Тинчлик ва фаровонлик тимсоли
  • 23 Март 2016

Тинчлик ва фаровонлик тимсоли

Бебаҳо қадриятларимизни ўзида уйғунлаштирган, онгу шууримизга эзгулик, янгиланиш айёми сифатида муҳрланган Наврўз шукуҳи  юртимиз бўйлаб кезмоқда.

Барчамизнинг қалбимизда шундай осуда ва фаровон ҳаётдан шукроналик, чексиз мамнуният, қувонч ҳамда ғурур ҳисси ҳукмрон. Баҳорнинг илиқ тафтида бутун борлиқ ўз малоҳатини намоён қила бошлаши билан ободонлаштиришу кўкаламзорлаштириш юмушларига киришиб кетган халқимиз Наврўзи оламни зўр тадорик ила кутиб олди. Кўклам нафасидан яшнаган шаҳар ва қишлоқларимизда Наврўз шодиёналари, сайил-томошалар қизғин давом этмоқда. Беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга байрам совғалари улашиш ва бошқа хайрия тадбирлари жамиятимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик чуқур илдиз отганини кўрсатади. Дарҳақиқат, неча минг йиллик тарихга эга Наврўз элу юртимизнинг севимли айёмидир. 

Яна бир ҳақиқат борки, бу ҳам бўлса, тинчлик, ободлик, фаровонлик бор жойда мана шундай файзу барака, шоду хуррамлик бардавомдир, каттаю кичикни эзгу ният ва эзгу амаллар бирлаштириб туради. Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан пойтахтимизда ўтказилган тантана ва айниқса, давлатимиз раҳбарининг ушбу маросимдаги табрик сўзи барчамизга янада кўтаринкилик бахш этди.

Унда, жумладан, шундай дейилади: “Ишончим комил, агарки, шу кунларда кўпни кўрган, қанча-қанча синовларни бошидан кечирган, яхшилик ва эзгуликни доимо юрагининг тўрида сақлаб келадиган, меҳр-оқибатли халқимиздан, шарқона янги йил кириб келиши арафасида туриб, янги йилда сизнинг энг эзгу ниятларингиз нималардан иборат, деб сўраса, халқимиз, ҳеч иккиланмасдан, бизга тинчлик ва омонлик керак, деб жавоб бериши муқаррар”.

Маълумки, Ўзбекистон ўзининг тинчликпарвар сиёсати билан жаҳон майдонида юксак мавқега эга бўлиб бормоқда. Айнан тинчлик мустақил юртимиз тараққиётининг асоси, барча соҳадаги ўсиш ва ривожланиш пойдеворидир. Осмонимиз мусаффо, тонгларимиз осуда, кўнглимизда ҳаловат, турмушимизда хотиржамлик  бор экан, бунёдкорлик, янгиланиш давом этаверади, айём қувончи, ободлик  дилларга кўчади.

Биз, парламент аъзолари айни кунларда жойларда бўлиб ўтаётган байрам тадбирларида аҳоли, биринчи навбатда, ёшларимизга бугунги фаровон турмушимизнинг, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасидаги туб ўзгаришларнинг моҳияти ҳамда аҳамиятига урғу бермоқдамиз. Бинобарин, ёшлари доно, билимли, кучли ҳамда бахтли,  кексалари эса эҳтиром оғушида яшаётган тинч ва осойишта юртнинг ҳар куни Наврўздир.

Шоҳида АРИПОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn