Илғор ишбилармонлар аниқланмоқда
  • 23 Март 2016

Илғор ишбилармонлар аниқланмоқда

Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг вилоят босқичлари давом этмоқда. Бу тадбирларда йил якунларига кўра, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва хўжалик юритишнинг  бошқа соҳаларида юқори натижаларга эришган, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган илғор ишбилармонлар сараланмоқда.

АНДИЖОН. Бу ерда ташкил этилган кўрик-танловда илғор, ташаббускор ва салоҳиятли ҳамюртларимиз қатнашди. Улар томонидан ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари, қурилиш ашёлари, спорт буюмлари, замонавий кийим-кечак ва  пойабзаллар, айниқса, кўпчиликда қизиқиш уйғотди. 

Кўрик-танлов якуни бўйича Андижон шаҳридаги “Eko comfort elegant” масъулияти чекланган жамияти раиси Абдулҳамид Исломов “Энг яхши тадбиркор”, Шаҳрихон туманидаги “Иномжон файз” фермер хўжалиги раҳбари Одинахон Отахонова “Энг яхши фермер”, Пахтаобод туманилик Муҳаммадиброҳим Юсупов “Энг яхши ҳунарманд” сифатида эътироф этилди.

ЖИЗЗАХ. Юнус Ражабий номидаги мусиқали драма театри биносида “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда тадбирнинг шаҳар ва туман босқичларида танлаб олинган 39 нафар тадбиркор, фермер ҳамда ҳунарманд қатнашди. 

Якунда “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича ўаллаорол туманидаги “Nargiza teks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Икром Шомирзаев биринчи ўринни эгаллади. Зарбдор туманидаги “Акбар Шаҳзод” фермер хўжалиги раиси Суннатилла Каримов эса “Энг яхши фермер”, Жиззах туманилик Бунёджон Зоиржонов “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича танловнинг республика босқичига чиқди. 

НАВОИЙ. Кўрик-танловнинг вилоят босқичида салкам 30 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ташкил этилган стендлар, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси Навоий шаҳридаги Ёшлар маркази биносининг иккала қаватини ҳам эгаллади. Шу маънода, бу тадбир янги турдаги товарлар ҳамда хизматлар, инновацион технологияларнинг самараси бўлган бошқа хилдаги маҳсулотларнинг ҳақиқий намойишига айланди.

Танлов якунига кўра, Навбаҳор туманидаги “Heating Radiators” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Воҳиджон Файзиев “Энг яхши тадбиркор”, Қизилтепа туманилик Жаҳонгир Тошпўлатов “Энг яхши ҳунарманд”, шу тумандаги “Юлдуз” фермер хўжалиги раиси Карим Саидов “Энг яхши фермер” деб эълон қилинди.

САМАРҚАНД. “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган ишбилармонлар беллашди.

Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб жинси” МЧЖ раҳбари Баҳодир Имомов “Энг яхши тадбиркор”, Пастдарғом туманидаги “Чорвадор, пахта ва ғалла даласи” фермер хўжалиги раиси Хуршид Жовбўриев “Энг яхши фермер”, Самарқанд шаҳрилик кошинкор уста Икром Ҳалимов “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида биринчи ўринга сазовор бўлди. 

СИРДАРЁ. Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуида бўлиб ўтган кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этган  тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар изланувчан, янгиликка интилувчи ишбилармонлар эканлиги уларнинг маҳсулотлари кўргазмасида яққол намоён бўлди. 

Тадбир якунида Гулистон туманидаги “Барлос” фермер хўжалиги раҳбари Алиқул Ҳайдаров “Энг яхши фермер”, Янгиер шаҳридаги “Омад текс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фарҳод Азизов “Энг яхши тадбиркор”, Гулистон шаҳрилик Мансурбек Ражабов “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Энди улар кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашади.

СУРХОНДАРЁ. “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг вилоят босқичида 41 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўз ютуқларини намойиш этди. 

Айтиш жоизки, жорий йилги кўрик-танловда фермерлар замон билан ҳамнафас бўлиб ишлаётганликларини яна бир карра исботлашди. Улар ушбу тадбирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қаторида замонавий технологиялар ёрдамида қайта ишланган сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан қатнашганлари бунинг тасдиғидир.

Воҳа ҳунармандлари — каштачилар, гиламдўзлар, кулоллар,  тикувчилар, ёғочсозлару темирчилар қўлида жило топган буюмлар ҳам барчанинг эътиборини тортди. 

Якунда “Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича биринчи ўринга Ангор туманидаги “Талашқон инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Илҳом Эгамуратов лойиқ кўрилган бўлса, Шўрчи туманидаги “Нурмат Хўжақулов” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Хушбоқ Ишназаров “Энг яхши фермер”, Бойсун туманилик якка тартибдаги тадбиркор Мафтуна Азизова “Энг яхши ҳунарманд” деб топилди.

ФАРҒОНА. Кўрик-танловнинг вилоят босқичида энг фаол ва ташаббускор тадбиркор, фермер ҳамда ҳунармандлар иштирок этди. Таъкидлаш керакки, тадбирнинг туман ва шаҳар босқичларида 911 нафар ишбилармон қатнашган бўлса, уларнинг 356 нафари тадбиркор, 247 нафари фермер, 308 нафари ҳунарманд эди. Улар орасидан эса 55 нафар ғолиб вилоят босқичига йўл олди. 

Якунда Қўқон шаҳридаги “Европринт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аюбхон Фозилов “Энг яхши тадбиркор”, Қува туманидаги “Роҳатой” фермер хўжалиги раҳбари Авазбек Тешабоев “Энг яхши фермер”, марғилонлик Мансур Мирзахонов “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича энг яхши натижага эришди.

ҚАШҚАДАРЁ. Қарши шаҳрида ўтказилган кўрик-танловнинг вилоят босқичида 41 нафар ишбилармон орасида Китоб туманидаги “Китоб мармар заводи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ўткир Жўраев “Энг яхши тадбиркор”, Косон туманидаги “ўайбулла Баҳриев” фермер хўжалиги раиси Хайрулла Баҳриев “Энг яхши фермер”, шаҳрисабзлик кулоллар сулоласи вакили Рустам Музаффаров “Энг яхши ҳунарманд” йўналишлари бўйича республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари 

асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn