Ғайрат ва шижоат фасли
  • 24 Март 2016

Ғайрат ва шижоат фасли

Давлатимиз раҳбарининг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзи барчани, шу қаторда биз, деҳқон ва фермерларни ҳам тўлқинлантириб, янги ютуқлар сари янада руҳлантириб юборди.

Унда таъкидланганидек: “Айни шу бетакрор ва дилбар фаслда кўклам нафаси ва майин шабадалар кириб келиши, куртакларнинг очилиши билан инсон вужудига баҳор нашидаси югургандек бўлади. Барчамиз ўзимизни яшариб кетгандек, куч-қувват, ғайрат ва шижоатга тўлгандек сезамиз, ўзимизни табиатнинг узвий ва ажралмас қисми, деб ҳис қиламиз”. Дарҳақиқат, Наврўз билан халқимизнинг эзгу мақсадлари, қалби пайвастадир. Бундай уйғунлик ғайрат-шижоатимизни оширади. Наврўз келиб, табиат жонланаётган, ер уйғонаётган паллада деҳқонларимиз ҳам элимизнинг дастурхони файзу баракали, юртимиз фаровон бўлсин, деб яхши ниятда экин-тикин ишларига киришадилар.
Ҳозирги кунга келиб фермер, том маънода, ҳақиқий ер эгасига, мулкдорга айланди. Эътибор, рағбат, мадад ва имкониятлар фермерларимизни янги марраларга етаклаяпти.
Бизнинг хўжалигимизда ҳам ўтган йили пахта ҳосилдорлиги 31,5 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги 45 центнерга етказилди. Мўл-кўл мева-сабзавот етиштирдик. Бу йилги режаларимиз янада улкан.
70 гектар майдонга чигит экишга чоғланиб турибмиз. Жорий йилда пахта ҳосилдорлигини сезиларли даражада оширишни ният қилганмиз. Бошқача айтганда, бу йил ҳам бўш келмаймиз.
Наврўз — деҳқонларимизнинг кучига куч қўшадиган байрам. Дала юмушлари авжига чиқмоқда. Наврўз муносабати билан биз ҳам хайр-саховат кўрсатиб, элнинг, кексаларнинг дуосини олдик. Ўтган йилги даромадимиздан кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиб, совғалар улашдик. Сумалак сайли ўтказиб, баҳор айёмини кўтаринки руҳда нишонладик.
Президентимизнинг беқиёс эътибори, ғамхўрлиги эзгу орзу-умидларимиз ижобатига, юртимиз тинчлигига, халқимиз фаровонлигига қаратилган. Қолаверса, халқимизнинг шижоати, меҳнаткашлиги улкан довонларни эгаллашга имкон яратиши, шубҳасиз.

Гулмат ҲАЙИТМЕТОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Гурлан туманидаги «Ҳайитмат ота» фермер хўжалиги раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn