Фаолият очиқлигининг муҳим омили
  • 24 Март 2016

Фаолият очиқлигининг муҳим омили

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ҳамда ошкораликни, уларнинг аҳоли кенг қатлами билан ўзаро муносабатида шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бу борада ташкилий-ҳуқуқий механизмнинг мустаҳкамланиши, хусусан, 2014 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги  Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқини янада кенгроқ рўёбга чиқариш имкониятини яратиб бериш билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлар сифатини ошириш борасидаги масъулиятини ҳам кўп жиҳатдан юксалтирди. Жорий йилнинг июнь ойида кучга кирадиган “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонун эса, шубҳасиз, давлат ва жамият ўртасидаги электрон ахборот алмашинувига оид муносабатларни янги босқичга олиб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайти янги версияси тақдимотида ана шулар хусусида сўз юритилди. Унда парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Бош прокуратуранинг янги интернет-ресурси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларига қўйиладиган талаблардан келиб чиққан ҳолда яратилган. Сайт ахборот узатишнинг мантиқий тузилишига, жозибали графика ва рангли дизайнга эга ҳамда прокуратура органлари фаолияти ҳақидаги зарур материаллар билан тўлдирилган.
Идоранинг расмий веб-сайтида асосий функциялар мавжуд бўлиб, улар фойдаланувчиларга зарур маълумотларни тезкорлик билан топишида ёрдам беради. Сайтда имконияти чекланган шахслар учун қўшимча қулайликлар тақдим этилган.
Сайтни янада такомиллаштириш давомида янги қулайликлар ишлаб чиқилди. Жумладан,  унда прокуратура органлари томонидан барча соҳада қонунийликни кафолатлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоялаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш  борасида бажарилаётган ишлар ҳақидаги ахборот фаолият йўналишлари бўйича жойлаштирилди.
“Интерактив хизматлар” бўлимида нафақат Бош прокуратурада, балки вилоят прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратураларда фуқароларни қабул қилиш жадваллари, шунингдек, қабулни ташкиллаштиришга масъул бўлган ходимлар билан боғланишга доир маълумотлар билан танишиш имконияти яратилган. Бундан ташқари, “Мурожаат юбориш” интернет-қабулхонаси орқали жисмоний ва юридик шахслар ариза, шикоят ҳамда бошқа мазмундаги мурожаатларни юбориши мумкин.
Қолаверса, сайтдан фойдаланувчиларга бепул ҳуқуқий маслаҳат хизмати йўлга қўйилган.
Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жойлаштирилган “Ҳужжатлар”, қонунчиликдаги ўзгартиришлар, ижтимоий муносабатларнинг турли соҳаларига оид амалдаги қонунчилик мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар ўрин олган “Янги қонунлар” каби бўлимлар ҳам эътиборга моликдир. Сайтга кирувчилар қонун лойиҳалари бўйича ўзларининг фикр ва таклифларини билдириш имкониятига эга.
Тадбирда www.prokuratura.uz веб-сайтининг янги версиясига киритилган ана шундай янгиликлар, фойдаланувчилар учун қулайлик ҳамда афзалликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn