда вилоятда фаолият юритаётган 59 та сайёҳлик фирмаси юртимиз ва хориждаги 50 дан зиёд туристик ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Хоразмнинг бой маданий мероси ҳамда туризм салоҳиятини намойиш қилувчи бренди ҳам яратилган. Ҳудуддаги туроператор ва ташкилотлар Францияда ўтказилган “Top Reza”, Германияда ташкил этилган “ITB” ҳамда 19-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаларида ана шу бренд остида иштирок этдилар. Биргина “Top Reza”да чет эллик ҳамкорлар билан 50 дан ортиқ шартномалар имзолашга муваффақ бўлингани бундай тадбирларнинг нуфузи ва аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигидан далолат беради.  

Транспорт инфратузилмаси соҳа ривожида муҳим ўрин тутувчи омил. Шу боис вилоятда махсус туристик автобус ва микроавтобусларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Шу билан бирга, “Париж — Урганч — Тошкент”, “Милан — Урганч — Тошкент” ва “Франкфурт — Урганч — Тошкент” йўналишлари бўйлаб авиақатновлар йўлга қўйилган. Бу эса ҳудудга ташриф буюрувчи чет эллик меҳмонлар оқими кўпайишига хизмат қилаяпти. Ҳар куни “Тошкент — Урганч” йўналишида ҳаракатланаётган поездларга эса туристик компаниялар талабига мувофиқ, қўшимча -вагонлар улаш имконияти мавжуд. Шу мақсадда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан барча қулайликларга эга махсус поездлар таркиби шакллантирилди. -Шунингдек, “Тошкент — Урганч — Бухоро — Тошкент” йўналишида ҳам ҳафтанинг уч кунида темир йўл бўйлаб қатновлар амалга оширилаяпти.

Малакали кадрлар — юрт таянчи. Шу маънода, сайёҳлик истиқболини етук мутахассисларсиз тасаввур қилиш мушкул. Эътиборли жиҳати, воҳада бу борада ижобий натижаларга эришилмоқда. Бунда Урганч давлат университетининг иқтисодиёт факультети ҳамда Урганч туризм коллежида тармоқ учун кадрлар етиштириш йўлга қўйилгани қўл келаётир. Ушбу муассасаларда йигит-қизларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштиришлари, чуқур билим олишлари ва танлаган мутахассисликларини мукаммал эгаллашлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Ўтган йили ана шундай ўқув масканлари қаторига Урганч ва Хивада фаолият бошлаган туризм коллежлари ҳам қўшилди. Уларда ёшларга сабоқ бераётган профессор-ўқитувчилар Европанинг етакчи олий таълим даргоҳларида малака ошириб қайтишган. Бундан ташқари, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси Хоразм минтақавий бўлими қошида ташкил этилган ўқув илмий--ишлаб чиқариш марказида 40 нафар йигит-қиз гид-таржимонлик курсини тамомлаб, махсус сертификатга эга бўлди. Соҳага доир илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси ва Латвияга мутахассислар сафарлари уюштирилди. 

Ҳозирги кунда вилоятда 256 та маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларнинг ягона реестри, жорий ҳолати акс этган паспортлари тузилган. Хоразм Маъмун академияси билан ҳамкорликда ушбу иншоотларнинг маданий-тарихий аҳамияти бўйича ахборот-маълумот базаси шакллантирилди. 14 тасида 6,6 миллиард сўмлик таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 100 та маданий мерос объекти бўйича сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилди. Туристик ташкилотлар ва меҳмонхоналарнинг интернет сайтларига Хоразмдаги қадамжолар, қадимий обидалар, меҳмонхона хизмати ҳақида хорижий тилларда маълумотлар жойлаштирилган. Вилоятнинг туристик имкониятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида visitkhorezm.uz веб-сайти яратилди. Сайёҳлар учун “Ичан-қалъа”да ва “Урганч” халқаро аэропортида сайёҳлик ахборот офислари ташкил этилди. Жумладан, “Антик Хоразм” сайёҳлик йўналиши ишлаб чиқилган бўлиб, бу йўналиш вилоятдаги Ҳазорасп қалъаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли ва Элликқалъа туманларидаги ўнлаб қадимий қалъа ёдгорликларини ўз ичига олади. Хива туманидаги қадимий “Боғи шамол” ёзги боғида, “Хива қоракўл” фермер хўжалигида, “Эшонравот” кўлида, Боғот туманидаги  “Қалъажиқ қалъа”, Урганч туманидаги “Улли ҳавли” объектларида янги сайёҳлик инфратузилмалари яратилди. Амударё бўйларида экотуризм йўналишларини ташкил қилиш ишлари давом эттирилмоқда. 

Яна бир қувонарли жиҳати, кейинги йилларда вилоятнинг нафақат қадимий шаҳарлари, балки истиқлол шарофати билан кўркам қиёфа касб этган замонавий манзиллари ҳам сайёҳлар эътиборига тушмоқда. Буни Урганч шаҳридаги сўлим Шовот канали бўйида дам олиш масканлари, кемалар тўхташи учун махсус жойлар барпо этилгани, Шерозий кўчасида кўркам кўринишга эга маҳобатли гипермаркет қуриб ишга туширилгани каби омиллар билан изоҳлаш мумкин. 

“Урганч” халқаро аэропорти — шаҳарнинг бош дарвозаси. Бу ердаги жаҳон стандартларига жавоб берадиган янги кутиш ва кузатиш терминаллари сайёҳларга юқори даражада хизмат кўрсатмоқда. Кенг ва ёруғ залларга энг сўнгги русумдаги жиҳозлар ўрнатилган. Она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, “Duty free” дўкони, қаҳвахона, 200 йўловчи сиғимига эга транзит, “VIP”, “CIP” заллари ҳамда дам олиш хоналари ишлаб турибди. 

Маълумки, саёҳатга чиққан инсон борган манзилидан бирон-бир эсдалик буюм олиб қайтишни хоҳлайди. Бу борада ўша ҳудуд тарихи, урф-одатлари, муҳташам иморат ва иншоотлари тасвири акс эттирилган сувенирлар энг харидоргир маҳсулотдир. Шундан -келиб чиқиб, воҳада совғабоп буюмлар ишлаб чиқариш тармоғи кенгаймоқда. Масалан, “Ичан-қалъа” ҳудудидаги “Ёқуббой хўжа” мадрасасида қадимий усулда гилам тўқиш устахоналари ташкил этилди. Яна бешта хонадонга гиламдўзлик дастгоҳлари ўрнатилди. Шунингдек, вилоят рамзи туширилган футболкалар тайёрланиб, савдога чиқарилмоқда. Сополдан етти турдаги эсдалик маҳсулотлари тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида хориждан янги технологик асбоб-ускуналар келтириш ишлари олиб борилаяпти. 

Қолаверса, чет эл оммавий ахборот воситалари ходимлари ва хорижий туроператорлар иштирокидаги “Мего-инфо-тур”ларда ҳудуд сайёҳлик салоҳияти кенг -намойиш этилаяпти. Хусусан, шу мақсадда Хитойнинг Шанхай шаҳрида фаолият юритувчи “SMG” медиагуруҳи, Германиянинг “Kelvinfilm GmbH” кинокомпанияси, “Euronews”, “Magna Mana Production/Minework Film” телекомпанияларининг тасвирга олиш гуруҳлари Хоразмга ташриф буюриб, ҳужжатли фильмлар тайёрлашди. 

Юртимиздаги тинч-осуда ҳаёт, ҳамжиҳатлик, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, ҳунармандчилигимиз намуналари, халқимизга хос меҳр-оқибат ва меҳмондўстлик -фазилатлари ҳам бугун дунё аҳлининг катта қизиқиш ва эътирофига сазовор бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, Огаҳий номидаги вилоят драма театри, “Достон фольклор”, “Хива фольклор” этнографик ва “Сайқал” оилавий фольклор ансамбллари миллий концерт ва -театр дастурлари репертуарлари бойитиб борилаяпти. “Ичан-қалъа”да маданият фестиваллари, бахши-шоирлар, оқинлар ва халфалар кўрик-танловлари, қовун сайиллари ўтказилаётгани Хоразм заминига ташриф буюрган юзлаб сайёҳлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдираяпти. 

— Ўзбекистон мўъжизаларга бой мамлакат экан, — дейди англиялик сайёҳ Шорт Давид Русстелл. —  Бу мафтункор юрт ҳақида кўп нарсаларни билиб олдим. Унинг ажойиботларига ўз кўзим билан гувоҳ бўлдим. Айниқса, Хоразм воҳаси, унинг ўзига хос санъати, маданияти, илм-фани менда катта таассурот қолдирди. Жаҳон цивилизациясида бу заминнинг ҳиссаси катта эканлигига шак-шубҳа йўқ. Хоразмда кўплаб сайёҳларни учратдим. Ҳудудда яратилган шарт-шароитлар ҳеч бир ривожланган давлатдагидан кам эмас. Ҳамма нарса муҳайё. Шундай жаннатмонанд диёрда меҳмон бўлиш бахти насиб этганидан хурсандман. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 2013 — 2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури воҳанинг янги истиқболи сари йўл очди. Зеро, унда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг тўлиқ ижро этилиши билан вилоятга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар сафи янада кенгаяди. Бу эса тараққиёт йўлида юксак марраларга эришилади, деганидир. 

 

Ойбек РАҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn