Маҳаллалар ҳаётидаги муҳим жараён
  • 23 Март 2016

Маҳаллалар ҳаётидаги муҳим жараён

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу йил май-июнь ойларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов бўлиб ўтади.  

ЎзА мухбири “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси аъзоси Жовдатхон ИНОҒОМОВ билан ушбу сайловнинг маҳаллалар, умуман, жамиятимиз ҳаётидаги аҳамияти, уни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳақида суҳбатлашди.

— Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари асрлар оша яшаб келаётган маҳаллаларнинг нуфузи қайта тикланди, — дейди Ж. Иноғомов. —  Ўзига хос “демократия дарсхонаси” бўлган бу институт фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳуқуқий мақомига эга бўлди.  Фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида бу тизимнинг нафақат маънавий, балки сиёсий, иқтисодий, ижтимоий   масалаларни ҳал этишдаги ўрни мустаҳкамланди. Илгари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бажарган 30 дан ортиқ вазифа ижроси бугун маҳаллалар зиммасида. Шу боис фуқаролар йиғинлари аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларини ҳал этувчи, халқ оммасини давлат, ҳокимият идоралари билан боғлаб турувчи органга айланди.

Бу жараёнда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари фаолияти муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида  бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Конституциямизнинг 105-моддасига мувофиқ, шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.

Ушбу қоидадан келиб чиқиб, мамлакатимизда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови ўтказиб келинмоқда. Мазкур сайлов жараёни ҳам юртимизда шаклланган демократик сайлов тизимининг узвий бир қисми бўлиб, унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади. 

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга оид белгиланган устувор вазифалар маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашда ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлди. 2013 йил 22 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, соҳага оид ҳуқуқий асослар янада такомиллаштирилди. Фуқаролар йиғинларининг вазифалари кўлами кенгайтирилди. 

Мазкур Қонунда белгиланган меъёрларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани натижасида маҳаллалар аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказларига айланаётир. Уларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришдаги роли ошмоқда. 

— Қонунчиликда фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг маслаҳатчилари энг муносиб фуқаролар ичидан сайланиши зарурлиги белгиланган. Бу қоиданинг амалда таъминланиши учун қандай шарт-шароит яратилмоқда?   

— “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида қайд этилганидек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотли, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки тадбиркорлик ва бошқа хўжалик соҳасида иш тажрибасига, ҳаётий тажрибага ҳамда аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак.            

Фуқаролар йиғини раиси масъулиятли лавозим бўлиб, у маҳалла органларининг қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалари ижросини ташкил этиши, давлат органларида, юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро муносабатларда фуқаролар йиғини номидан иш олиб бориши ҳамда унинг манфаатларини ифодалаши зарур. Бундай масъулиятли, айни пайтда шарафли вазифа эгаси ўзининг ташкилотчилиги, хулқ-атвори, билими, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб туриши, эл орасида ҳурмат қозонган бўлмоғи даркор. 

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, оилаларни, айниқса, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини самарали ташкил этиш фуқаролар йиғинлари вазифалари сирасига киради. Унинг ижросини таъминлаш, бу борадаги комиссиялар ишини фаоллаштириш, ушбу жараёнга кенг жамоатчиликни жалб этиш сайланадиган ҳар бир йиғин раисидан, унинг маслаҳатчиларидан юксак маҳорат, ташаббускорликни талаб этади.

Бу галги сайлов жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнлари янада ривожланган, сифат жиҳатидан янги ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий шароитда бўлиб ўтади. Унда 9764 нафар фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 мингдан зиёд маслаҳатчисини сайлаш режалаштирилган. 

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Қонунга мувофиқ, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Овоз бериш шакли тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.

 — Сенат Кенгашининг қарорига асосан жойларда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилди. Улар   қандай чора-тадбирларни амалга ошириши лозим?

— Мазкур комиссиялар Қонунга мувофиқ ҳамда Сенат Кенгаши томонидан  тасдиқланган “2016 йил май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси”да назарда тутилган чора-тадбирлар асосида фаолият юритади. Улар қуйи турувчи комиссиялар ҳамда ишчи гуруҳларга услубий-амалий ёрдам кўрсатади. 

Сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишнинг барча босқичларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида сайловни ёритишга масъул бўлган ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар ҳақида оммавий ахборот воситаларида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаяпти.

Қуйи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар аъзолари учун сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларни амалга ошириш масалалари бўйича семинарлар ташкил этишга эътибор қаратилмоқда. Ушбу тадбирларга етарли билим ва тажрибага эга бўлган, сайлов қонунчилиги талабларини яхши биладиган ва тўғри тушунадиган малакали мутахассислар жалб этилади.   

— Бўлажак сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда маҳаллий ҳокимликлар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича маҳаллий кенгашлар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Сайловни ташкил этиш бўйича тегишли шарт-шароитлар яратишда, кўмаклашувчи комиссиялар ва ишчи гуруҳларга зарур услубий-амалий ёрдам кўрсатишда, фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг энг муносиб фуқаролар орасидан сайланишини таъминлашда улар қандай чора-тадбирларни амалга оширишлари лозим?

— Албатта, бўлажак сайловни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказишда маҳаллий ҳокимликлар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича маҳаллий кенгашлар ҳам муҳим ўрин тутади.

Қонунчилигимизда давлат органлари сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига кўмаклашишлари, зарур ҳолларда эса уларни бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаши шартлиги белгилаб қўйилган.

Айни пайтда сайловни ўтказиш учун қулай жойлар (мактаб, коллеж, маҳалла бинолари кабилар)ни белгилаш, уларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда сайлов куни тиббий хизматларни ташкил этиш, биноларни жиҳозлаш, яширин овоз бериш учун кабиналар, урналарни ҳамда бюллетенларни тайёрлаш кабилар бўйича зарур шарт-шароитларни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади. 

— Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этиладиган ишчи гуруҳлар бўлажак сайловда нималарга эътибор қаратиши ва қандай чора-тадбирларни амалга ошириши керак?

— “2016 йил май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга доир тадбирлар режаси”нинг 10-бандида жорий йилнинг 1 апрелига қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) қарори билан сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиши белгиланган.

Сайловни самарали ташкил этиш ва ўтказиш кўп жиҳатдан ишчи гуруҳлар фаолиятига боғлиқ. Чунки айнан ишчи гуруҳ сайловни ташкил этиш ва ўтказишда аҳолига энг яқин ташкилий тузилма сифатида фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларнинг ўтказилишини таъминлайди. Сайловда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига муносиб номзодларни тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда кўрсатади.

Ишчи гуруҳларни тузишда уларнинг 2,5 йил муддатга, яъни навбатдаги сайлов эълон қилингунга қадар фаолият кўрсатишини инобатга олган ҳолда, унинг таркибига ҳар томонлама муносиб, ташаббускор ва обрўли кишиларни киритишга алоҳида эътибор қаратиши зарур.   Миллий қонунчилигимизда ишчи гуруҳ таркибига фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек, халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутати киритилиши белгиланган.

Ишчи гуруҳ таркибига фуқаролар йиғини раиси, унинг маслаҳатчилари, йиғиннинг бошқа ходимлари, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар, фуқаролар йиғини органлари бошқа ходимларининг яқин қариндошлари киритилиши мумкин эмас. 

Ишчи гуруҳлар сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалалари юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради. Тегишли кўмаклашувчи комиссия белгилаган вакиллик нормасидан келиб чиқиб, ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқароларнинг вакиллари сайловини ташкил этади. Бу жараёнда ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинади. Шу тариқа фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига ҳар томонлама муносиб номзодларни кўрсатиш бўйича таклифлар тайёрлайди. 

Ишчи гуруҳлар ўз фаолиятида фуқаролар йиғинлари раислари лавозимига қонунчиликда белгиланган талаблар ҳамда муқобиллик принципини инобатга олган ҳолда энг муносиб номзодларнинг сайланишини таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг маслаҳатчилари ҳам ушбу принцип асосида ҳар томонлама муносиб шахслар орасидан сайланишига эътибор қаратиши зарур. 

Сайловда фуқаролар йиғини маслаҳатчилари лавозимига сайланадиган номзоднинг келгусида йиғин фаолиятининг йўналишлари бўйича тузиладиган комиссияларга, “Ота-оналар университети”га раҳбарлик қилишини инобатга олиш ва буни сайловчиларга тушунтириш керак. 

— “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва унинг жойлардаги тузилмалари томонидан сайловга тайёргарлик юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Фонд томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар билан ҳамкорликда сайловни юқори савияда ташкил этиш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича кўмаклашувчи комиссияларнинг самарали фаолият кўрсатиши, ишчи гуруҳларни шакллантириш, сайловни ўтказиш учун қулай жойларни белгилаш ҳамда уларда зарур шарт-шароитлар яратиш борасида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда бўлажак сайловнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилмоқда.

Мухтасар айтганда, бўлажак сайловда энг муносиб номзодларнинг фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сифатида сайланиши юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда беқиёс аҳамият касб этади. Бинобарин, ушбу ижтимоий-сиёсий жараёнда барчамизнинг фаол иштирок этишимиз, пировард натижада, мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришда маҳалла институтининг ўрнини янада мустаҳкамлаш ва нуфузини оширишга хизмат қилади.

 

ЎзА мухбири

Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn